12:00 / 02.12.2017
15 891

"Эрим бепушт экан..."

"Эрим бепушт экан..."
Кўзларида ёш, чеҳрасига ғам кўланкаси соя солиб, бошини кўтаргулик ҳолатида эмас. «Опажон менга ёрдам берасизми? Илтимос, бирор йўлини кўрсатинг, - деганча қаршимда кўз ёшларини оқизаётган келинчакка саволчан тикиламан.

— Ҳозир жуда қийин вазиятдаман. Дардларимни ҳатто мен учун энг яқин инсон бўлган онамга ҳам айтолмайман. Олдингизга маслаҳат сўраб келдим. Биз турмуш ўртоғим билан талабалик пайтида танишиб, аҳду паймон қилгандик. Муносабатларимиздан ота-оналаримиз ҳам бохабар эди. Муҳаббатдан сархушу маст бўлиб юрган кезларимизда, икки томон тўй тараддудига тушишди. Орзу-ҳавасли, тўйдан кейин қайнонамнинг эрка келини бўлиб ўқишимга бориб-келиб юравердим. Қайнонам инжиқлик қилмас, қайтанга ўзи овқатларимгача тайёрлаб қўяр, ҳатто ўқишдан келсам, ўзимнинг ҳам, куёвимнинг ҳам кирлари тоза ювилган, дазмоллаб қўйилган бўларди. Мен аҳмоқ буларни, қайнонам мени яхши кўришидан қилади, деб ўйлар эканман. Бу «меҳрибончилик» ва «ғамхўрлик»нинг асл моҳиятини билганимда эса, ақл-ҳушимдан оғиб қолай, дедим: яъни, эрим бепушт экану, қайнона-қайнотам бундан хабардор экан. Тўғрироғи, болалигида кўп хасталикни бошдан кечирган эрим ҳақида шифокорлар, фарзанд кўролмаслик эҳтимоли борлигини айтишган экан. Ҳаммасини чалкаштириб юбордим, чоғи, узр. Ҳозир худди савдойига ўхшаб юрибман, нима деётганимни, қаерга бораётганимнию, нима қилаётганимни ҳам билмайман.

Хуллас, турмуш қурганимизнинг бешинчи ойи аям - ўзимнинг онам хавотирланиб, мени мутахассис шифокор кўригига олиб борди. Гарчи ўзим ҳали-бери ўқишим тугамагунча фарзанд кўришни унчалик истамаётган бўлсам-да, онам шифокор кўригига боришимизни, агар муолажа керак бўлса тезроқ даволаниб, натижасини кутишимизни таъкидладилар. Текширув натижалари менинг соғлом ва фарзанд кўришга лаёқатли эканимни билдирди. Мени текшириб кўрган дўхтир, «Эрингиз ҳам таҳлил топшириб кўрсинлар, балки уларга муолажа зарурдир ёки организмларингиз бир-бирига мослашолмаётгандир, деганди. Мен бу ҳақида куёвимга айтишга истиҳола қилиб, онам орқали қайнонамга билдирдим. Қайнонам онамга розилик бергандай бўлибди, улар кетгандан кейин мени ёнига олиб:

— Қизим, бир-бирларингни яхши кўрасизлар. Оилавий можароларингизга уйингиздагиларни аралаштириб юрманг. Худо хоҳласа, сизларга ҳам фарзанд бериб қолади, - деди. Мен оддий гапга тушунмайдиган даражада овсар эмасман. Қайнонамнинг гап-сўзларидан кўнглим негадир хижилланди. Чунки, эшитишимча келинлар ҳадеганда ҳомиладор бўлавермаса, гарчи айб ўғлида бўлса ҳам қайноналар келинига зуғум қилиб, уларни айбдор қилади. Нега энди менинг қайнонам невара кўришга бунчалик бепарво, деб ўйлаб юрганимда қайнона-қайнотамнинг суҳбатлари қулоғимга чалиниб қолди:

— Келинни онаси дўхтирма дўхтир судраб юрибди. Уялмай-нетмай куёвбола бир дўхтирдан ўтиб қўйсинлар, ҳам деяпти. Қизини маликадай олиб юрганимга шукр қилсин. Келин бўлиб тушганидан бери битта қийшайган пиёлани тўғрилаб қўйгани йўқ.

— Бунақа гапларни йиғиштирсанг-чи, ундан кўра қуданинг фикрини маъқуллаб, ўғлингни тузукроқ дўхтирга кўринишини айт. Зора Худонинг раҳми келиб, шифо бериб қолса!- Бу овоз қайнотамга тегишли эди.

Қайнонам унинг гапини кескин рад этиб, агар мен ва ота-онам ўғлининг сиридан воқиф бўлиб қолсак, уни ташлаб кетишим мумкинлигини айтди. Қайнотам, бировларни алдаб қизини келин қилиш, ўзининг бахтсизлигига бировни шерик қилиш гуноҳ эканлигини айтди. Бу суҳбат қулоғимга кирганидан бери ўзимда йўқман. Эрим икки гапнинг бирида нега бунчалик ғамгин бўлиб қолганим сабабини суриштиргани суриштирган. Мен эса жавобга сўз тополмайман ва… бу муаммони қандай ечиш йўлини ўйлаб ўйимга етолмайман. Тўғри, эримни яхши кўраман, лекин тирноққа зор бўлиб ўтишни ўйласам, юрагим увишади. Тақдиримда шу синовлар ҳам бор эканми…

Келинчакка нима деб тасалли беришни, маслаҳат беришни билмай бошим қотди. Қолаверса, бунақа мушкул вазиятда нима дейишингни билмайсан киши. Нима бўлганда ҳам, мушкул ҳолатга тушган кишиларга Аллоҳнинг ўзи сабр берсин. Ўзининг хотиржамлиги, тинчлиги учун худбинлик қилиб, ўзгалар ҳаёти, тақдири билан ўйнашадиганларга ҳам Яратганнинг ўзи инсоф берсин...

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » "Эрим бепушт экан..."