ИНСОН ТАБИАТНИНГ ҲУКМДОРИ ЭМАС
Кўпчилик адабиётшунослар буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовга нисбатан табиат куйчиси деган таърифни қўллашади. Бунга сабаб унинг асарларида инсон ва табиат тақдири бирдек ҳамоҳангликда, бирдек куюнчаклик билан тилга олинишидадир. Айниқса, ўз қадрдон гўшаларидан айрилган ёки овчилар томонидан аёвсиз ўққа тутилган ҳайвонларнинг аянчли тақдири ўзгача маҳорат билан қаламга олинадики, бу ўқувчида уларга нисбатан ачиниш ҳиссини ўйғотади. Инсон табиатнинг ҳукумдори эмас, бу заминда барча жониворларнинг ҳам ҳақи бор, улар ҳам эмин-эркин яшашга ҳақли, деган тугал хулосага ундайди. Шу аснода ёзувчи ўз ўқувчисининг қалбида она табиат, ундаги турфа жониворлар тақдирига эътибор, уларга зиён етказмаслик ҳиссини тарбиялайди.
Қуйида Чингиз Айтматов асарларидаги инсонларнинг ёввойи табиатга муносабати акс этган айрим чизгилар билан танишишингиз мумкин.
Орол денгизининг ёқасида қамиш босган кўллар кўп. Қамишлар орасида эса қўлларида қурол билан беркиниб юрган овчилар бор. Баҳор чоғи Оролга ўрдаклар учиб келишади. Улар қишни илиқ денгизларда ўтказишган, Оролда музлар эриши биланоқ кечани кеча, кундузни кундуз демай орзиқиб учиб келишади, чунки бу ерларни жуда соғиниб қолишган. Ёлғиз учмай, тўп-тўп бўлиб учишади, сувда сузиб, думбалоқ ошиб чўмилгиси келади. Денгиз яқинлашган сайин пастлаб учадилар. Шу пайт қамиш ичидан ялт-юлт ўт аралаш тутун бурқсиб чиқади, тарс-турс отилган милтиқ овозлари эшитилади. Ўқ еган ўрдаклар чинқирган кўйи сувга қулашади. Бошқалари эса чўчиб денгиз ўртасига учиб кетишади. Денгиз ўртасида улар қандай яшашларини, қаерга яширинишларини билмай, тўлқинлар устида чинқириб учиб юришади. Ахир, ўрдаклар қирғоққа яқин яшаб ўрганиб қолишган. Энди қирғоққа яқинлашишга қўрқишади.
“Асрга татигулик кун” романидан
***
О, одамлар, одамлар — одамхудолар! Ўша одамлар ҳам азалдан Мўйинқум сайғоқларини овлаб келадилар. Аввалда улар отларга миниб, устиларига тери ёпиниб, ўқ-ёй отиб келдилар, кейин милтиқ кўтариб варанг-варанг ўқ қўйиб айюҳаннос кўтардилар, у ёқдан-бу ёққа ҳалокунинг итидай от қўйиб чопдилар. Сайғоқлар эса тўда-тўда бўлиб дам у ёққа, дам бу ёққа қочишар, ниҳоят, чексиз саксовулзорлар ичра ғойиб бўлишар эди. Ана, энди уларни топиб кўр-чи! Булар ҳам ўтиб, одамхудолар кейин сайғоқларни машиналарга миниб қира бошлашди. Худди бўрилар каби сайғоқларни аввал ҳолдан тойдириб, сўнг милтиқлари билан қирон солишди. Ундан ҳам ўтиб, одамхудолар вертолётларда учиб келишди, кейин сайғоқларни улар ўтлаб юрган ерлардан топишиб, белгиланган жойларига ҳайдаб, қуршаб олиб келишди, бу пайт ерда, машиналарда пойлаб турган мерганлар тезликни юз-юздан ошириб таъқиб қилишга тушар, вертолётлар эса тепадан уларга йўл ва нишон кўрсатиб турардилар. Машиналар, вертолётлар, тезотар милтиқлар зулмидан Мўйин-қумнинг ҳаёти остин-устун бўлиб кетди. Сайғоқлар учун охирзамон, қиёмат-қойим бошланди.
***
Урғочи бўри Акбара тепадан қулаган тошлар ва қор уюмларидан чўчиб ўзини орқага олди, қоронғи ўнгир сари тисарилди, елкасидаги ёллари тиккайиб, кўзлари ғира-ширада ваҳшиёна ўт сочиб, қандай бало келмасин, унга қарши сапчишга ҳозирланиб турди. Лекин у бекорга хавотирланган эди. Очиқ дашт ёмон. Унда тепангда қувалаётган вертолётдан ҳеч қаерга қочиб қутулолмайсан, у тинмай, орқангдан қолмай, изма-из таъқиб қилиб келаверади, вертолёт парракларининг қасирғаси, автоматдан дўлдай ёғилган ўқларнинг чийиллаши юрагингни азоб ва қўрқинч билан тўлдиради, ёруғ дунёда вертолётдан омонлик йўқ, қочиб қутуладиган, шўрлик бошингни пана қиладиган тешик-туйнук ҳам йўқ — шундай пайтда ер ҳам ёрилмайди, қувиб келаётганлардан жонингни қутқариб, ерга кириб кетаман десанг.
