Шерали қизчасини айвонда эркалаб ўтирган Бувсарага ер остидан боқаркан, юраги ҳаприқиб-ҳаприқиб кетар, шайтон уни кеннойиси томон чорлаб, қучишга, эркалашга ундарди.
— Нималар бўляпти ўзи? — ўз уйи, ичкарида супур-сидир қилиш билан банд хотини Мадинага ўғринча кўз ташлаб ўйларди у. — Акамнинг хотинини яхши кўрсам, ўз жуфти ҳалолим билан овунгим келмаса, унга эътиборсизлик қилаётган бўлсам!.. Ахир, акам яқинда мардикордан келади! Яна унинг кўзларига қарай олмай азоб чекаман! Яна қизчамни суйиб-эркалаётганини кўриб кўнглим эзилади!.. Йўқ, нега энди? Ахир, мен акамнинг бир умр тирноқсиз ўтиб кетишини истамадим! Виждонимни сотиб бўлса-да, унга қизча ҳадя этдим. Бунинг нимаси ёмон. Фақат… Хотинининг бағрига кирганимда, Бувсаранинг лабларидан бўсалар олганимда… Эҳ, дунё ҳам шунчалар тор бўладими?.. Одам шу қадар ожиз бўладими?..
— Вой, амакиси, қаранг, биз нималар олдик дўкондан?!. — Бувсара мийиғида сирли кулиш қилиб энди-энди тетапоя бўла бошлаган қизчаси Дилнозани қўлидан етаклаб Шералининг қаршисида тўхтади. — Қани, амакимизга нима деймиз?..
Шерали баттар эзилиб қизчани қўлига олди ва юзларидан ўпиб маҳкам бағрига босди.
— Оҳ, қизалоғим, — биров эшитиб қолмаслиги учун оҳиста шивирларди у. — Сени ҳар куни, ҳар сонияда соғинавераман. Ана, ҳадемай, даданг келади. Ундан кейин сени бунчалар бағримга босиш қаёқда дейсан?!.
— Бугун кечқурун кирасизми? — аста сўради Бувсара.
— Қаерга?.. — Шерали худди ҳеч нарсадан бехабардек кеннойисига ҳайрат аралаш тикилиб қаради.
— Қаерга бўларди? Бизникига-да!..
— Ҳа-я… Шароитга қарайман, Бувсара! — деди Шерали ўз уйи тарафга ишора қилиб.
— Вой, намунча ўша хотинчангиздан қўрқмасангиз? Ухлагандан кейин секин бир соат, ярим соатга чиқиб кетсангиз бўлади-ку!.. Ахир, сизни соғинганман!..
— Акамдан… Акамдан хавотирдаман, Бувсара!.. Туйқусдан кеп қолса…
— Келмайди… Бунчалик ҳам қуёнюрак бўлманг…
— Бўпти, кеч тушаверсин-чи, кўрармиз!..
* * *
Қишлоққа тун чўкди. Шерали қорни анча билиниб қолган Мадинага кўчага чиқиб улфатлари билан бирпас ўтириб келишни баҳона қилди-ю, томорқа томонга ўтди. Буёқдан акасининг уйига кириб олиш ўнғай эди. Деразасининг биттаси томорқага қараган, Бувсара шу деразани очиб қўйишига ишонарди…
Очиқ экан. Эҳтиёт шарт тўрт томонни кўздан кечириб олди-да, дераза ошиб чироқлари ўчириб қўйилган хонага тушди.
Бувсара қизчасини аллақачон ухлатиб, кўрпага оёқларини ўраганча Шералини кутиб ўтирарди.
— Оҳ, ўзимнинг қайсаргинам! — Шерали ўринга чўккан заҳоти аёл унинг пинжига кирди. — Уйланганингиздан бери кўп кутдирадиган бўлиб қолдингиз-а?.. Мени умуман ўйламай қўйгансиз.
— Ахир, тушунсанг-чи, — шивирлади Шерали. — Бирёқда акам, бир ёқда Мадина… Уям майли, акамдан хавотирдаман. Ҳар кўришганимда худди менга ола қараётгандай бўлаверади. Билиб қолмадимикан деб ичимдан зил кетавераман.
— Билмайди. — деди қатъий оҳангда Бувсара. — Билганда нима?.. Мен… Сизни севиб қолганман.
— Аҳмоқлик қилма. Мен азбаройи акамнинг келажаги учун, тирноққа зор бўлиб ўтмаслиги учун шундай қилганман.
— Нима, севмайсизми мени? — ўпкаланганнамо Шералига тикилди Бувсара. — Айтинг, заррачаям ёқтирмайсизми?..
