Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.
عَنِ مِقْدَامِ بْنِ مَعْدِيكَرِبَ رضي الله عنه ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ” مَا مَلَأ آدَمِيٌّ وِعَاءً شَرًّا مِنْ بَطْنِهِ، بِحَسْبِ ابْنِ آدَمَ أَكَلَاتٌ يُقِمْنَ صُلْبَهُ ، فَإِنْ كَانَ لَا مَحَالَةَ فَثُلُثٌ لِطَعَامِهِ، وَثُلُثٌ لِشَرَابِهِ، وَثُلُثٌ لِنَفَسِهِ ” رَوَاهُ الترمذي و احمد والحاكم.
Миқдом ибн Маьдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган емаклар кифоядир. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Инсон умри давомида қанчадан-қанча идишларни нималар биландир тўлдиради. Булар ичида энг ёмони қориндир. Нима учун? Чунки киши қоринни тўлдириш учун кўп овқат ейиш керак. Бунинг учун кўп вақт ва маблағ сарфланади. Энг ёмони, кўп таом танаввул қилган инсон одатда дангаса бўлиб қолади. Натижада қанчадан-қанча манфаатли ишлар тарк қилинади. Биз зикр қилган манфаатли ишлардан бири – илм талаб қилишликдир.
Кўп таом танаввул қилиш уйқуни чақиради. Кўп ейишлик ҳар хил касалликларни келтириб чиқариши ҳам исботланган. Кўп ухлаб вақтини зое қилган киши, касал бўлганида даволаниш учун маблағ сарфлайди. Кўриниб турибдики, кўп ейишлик ҳам умрга, ҳам маблағга зиён келтиради. Инсон овқат ейишни кўпайтирса, бора-бора бунга одатланади ва ўз-ўзидан бу унинг кундалик машғулотига айланади. Буниси ҳам майли, одатда тўйиб овқатланган инсон кўп вақтини ҳожатхонада ўтказишга мажбур бўлади. Салафи солиҳларимизнинг ҳаётини ўрганар эканмиз, улар овқатланиш борасида ҳам барчамизга етарли даражада намуна бўлганига гувоҳи бўламиз. Шундай зотнинг биридан, «Нима учун ўта кам таом ейсиз?», дея сўралибди. Ул зот «Кўп есам кўп ҳожатхонага боришим керак. Бу кўп вақтим бекор кетишига олиб келади. Умр ўта қисқа, уни зое қилмаслик керак», деган экан.
Салафи солиҳларимиздан яна бири қотган нонни сувга ивитиб ер экан. Ундан нима учун бундай қилиши тўғрисида сўралганида, «Ивитиб есам вақтим камроқ кетади. Қотган ноннинг ўзини чайнаб ейиш кўп вақтимни олади», дея жавоб қайтарган экан.
Мазкур маълумотлар толиби илмлар учун бебаҳо ибратдир. Сабаби, толиби илм кўп овқат ейишга ўрганса, ўзи учун бебаҳо бўлган илмни ҳосил қилишликдан маҳрум бўлади. Инсон ҳадиси шарифда айтилганидек, «Одам боласига қаддини тутадиган емаклар кифоядир»га амал қилса бир умр азиз-у, мукаррам бўлади. Зотан толиби илмда оғир жисмоний меҳнат, чарчоқ ва машаққатлар йўқ. У асосан маънавий, тарбиявий ва руҳий машғулотлар билан шуғулланади. Бунинг учун кишига озгина таом ҳам кифоя қилади.
«Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир»
Тўғри, маънавий машғулотлар ҳам одамни толиқтиради. Мабодо бу толиқиш таомнинг камлигидан бўлса, зарурат учун ҳадиси шарифда айтилганидек, ошқозонни учга тақсимлаш керак. Бу энг тўғри ва фойдали тақсимдир. Агар инсон мазкур қоидага амал қилмаса, қорин бандасига айланиб қолиши мумкин. Натижада кишининг бутун ташвиши, ўй-хаёли қоринни тўлдириш бўлиб қолади. Аслида инсон ейиш учун яшамасдан, яшаш учун ейиш керак.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَجُلاً كَانَ يَأْكُلُ أَكْلاً كَثِيرًا فَأَسْلَمَ فَكَانَ يَأْكُلُ أَكْلاً قَلِيلاً فَذُكِرَ ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ فَقَالَ: إِنَّ الْمُؤْمِنَ يَأْكُلُ فِي مِعًى وَاحِدٍ وَالْكَافِرَ يَأْكُلُ فِي سَبْعَةِ أَمْعَاءٍ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши жуда кўп таом ер эди. Бас, мусулмон бўлди ва оз таом ейдиган бўлиб қолди. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди. Шунда У зот:
«Албатта, мўмин бир ошқозон ила ейди. Кофир эса, етти ошқозон ила ейди», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Бунда икки томоннинг ҳаётдан кўзлаган мақсади муҳим ўрин тутади. Яъни, мўмин яшаш учун ейди, кофир ейиш учун яшайди. Шунинг учун мўминга бир ошқозон, кофирга етти ошқозонга етарли дейилган.
Мўмин-мусулмонлар ўз динига амал қилиб, қоринга қул бўлмай яшаганида дунёнинг пешқадами бўлдилар. Аллоҳ таолонинг динидан узоқлашиб, етти ошқозонга етарли таом ейдиган даражага чиққанларида ишлар тескарисига айланди. Агар мўмин-мусулмонла р қоринга банда бўлишни йиғиштирса ҳамда ислом таълимотларига тўлиқ амал қилишга ўтса аввалгидек пешқадам бўлишлари мумкин. Бу борада аҳли илмлар, толиби илмлар барчага бирдек ўрнак ва намуна бўлиши керак. Зотан, омма халқ доимо ҳар бир ишда миллатнинг пешқадамлари бўлмиш уламоларга эргашади ва тақлид қилади. Шунинг учун ҳам уламолар нафақат ўзларини, балки уларга эргашаётган омма халқнинг ҳам ташвишларини тушуниб етиши ва улар учун ҳам жавобгарлик ҳиссини билишлари керак.
Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби
Манба: Diydoraziz.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Италиянинг Сардиния оролида уйлар 1 евродан сотилмоқда, лекин...
Украина аскари машғулотлардан бир ҳафта ўтиб қандай қилиб асирга тушганини айтиб берди
Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг янги боғида кўчат экди (фото)
Галактикалар тўқнашувидан ҳосил бўлган зарба тўлқинлари Ерда ҳам сезилди