12:04 / 20.12.2017
8 995

Севгилим

Севгилим
Оҳиста хонага кирдим. Кичкинагина қишлоқ кулбаси қорасоч тул аёл қиёфасида эди. Ўчоқбошида соя кўзга ташланарди. Тирсагингни қўлингга тираб, бошингни қўлларинг орасига олиб оловга тикилганча ўйга ботгандинг.

Ўша куни оқшомга қадар ёмғир ёққан ва биз ёмғир остида ҳўл бўлгунимизча сайр қилгандик. Елкамизга қалин ёмғирпўш ташлаб олганимизга қарамай, уст-бошимиз жиққа ҳўл бўлган, отлар устидан туман чиқарди. Ғилдираклар сув ичида айланар, қир-адирларда, бутун даралар сув ичида қолган, ҳар тарафдан сел сувлари оқар, кичик кичик кўл ва ирмоқларни кечиб борардик.

Сени совқотаяпсан деб ўйлаб аҳволингни сўрганим сенга хуш ёқар, бундан мамнун бўлардинг.
Фақат ҳозир олов қаршисида кийимларингни алмаштириб, исинаётганингда сени яна ўша менга сабаби номаълум қайғуга ботганингни кўрдим.

Оҳиста яқинлашдим. Тўсатдан қалқиб кетдинг:
— Мени қўрқитдинг!- дединг.
— Нега, севгилим?
— Кўзим илинибди чоғи.
— Кийимларингни алмаштирдингми?
Яхшиям, бу қалин чойшабни олган эканман, йўлда саватга қарамабмиз, ичидаги ҳамма нарса ҳўл бўлибди.
Чиндан ҳам ҳамма нарсани қуритиш учун олов атрофига ёйиб қўйганди.

Чарсиллаб ёнаётган оловнинг сояси этагинга соя соларди. Бир тола сочинг ўримдан айрилиб қолиб, юзинга тушган эди. Ниҳоятда гўзал эдинг, жуда гўзал эдинг. Билмадим, қайдандир менинг ҳам кўнглимга қайғу чўкди. Ерга чўкиб сенинг ёнингда бошимни тиззамга қўйиб ўтиришни истадим. Лекин сен негадир ташқарига чиқишни истадинг ва менинг ёлворишларимга парво қилмадинг:
— Ҳаво салқин, севгилим, кундузи ҳўл бўлдик. Совқотасан, қара қуёш ҳам ботган. Қўлларинг музлаб ётибди. Ер лой, ҳамма ёқ сув бўлиб ётибди,- деб сени кўндиришга уриндим.

— Йўқ, совқотмайман. Сой бўйигача борайлик. Мен ёмғирдан кейин қирларни томоша қилишни яхши кўраман,- дея зорландинг. Боладай завқли, беғубор ҳолатда эдинг, менга бу ҳолатинга қарши бир нима қилолармидим, севгилим?!
Ёмғир тинганига уч-тўрт соат бўлганди. Энди йўллардан арава ғлдираклари изидан ариқчалар оқмасди. Оёқ остидаги кичик-кичик кўлмакчалар ялтираб кўринарди.

Қуёш ботган, камалак узайган, тиниқ булутлар орасида само олтин ранглари порлаб, сойдаги турғун сувда аксланар, узун қамишларнинг сояси сувда гўзал маназара касб этганди.

У тарафда, уфқ устида бир қишлоқнинг, бўёқлари ўчиб, деворлари кўчиб кетган, узоқдан қараганда кулоҳга ўхшаб кўринадиган отхоналар, осмон остида кулранг, қуюқ туман ичидаги виқорли тоғлар сукунатли жуда ажойиб манзара эди.

Бу Булғор қишлоғини жуда севардинг. Қалбингни буткул забт этганди. Ҳар доим сой бўйига чиқиб атрофни кузатмоқчи бўлганимизда, кўзларинг ўша томонга қадалади. Ўй-хаёлларинг бошингни чулғаб, руҳингга маҳзунлик чўкарди.

Тез-тез ўша томонга кетардинг. Қишлоқ аёллари сени яхши кўрарди. Болаларни ўқитадиган ёш Булғор қизи қадрдонларча келиб, сени қучарди. Бу қадар сени бу қишлоққа яқинлаштирган, боғлаган робита нима эди? Ҳеч нарса сўрамасдим. Фақат шу сўроқ-савол юрагимни ўртарди.

Севгилим! Оқшом қанчалар гўзал, сой қанчалик ёрқин ва турғун. Ёмғирдан кейин овулнинг сукунатини фақатгина итларнинг овози бузарди. Ёнимда турардинг. Юзинга қаролмасдим. Лекин алланечук ҳис билан икки томчи кўз ёшинг гўзал ёноғингдан думалаб тушганини ҳис қилдим. Ўша лаҳза ўгирилиб юзинга боқсам дердим. Аммо тотли хаёлларингни тўзғитадигандек, гўзал тушдан уйғотиб юборадигандек чўчидим. Одатдагидек буткул сен билан машғул бўлиб, тошдай қотиб қолдим.

Севгилим! Одатдагидек, эркаладим. Чунки сен менинг ширин хаёлим эдинг. Сени фақат руҳим билан ҳис қилардим. Қачон сенга қўлимни узатсам, руҳинг тўлқинланарди. Қўлларим орасида фақат ширин бир вужуд кўрардим.

Нимани ўйладинг, севгилим, нега кулдинг? Лабларингдан тотли табассум учди:
— Нега бунчалик маҳзунсан?- деганимда ҳар доим бир хил жавоб:
— Ҳеч нима...- деб жавоб бўлади ва сўнг маҳзун табассум билан боладек завқланиб “ Мени севасанми?” деб сўрадинг. Мен эса бу саволга жавоб беролмасдим. Чунки сени қанчалик севишимни билмасдим...
Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Севгилим