23:20 / 24.08.2017
7 701

Тадқиқот: киришимли кишилар одамовилардан кўра узоқроқ яшайди

Тадқиқот: киришимли кишилар одамовилардан кўра узоқроқ яшайди
Ёлғизлик ортиқча вазндан кўра кўпроқ одамларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмишларига сабаб бўлади, дея огоҳлантирмоқда америкалик олимлар. Sof.uz​ нашри хабар беришича, янги тадқиқотлар танҳолик инсон саломатлиги учун энг катта хавф бўлиши мумкинлигидан дарак берган.

Бригам Янг университети олимлари қарийб 4 миллион кишида ёлғизлик ва ташқи дунёдан ажралиб яшашининг саломатликка таъсирига доир 218 та тадқиқотни ўрганиб чиқишган. Маълум бўлишича, одамови ва атрофдагилари билан кам алоқага киришадиган одамларда эрта ўлим кўрсаткичи жамият аъзолари билан кўп алоқа қиладиган кишиларга қараганда 50 фоизга кўпроқ экан.

Таққослаш учун, семизликка мубтало бўлган инсонларда 70 ёшдан олдин вафот этиш хавфи 30 фоизни ташкил қилган. Университетинг психология бўйича профессори, доктор Жулианна Ҳолт-Лунстаднинг айтишича, кишилар нафақага чиққунга қадар нафақат молиявий томондан, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам тайёргарлик кўришлари керак.

Боиси, аксарият одамларда ҳамкасблар энг кўп мулоқотга киришиладиган шахслар ҳисобланади. Жамиятдагилар билан фаол алоқага киришиш инсон саломатлиги учун энг муҳим ва зарурий воситалардан бири, деб ҳисоблайди олим. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ташқи дунёдан ажратилган ҳолда парвариш қилинган чақалоқлар ривожланмай қолишади ва кўпинча ҳаётдан эрта кўз юмишади.

“Ижтимоий изоляция ва ёлғизликда сақлаш (қамоқ) бежизга жазо тури сифатида қўлланилмас экан”, – деб хулоса қилади америкалик олим.

Британиядаги Ёрк университети ўтказган тадқиқот эса одамови ва танҳоликка мойил кишиларда юрак хуружи ва мияга қон қуйилиши хавфи киришимли кишиларга нисбатан 30 фоизга ортиқ бўлишини аниқлаган. Ҳар иккала хасталик энг кўп ўлимга сабаб бўлувчи воситалар ҳисобланади.

Аммо олимлар ҳозирча бунинг сабабини аниқлашга муваффақ бўла олишмаяпти. Ўтган йили Ҳарвард университети олимлари ўтказган тадқиқотга кўра, жамият аъзолари билан алоқага кам киришиш инфаркт ва инсультнинг асосий сабаби бўлган қонни қуюлтирувчи протеин миқдорини орттиради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тадқиқот: киришимли кишилар одамовилардан кўра узоқроқ яшайди