22:14 / 25.11.2017
6 929

Куёв керак эмасми...? (ҳажвия)

Куёв керак эмасми...? (ҳажвия)
Бозорнинг нимаси яхши? Истаган нарсани сотишингиз мумкин. «Яхши олма! Еб қўймасангиз баҳоргача туради», деб мақтовини келтирсангиз, бас. Ёки «Зўр ошқовоқ. Қайнатиб, димлаб, қовуриб есангиз сарғайиб, сарғайтириб юраверасиз!» дея овозга зўр берсангиз чириган молингизни ҳам сотиб юборасиз. «Эшакларнинг эшаги! Гўшти одамлар учун ҳаром, кабобпазлар учун топ-тоза. Келиб қолинг, миниб қолинг!» деган гапларни қилсангиз, эшакка қўшиб ўзингизни ҳам сотиб олишлари шубҳасиз.

Хуллас, олмадай пишиб, ошқовоқдай етилиб, эшакдай ишлаш учун йўлланма билан туманга келдим. Катталарнинг кичик йиғилишидан кейин бошланган кичикларнинг катта йиғилишининг олтинчи соатида менинг масаламга навбат келди. Аниқроғи, бозорим бошланди. Xаридорларим ҳам унчамунча одамлар эмас, хўжалик раислари, корхона, ташкилотларнинг раҳбарлари.
— Туманимизга йўлланма билан ёш мутахассис ишга юборилган, — ҳоким ўринбосари гап бошлади. — Касби —буғолтир. Ким ишга олади?

Пинакка кетган, шеригига астойдил тушини айтиб бераётган харидор акаларим нима деяпсан деб қараб ҳам қўйишмади.
— Имтиёзли диплом билан тамомлаган! — ўринбосар нархимни бироз оширди.

Натижа ёмон бўлмади — битта раҳбар акам юракдан чиқариб, роса чўзиб эснаб қўйди.
— Наҳотки, бутун бошли туманда сўққабош бир йигитга иш топилмаса! — савдоси юрмаганидан «даллол»имнинг жаҳли чиқди. — Уйланмаган!

Ана шу охирги сўз мақтовимнинг энг юқори чўққиси бўлди. Ухлаб ўтирганлар сергакланди, гаплашаётганлар бир-бирларига маъноли қарашди. Аммо бирортаси, мен ишга оламан, демади.
— Ўйлаб кўринглар, — деди ўринбосар ҳафсаласи пир бўлиб, — укамиз меҳмонхонада турибди.

Тарвузим қўлтиғимдан тушиб меҳмонхонага қайтдим. Мени ишга жўнатганларни роса ярим соат «дуо» қилдим. Бир пайт эшигим тақиллаб қолди.
— Кираверинг, эшик очиқ! — дедим ётган жойимда.
— Ассаламу алайкум, Нусратуллажон ока! — эшикдан олдин шу товуш, ортидан эллик ёшлардаги, тепакал эгаси кирди. — Безовта қилмадимми? Ётаверинг-ла, ётаверинг-ла, ўзим-ла.

Бунақа мулойим сўзни умримда эшитмагандим. Уни устига бармоқларини айтинг, сўрашарканман қўлим ипакка теккандай бўлди.
— Қўчқор акам-ла жўнатганди-ла, иш бор экан, бораркансиз-а, — давом этди Мулойим акам.

Ундан олдин эшикка йўрғалабман: чемоданимни Мулойим акам ортимдан олиб чиқди. Қўчқор ака машина жўнатган экан, зумда хўжаликка ҳам етиб бордик.
— Ҳозир, Нусратилложон ока! — деб Мулойим акам мени юзига доғ тушган котиба қиз билан ёлғиз қолдириб, ичкарига кириб кетди. Котиба қиз менга бошдан-оёқ разм солиб, кулиб қўйди. Менам кулиб қўйдим, негадир.
— Кираркансиз-а, Нусратилложон ока! — Мулойим акам ичкаридан чиқиб, қўли кўксида залворли эшикка имо қилди.

Ичкарига кирдиму қовуннинг хушбўй ҳиди димоғимга урилди. Дарҳақиқат, бўйни билан боши битта бўлиб кетган паҳлавон стол юқорисида қовун еб ўтирарди.
— Ассалому алайкум.

Саломимга жавобан паҳлавон қўлида қовун билан ёнидаги стулга ишора қилди. Ўтирдим. Юракдан чиқариб гаплаша кетдик, қовун еб ўтириб. Акам ўзи хўжаликда иш йўқлиги, мени акалик қилиб ишга олаётганини қистириб ўтди. Ҳозирча буғолтир ёрдамчиси сифатида ишлаб, меҳмонхонада яшаб турарканман. Агар келишиб ишлаб кецак, уй-жойга ер беришини, иморат қурилишида ҳам ёрдамини аямаслигини таъкидлади. Бир қўлимда қовун, иккинчиси кўксимда, таъзим қилдим.