Аёлдаги ёқимли ва неча йиллардан бери қадрдон бўлиб қолган ис Шералини ёлғон гапиришга қўймасди. У инон-ихтиёрсиз аёлга талпинди…
— Жиннивой, сени севмай бўларканми?.. Жонимдан ортиқ севаман…
— Хотинчангиз ўғил туғармишми? — сўради Бувсара уни ўзидан итариб.
— Сенга буни ким айтди?
— Бугун кундузи ўзи айтиб қолди. Текширтирганмиш. «УЗИ»дагилар ўғил дейишганмиш.
— Ўғил бўлса ўғилдир-да!..
— Йўқ, ўғилни сиз менга ваъда қилгансиз. Нега энди у туғиши керак?
— Жинни бўпсан. Ахир, у хотиним!
— Менам хотинингизман. Мана, қучоғингизда ётибман. Демак, менам жисман сизникиман…
— Бўпти, — аёлни тинчлантирган бўлди Шерали. — Сенам бир ўғил туғасан. Ваъда бераман!..
— Менга қаранг, Шерали, — Бувсара кутилмаганда эндигина кетмоқчи бўлган Шералининг елкасидан ушлаб ўзига қаратди.
— Нима дейсан?..
— Мунча ёқаларингиз кир бўп кетибди?.. Қаранг, доғларни! Хотинчангиз қарамаяптими сизга?..
— Ўзим билмай кирлаган кўйлакни кийиб олибман шекилли. — ўзини оқлади Шерали. — Ҳозир кириб алмаштириб оламан.
— Тўғрисини айтсам, ўша Мадинани анчадан бери кузатиб юрибман. Жудаям фаросатсиз экан. Ишонасизми, овқат қиляпти-ю, чала ювилган капгирни қозонга тиқяпти. Аёл дегани сал озода бўлса-да!..
Шерали индамади. У сезиб турарди. Бувсара атайин уни Мадинадан совитиш учун шу гапларни гапиряпти.
Бироқ… Негадир алам қилди… Эркак бўлиб хотини тўғрисида бу тахлит гапларни эшитиш унга оғир ботди. Билмайди… Негадир юраги ғаш тортиб Бувсара билан совуққина хайрлашди-ю, уйига йўл олди…
* * *
Ичкарига кириб борганда, Мадина каравотда ўтирганча қандайдир китобни варақлаш билан банд эди. Остонада пайдо бўлган эрини кўриб даст ўрнидан турди.
— Овқат ейсизми? — оҳиста сўради у Шералидан.
Шерали унга ер остидан ўқрайиб қараб олди-да, хотинига ўшқирди.
— Овқат берадиган одам аллақачон дастурхон тузаб қўйиши керакмасмиди?..
Мадина бундай муомалани кутмаган эканми, бирдан қовоқлари уйилиб ортга тисланди.
— Сизнинг қачон келишингизни билмадим-да!.. — деди эшитилар- эшитилмас.
— Ишқилиб, овқат қилаётиб тоза капгир ишлатганмисан? — ҳамон сўз оҳангини ўзгартирмай сўради Шерали.
Мадина ялт этиб унга боқди.
— Бирор марта ювиқсиз капгирда овқат қилганимни кўрганмидингиз?
— Кўрганман. Шунинг учун ҳам сўрадим. Қара, уйнинг аҳволини!.. Манави чангларни кўр!.. Шуниям келинли уй деб атайдиларми?..
Шерали йўқ жойдан баҳона қидириб бақирар, қўрқиб кетган Мадина зир югуриб шом маҳали тозалаб қўйган жойларни қайтадан супур-сидир қилар, ҳовлининг бир четида эса, Бувсара бу жанжалга мириқиб қулоқ тутарди…
* * *
Орадан уч-тўрт кун ўтиб акаси Шомирза мардикордан қайтиб келди. У эрта тонгда кириб келганда, Шерали эндигина уйқудан уйғониб ҳовлида юз-қўлларини чаяётганди. Акасининг овозини эшитиб даст ўрнидан турди.
Шомирза олдига қоқила-қоқила чопқиллаб келган Дилнозани даст кўтариб олди-да, эркалаб ўпа бошлади…
Бу Шерали учун нақ даҳшатнинг ўзи эди.
Ҳар гал акаси қизчани қўлига олганда юраги орқага тортиб, кўзлари чақнайверади. Бир томондан «билиб қолмасин-да», деган ваҳимали ўй миясини кемира бошласа, иккинчи томондан ўз пушти камаридан бўлган боласини у эмас, акаси эркалаётгани алам қилиб қўярди. Бироқ тез ўзини қўлга оларди. Билардики, у қизчани айнан акаси учун ҳадя қилган. Мана шу нарса Шералига таскин берар ва Шомирза билан аввалгидек муносабат юрита бошларди.
