19:53 / 10.12.2024
32

Тадқиқот: Кунлик қаҳва истеъмоли умрни узайтириб, ҳаёт сифатини яхшилашга ёрдам беради

Тадқиқот: Кунлик қаҳва истеъмоли умрни узайтириб, ҳаёт сифатини яхшилашга ёрдам беради
Фото: Amer Kapetanovic/UNFPA
Сайёрамизнинг 65 ва ундан катта ёшдаги аҳолиси улуши муттасил ортиб бормоқда. Маълум қилинишича, кексалар сони 2022 йилдаги 10 фоиздан 2050 йилга бориб 16 фоизга кўпаяди. Қизиғи шундаки, бу нафақат тиббий хизматларнинг яхшиланиши, балки қаҳва истеъмоли билан ҳам боғлиқ. Португалиянинг Коимбра университети олимлари жамоаси томонидан ўтказилган кенг кўламли тадқиқот шундан далолат бермоқда.

Мутахассислар Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Австралия ҳамда Осиё аҳолиси иштирок этган 85 та тадқиқотни таҳлил қилиб чиқди. Мақсад қаҳванинг соғлиқ ва ўлим кўрсаткичларига таъсирини аниқлаш эди. Натижа шуни кўрсатдики, кунига тахминан 3 финжон тетиклаштирувчи ичимлик истеъмол қилиш умр давомийлигини 1,84 йилга узайтиради. Бундан ташқари, агар қаҳва ҳар куни ичилса, ҳаёт сифати ҳам яхшиланади — одамлар жиддий касалликларга камроқ чалинади.

Нейробиолог Родриго Куня қаҳвани меъёрида истеъмол қилиш ёш улғайган сари секинлашадиган ва “ишдан чиқадиган” биологик механизмларга қарши курашишга ёрдам беришини таъкидлади. Бу механизмлар соғлиқ билан боғлиқ бир қатор потенциал муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Мутахассиснинг таъкидлашича, қаҳва турли ёшдагилар учун турлича фойда келтиради, унинг таркиби ҳам муҳим.

Таҳлил қилинган тадқиқотларнинг кучли томонларидан бири шундаки, уларда жуда кўп — юз минглаб одамлар иштирок этган. Қаҳва “мушак, юрак-қон томир, асаб ва иммун тизими функцияларини” сақлаб қолишда муҳим рол ўйнаши маълум бўлган. Шунинг учун уни истеъмол қилиш юрак ва томирларнинг турли касалликлари, саратон, инсульт, диабет, деменция, қариликда зеҳн хиралашиши, депрессия ва бошқаларга чалиниш частотасини камайтиради.

Олимлар ҳозирча қаҳва истеъмоли билан узоқ умр кўриш ёки ҳаёт сифати ўртасида бевосита сабаб-оқибат боғлиқлигини аниқламаганини таъкидласа-да, олинган натижалар бошқа тадқиқотлар маълумотларига мос келмоқда. Мутахассислар илгари ҳам қаҳва истеъмоли юрак-қон томир касалликлари хавфини пасайтириши, кам ҳаракатли турмуш тарзининг салбий таъсирини камайтириши ва умуман умрни узайтириши мумкинлиги ҳақида хулоса қилишганди. Бу масалада энг муҳими — меъёридан оширмаслик. Европа озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги маълумотларига кўра, кунлик мўътадил кофеин миқдори 400 миллиграмм бўлиб, бу 3-5 финжон қаҳвага тўғри келади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тадқиқот: Кунлик қаҳва истеъмоли умрни узайтириб, ҳаёт сифатини яхшилашга ёрдам беради