Меҳмонхона сўлим боғнинг ўртасида экан. Орқасидан анҳор оқиб ўтаркан. Олдида балиқ тўла ҳовуз, ёнида сауна. Жаннат! Мулойим акам билан у ерга кириб борганимизда, котиба қиз айвонни супураётган экан.
— Латофатхон, сиз-а қўшни олиб келяпман, — Мулойим акам унга сўз қотди.
— Жуда яхши-да, — Латофатхон менга қиё боқиб, яна кулди.
— Энди, Нусратилло ока, сиз жойлашиб турингиз-а, —Мулойим акам менга юзланди. — Нима камчилик бўлса менга айтаверасиз-а. Бир жойга ўтиб, тезда қайтаман.

Латофатхонни энди гапга солиб, танишиб тургандим, оппоқ «Волга» келиб қолди. Орқа эшигидан кичкина бошли, калта оёқ-қўлли, аммо катта қорни бор бир одамча тушиб келди. Негадир Латофатхон супургисини четга зарда билан отиб, ичкарига кириб кетди.
— Энди бунақа эмас-да, ука! — гап бошлади одамча мен томонга юмалаб келаркан. — Ишга келган одамни излаб юрарканмиз-да! Йиғилишдан чиқиб шундай меҳмонхонага кирсам йўқсиз-да. Йиғиштирининг, бизда ишлайсиз. Кейин бунақа меҳмонхоналарда ҳам турмайсиз: ёш мутахассислар учун уйлар қуриб қўйганмиз. Кетдик.
— Нусратилло ҳеч қаёққа кетмайди, — ортимдан Қўчқор аканинг овози эшитилди. Қайрилиб қарасам ўзлари. — У бугундан эътиборан иш бошлади, буйруқни чиқариб келяпман, мени рухсатимсиз бу ердан бир қадам ҳам жилмайди.

— Оқсоқол, шу болага меҳрим тушиб қолди, менга беринг, — деди одамча ялинганннамо.
— Нега меҳринг тушганини биламан. Ахир бизниям ўйлагин-да, ҳатто набиралар ҳам уйланадиган бўлиб қолди, — деди кескин Қўчқор ака.

Одамча Қўчқор аканинг билагидан тутиб четга бошлаб, шивирлай кетди:
— Оқсоқол, бу ёғи яқин, олти ойлик бўлиб қолди…
— Олти ойлик бўлгунча ҳам юраверасанми?! — акам баттар ўдағайлади.
— Улар йўлак бўйлаб нари кетишди. Қаердандир Мулойим ака пайдо бўлиб қолди.
— Яхши жойлашиб олдингиза-ми, Нусратилложон ока? Окамларни орқаларидан юраверамиз, бир пиёла чой ичгани, — дея у раислар кетган томонга ишора қилди.

Икковимиз гаплашиб йўлга тушдик. Мулойим акам хўжалик мудири бўлиб ишларкан-ла. Бу ерга қуруқ бўйи билан ишга келган экан. Қўчқор акалари билан ишлашиб, кам бўлмабди: ўзлари бош бўлиб уйлашибди, уй-жой қилиб беришибди. Мана хозир ҳам қўллашар экан-ла.

Биз етиб борганда раислар тўкин дастурхон атрофида ўтиришарди. Бир битимга келишишганми, кайфиятлар яхши. Ўз-ўзидан биринчи қадах мени мана шу ерда униб-ўсиб, палак ёзиб, хомаклаб кетаверишим учун ичилди. Иккинчи қадаҳ «Янги ходим қутлуғ бўлсин»га келган акамларнинг соғлиқлари учун кўтарилди. Аммо жуда дилкаш инсонлар экан-да улар. Бири сигаретимга олов тутар экан:
— Бу ерларда нима қилиб юрибсиз, мен билан юринг, ҳамма пул ҳозир солиқда, — деди оҳиста.

Иккинчиси:
— Молиёда пичоғингиз ҳамиша мой устида бўлади, бирга ишлайлик, — деди меҳрибонлик ила закуска тутиб.

Учинчи акам гапнинг дангалини айтиб қўяқолди:
— Уларники қари, ҳамма зўр нарсалар савдодалигини биласиз-ку!
— Ҳаммаларинг билан бирга ишлайман! — демоқчи бўламан, бироқ Қўчқор ака, «Ҳеч кимга бермайман сени, Нусратилло!» деган қўшиқни айтиб, гапиртиргани қўймайди.

Шу пайт яна бир оппоқ машина келиб тўхтади.
— Ҳоким! Ҳоким! — дейишиб акаларим қўл қовуштиришиб, сафга чизилишди.
— Янги ишга келган ходим шу ердами? — машина ойнасидан овоз эшитилди. — Вилоятдаги йиғилишдан келибоқ янги ходимни сўради ҳоким бува. Машинага чиқар эканлар, ўзларига ёрдамчи қилиб ишга олар эканлар.

Акаларимдан бири четга зарда билан туфлади. Иккинчиси нимадир деб ғудиллади. Учинчиси баралла:
— Ёш кадрлар умуман ҳокимликдан ортмайди. Биз юраверамиз бошимиз ташвишдан чиқармай!
— Илтифотларинг учун раҳмат. Ҳаммаларингни яхши кўраман! — дея акаларим билан ўпишиб хайрлашмоқчи эдим, улар юзларини четга буришди.

Ана шунақа гаплар. Тешик узук кўчада ётмайди. Аммо уни тақадиган бизга ўхшаган йигитлар ҳам керак. Нима дедингиз?

Манба: Fayzbog.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Куёв керак эмасми...? (ҳажвия)