— Келмайсанми? — турган еридан бақирди Шомирза. — Нега қотиб қолдинг?.. Ё танимаяпсанми-а?
— Йўғ-э, — Шерали мажбуран кулимсираб қўлидаги сочиқни дорга илди-да, акасига пешвоз чиқди. — Ота-бола кўришаётганларингни томоша қилаётгандим-да!
— Кел, укажон, сениям бағримга босай! — Шомирза қучоғини очди. — Мен йўғимда кеннойиларингдан кўз қулоқ бўлиб турасан, ахир! Йўқлигимни билдирмайсан!.. Яхшиям сен бор экансан пешонамда!..
Шерали бу гапни эшитди-ю, ғалати бўлиб кетди. Хаёлида худди акаси ҳамма гапдан хабар топган-у, атайин киноя қилаётгандек туюлиб кетди…
— Раҳмат, ака! — дея олди зўрға. — Яхши бориб келдингизми, ишқилиб?
— Зўр бўлди иш! — мақтанганнамо кўкрак кериб қўйди Шомирза. — Инсофли одамларга тушиб қолдим. Ишлаган ҳақимга қўшиб ҳам беришди.
— Хайрият… Энди… Кетмайсизми?..
— Ҳозирча йўқ. — деди Шомирза. — Уйларни сал тартибга келтирмасам бўлмайди…
Бувсара деразадан ака-уканинг суҳбатини эшитиб турарди. Эрининг кетмаслигидан хабар топгач, зарда билан деразани ёпди-да, ичкарига ўзини урди.
Чунки, у шу кеча Шерали билан учрашишни режалаштириб қўйганди…
* * *
— Бечора акам, — ўйларди Шерали орадан уч кун ўтиб яна Бувсара билан пахта экиладиган майдонда учрашиб қайтаркан. — Менинг аблаҳлигимдан, хиёнаткорлигимдан, сотқинлигимдан бехабар у. Мен бўлсам, бемалол бу ёруғ дунёда мана шу ҳаводан нафас олиб бемалол юрибман. Ахир, нега шундай қиляпман? Икки ўт орасида қолиб кетдим-ку! Бувсара қучоғимга кирса, ёғдай эриб кетаман, ҳамма нарсани унутаман. Шу аёлга борлиғимни ҳадя этгим келаверади. Акам билан юзма-юз келганимда эса, виждон азобида ўртана бошлайман. Нима ўзи бу?.. Нимага бошида ўйламадим? Акам фарзандли бўлсин деб оғир гуноҳга ботдим-ку! Бу гуноҳларимни Худо кечирармикан? Йўқ, кечирмайди. Мана, бугун ҳам акам уйда ухлаяпти. Мен бўлсам, унинг тан маҳрами билан айш қилиб уйга қайтмоқдаман…
Шерали уйга яқин келганда бирдан тўхтади. Орқасидан шиппагини судраганча келаётган Бувсаранинг яқинлашишини кутди.
— Нега тўхтаб қолдингиз? — яқин келиб сўради Бувсара. — Бирор гап бўлдими?
— Менга қара, илтимос, энди учрашмайлик! — деди Шерали ерга боқиб.
— Нега? Нега ундай деяпсиз? Жонингизга тегдимми?..
— Йўқ, асло ундай эмас. Акамнинг олдида бош кўтариб юролмас бўлдим. Тушунсанг-чи!..
— Биламан. — оҳиста шивирлади Бувсара. — Баъзида ўзим ҳам у кишининг кўзларига тик қараб гапира олмайдиган бўлиб қолганман. Аммо… Не қилайки, сиз кўз олдимдан кетмайсиз. Сиз… Сиз… Бошқачасиз… Йўқ, буни тушунтириб бера олмайман… Қўйинг, бўлар иш бўлган. Мана, Дилнозаниям сиздан туғдим-ку, ахир!.. Энди ҳаммасини орқага қайтаришнинг иложи йўқ.
— Иложи бор. — Шерали Бувсарани елкасидан тутиб ўзига қаратди. — Сенам ўзингни қўлга ол. Менам ўзимни тутиб олишга ҳаракат қиламан. Қўй, акамнинг юзига ортиқ оёқ қўймайлик. Яхши эмас…
Бувсара ҳеч нарса демади… Беихтиёр кўзларига ёш келиб унсиз пиқиллаганча уйига кириб кетди…
* * *
— Йўқ, у хотинчаси туфайли мендан кечмоқчи! — ўйларди Бувсара кўрпага бурканиб олганча унсиз йиғлаб. — Ўғил туғиб бермоқчи-да у!.. Энди бу кишимнинг кўзларига Дилноза кўринмай қолган!.. Илоё қорнинг ёрилиб ўлгур мегажин!.. Ваъдалари-чи? У қиламан, бу қиламан деб бош-кўзимни айлантирганди!.. Тўхтаб тур ҳали сен қанжиқ, кунингни кўрсатаман! Шералини осонликча сенга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ!..