“Қиёмат” романидан
***
Ой ҳам чиқди, мен ҳайдалган ернинг нариги томонида секин жилиб келаётган иккита шарпани сезиб қолдим. Бу кийиклар эди. Қаёққа кетишаётганикин? Эҳтимол, сув ичгани келишаётгандир. Кийиклар ҳайдалган ернинг чеккасига келиб, нефть ва темир ҳиди анқиб турган шудгорга ўтишга журъат этолмай, таққа тўхтаб қолишди. Улар кумуш ранг товланган ой нурида шу бўйича қимир этмай узоқ туришди. Шохлари тарвақайлаб кетгани эркак кийик, яғрини пастроғи урғочи кийик, ойдинда иккаласининг ҳам катта-катта кўзлари ялтираб турарди. Енгил бошларини сергаклик билан юқори кўтариб, бир-бирининг пинжига кириб туришарди. Улар шу тарзда узоқ қотиб турдилар. Кийикларнинг бу туриши: даштликка нима бўлди, эски сўқмоқ йўллар қаёққа йўқолди, қандай куч бу ерларни ағдар-тўнтар қилиб ташладийкин, деяётгандай эди.
Улар ҳайдалган ердан ўтишга журъат этишолмади. Орқага қайтишди, хипча белларида ойнинг кумуш шуъласи хиёл акс этиб турарди.
“Бўтакўз” қиссасидан
***
Иссиқкўл ўрмонларида буғуларга қирғин келди. Уларга шафқатсиз бўлишди. Буғулар қадам етмаган жойларга қочди, лекин у ерда ҳам қўйишмади. Овчилар тозиларни қўйиб пистирма томон ҳайдашар, ўзлари эса пистирмаларда беркиниб ётиб, яқинлашган буғуларни бехато отиб олишарди. Буғиларни тўда-тўдаси билан қиришди. Шох бутоқлари энг кўп бўлган буғуни ким отарга гаров боғлашарди.
Буғулар ғойиб бўлди. Тоғларни тарк этди. На тунда, на тонгда буғу овози эшитиларди. На ўрмонда, на яйловда унинг қандай ирғишлаб, қандай сапчишларини, шохларини елкаси устига ташлаб, парвоздаги қушдай жарликлардан қандай сакраб ўтишларини энди ҳеч ким кўрмасди. Бутун умри бўйи буғу нима эканлигини кўрмаган янги инсонлар туғилди. Фақат у ҳақидаги эртакларни эшитиб, қабрлар устидаги шохларни кўришди, холос.
“Оқ кема” қиссасидан
***
У эркин эди. Бирдан қил сиртмоқ унинг бошидан сирғалиб тушиб, бўйнида осилиб қолди. Сиртмоқ уни қўрқитиб юбормагунча, Гулсари нима гаплигини тушунмасдан туз ялашда давом этаверди. Бошқа отлар бўйинларига укрук ташланганида ўзларини ҳар ёққа ташлардилар, оёқларини кўтариб сапчирдилар, Гулсари бўлса қимир этмади. Лекин дарёга чопиб бориб сув ичгиси келиб қолди. Бўйнидаги сиртмоқ эса тортилиб, уни тўхтатиб қўйди. Бунақаси сира бўлмаганди. Гулсари сапчиб ўзини орқага ташлади, кўзлари ола-кула бўлиб хириллай бошлади, сўнг шиддат билан олд оёқларини осмонга тикка кўтарди. Атрофдаги отлар бирпасда тумтарақай қочиб кетишди, шунда у ўзини қил арқонда ушлаб турган одамлар ўртасида кўрди.
… Ўтов ортида эса тун қоронғилигида бепоён чўл, кўз илғамас чўл ястаниб ётарди.
Шу пайтда Гулсари отхонада тўс-тўполон қилаётган, отбоқарларга уйқу бермаётган эди. У отхонага — отлар қамоқхонасига биринчи тушиши эди.
“Алвидо, Гулсари” қиссасидан
***
Бу чексиз бўшлиққа фақат бургутларгина ҳукмрон эди. Улар бу ҳокимликка монанд ҳаракат қилгандай вазмин ва осойишта учишарди. Тоғу тошлар ҳам, қорлар ҳам, дарёлар ҳам унинг кенг қаноти остига жо бўлган. Улар Ер юзида бўлаётган жамики нарсаларни, ҳатто майда заррачаларга қадар равшан кўриб турадилар.
Мана, тоғ оралиғида аллақандай қўғирчоқ катталигидаги махлуқ пайдо бўлди.
“…Одам! Қара, одам-ку!” – қағиллаб товуш берди бургутлардан бири. “Кўряпман, бу одам!” қисқагина жавоб қилди иккинчиси.
“Байдамтол соҳилларида” ҳикоясидан
***
Қушлар куз келишини ҳам кутмасдан бу ўлкаларни биринчи бўлиб тарк эта бошладилар. Улар жазирама ёзнинг авж палласида гала-гала бўлиб ёки алоҳида-алоҳида, кечаси ҳам, кундузи ҳам учиб кетаётгандилар, ҳали бола очиб чиқмаган тухумларини ҳам ташлаб борардилар, қотиб улгурмаган бўйинларини зўрға чўзиб ёлвораётган, чумдукдан овқатланадиган полапонларига ҳам қарамай учиб кетаётган эдилар. Ҳаммадан кейин ҳатто ботқоқлик уккилари ҳам гумдон бўлишди, тунлари уларнинг қув-қувлаши эшитилмай қолди…
Жониворлар тум-тарақай бўлди…
“Ҳаёт-мамот” ҳикоясидан
***
Кечиринглар, ўтар қушлар! Бўлиб ўтган ваҳшийлик учун кечиринглар, бўлажак ваҳшийликлар учун кечиринглар.
… Қушлар, кетинг бу ердан, бу мудҳиш жойдан узоқ-узоқларга учиб кетинг.
“Ўтар қуш ноласи” ҳикоясидан
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?