Кўр-кўрона рашк Бувсарани буткул ақдан оздиргандек эди. У туни билан ухламасдан, овсинидан қандай ўч олиш йўлларини қидирди. Охири топди.
Бу йўл Шерали учун ҳам, ўзи учун ҳам жуда қулай ва фойдалидек туюлаверди…
Эрта тонгда турди-ю, ўзи таниган, ишонган дугонасиникига йўл олди. Унда дорининг туридан бўларди…
Турли баҳоналар билан дугонасидан дори ҳам ундирди.
* * *
Икки маҳалла наридаги ўша аёлникига бориб келиши учун кўп вақт кетмади. Ё тез юрдими, бир соатга ҳам етмай, ҳовлисига кириб келди.
Бу ишда эҳтиёткорлик зарурлигини жуда яхши биларди. Эҳтиёт шарт, аввал Шералининг уйи тарафга, сўнгра эри ва қизчаси ётган хонага кўз ташлади. Жимлик. Беихтиёр юраги ғаш тортиб бирпас туриб қолди.
— Ўзи бунақа ишга қўл уриб кўрмаган одамнинг юрагиям безовталанса керак-да! — ўйлади у уф тортиб. — Илоё жувонмарг бўлиб кетсин ёмон одамлар!..
Шундан сўнг югуриб ошхонага кирди-да, дераза токчасида турган косага дорини солиб қўйди.
Ҳа, шундай қилгани маъқул. Агар ичкарироққа беркитса, Худо кўрсатмасин эсидан чиқиб қолса, нима бўлади? Бунақаси кам бўлганмиди…
— Бетингдан бузилгур қора мушук! — ўзича ғудраниб ташқарига йўл олди Бувсара. — Атайин куйиб ўлсин дейдими, қорнини қаппайтириб уёғимдан ўтади, буёғимдан ўтади!.. Гўрингда чиритмасам тинчимайман, қанжиқ, тинчимайман!..
* * *
Орадан уч соатча вақт ўтиб кун тиккага келди. Шомирза укасини олиб аллақачон шаҳарга майда-чуйда харид қилиш учун чиқиб кетган, Дилнозани эса, ошхонага олиб кириб олдига ўйинчоқлар уйиб қўйганди.
— Вақт етди! — кўнглидан ўтказди Бувсара. — Қорнинг ёрилгур ҳам уйғонибди. Яна ўзини кўз-кўз қилиб ҳовли айланиб қолди. Мен дарров чой дамлай-да, чақирай яшшамагурни!..
У ошхонага узоқдан бир кўз ташлаган бўлди-да, тандирхонага кириб ўчоққа ўт қалади ва човгум қайнаб чиқишини кута бошлади.
Шу орада ярим соатча хаёл суриб ўтириб қолди. Бир маҳал қулоғига қизчасининг қур-қур йўталиб йиғлаётгани чалинди-ю, шартта ўрнидан туриб ошхонага чопди…
Кириб келганда… Не кўз билан кўрсинки, Дилноза полда ётган кўйи нуқул типирчилар, чўзиб-чўзиб йўталар, йўтал орасида тинимсиз ўқчирди…
— Вой, сенга нима бўлди, болам? — Бувсара жонҳолатда қизига ёпишди. — Нима бўлди сенга?.. Вой, болам, кўзингни оч!.. Кўзингни очсанг-чи, болажоним!..
Дилноза яна бир-икки ўқчиб йўталди-да, жим бўлди…
— Ҳой, ким бор?.. Ёрдам беринглар! Болам ўлиб қолади, ёрдам беринглар!..
Бувсара бақир-чақир қилиш асносида нимадир эсига тушгандек, шошиб дераза токчасига қаради.
Косада дори йўқ эди…
Юраги ёрилгудек бўлиб қизининг қўлчаларини пайпаслади.
Қизалоқ дори ўралган қоғозни кафтлари орасида маҳкам чангаллаб ётарди…
Афсуски, Дилнозани врачлар ҳам сақлаб қола олишмади.
Заҳар гўдакнинг ичакларигача куйдириб ташлаган экан…
Қизчани эртаси куни эрталаб қабрга қўйишди.
Сайёра НУРИДДИНОВА
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Чарлз III нинг тож кийиши британияликларга 90 млн долларга тушгани маълум бўлди
Россия Буюк Британия дипломатига қарши кескин чора қўллади
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланмоқда
Украина элчиси: “Россия армияси Одесса ва Николаевни босиб олишига Туркия тўсқинлик қилган”
Буюк ишлар 50 ёшдан кейин...