19:02 / 12.01.2018
11 137

Отни ҳам, эгарни ҳам бой бераётган «эркаклар»...

Отни ҳам, эгарни ҳам бой бераётган «эркаклар»...
Сўнгги пайтларда турли газета журналларда “Аёлнинг эри олдидаги вазифалари”, “Аёлнинг оиладаги вазифалари” ва аёлларнинг бошқа яна бир қанча вазифа ҳамда мажбуриятлари ёритилган мақолаларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Энг қизиқарли жиҳати эса аксар шу мавзудаги мақолаларнинг муаллифлари эркаклардан иборат. Жуда қизиқ, аёлларни турли вазифа ва мажбуриятларини ёритаётган эркаклар ўз вазифа ва мажбуриятларини билмайдиларми ёки ўз вазифа ва мажбуриятларини оммага ҳавола қилишни истамайдиларми?! Агар ўйлаб қарасак, эркакнинг вазифа ва мажбуриятлари аёлларникидан ҳам кўпроқдир. Агар ана шу вазифа ва мажбуриятларни айримларинигина оммага ҳавола этиб ёритиб берилса, балки бугунги кундаги ажримларнинг, оиладаги келишмовчиликларнинг қайсидир маънода, олди олинган бўлар эдими? Ахир “Қарс икки қўлдан чиқади” дейди доно халқимиз. Шу ва шу каби саволлар ҳаёлида бугун бутун оилаларни ажралиб кетишига сабаб бўлаётган эркакларнинг айрим вазифа ва мажбуриятлари ҳақида ёзишни лозим топдик.

Маълумки, ҳар бир жамиятнинг ўз раҳбари бўлади. Оила ҳам бир кичик жамият ҳисобланиб, унда жамиятнинг барча белгилари кичик кўринишда бўлади. Оила ҳаётида бошлиқ вазифасини эр бажариши лозим. Шу ўринда, оила бошлиғи деганда оиланинг бошқа аъзоларига жабр-зулм ўтказиш, “деганим деган” йўсинида “ҳокими мутлақ” бўлиш эмас, оиланинг баркамол, саодатли, тинч-омон бўлишига эр масъуллиги тушунилиши лозим. Оиланинг тинч-тотув бўлиши эса эр ва хотининнг ўз вазифа ва мажбуриятларини бугунги кунда қай даражада адо этаётганликларига боғлиқ.

Оиладаги эрининг вазифаларидан энг муҳимларидан бири – хотининг хақларини тўла адо қилишдир. Хотинининг хаққини адо этиш вазифасига эса ризқ-рўз билан, кийим-кечак билан таъминлаш, ўз хотини билан иноқликда яшаш, хотинининг баъзи хатоларини кечира билиш ва бошқалар киради. Юқорида санаб ўтилган вазифа ва мажбуриятларга Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар келтирилган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда: “… ва хотинингнинг таомингдан егани ҳам садақадир ва аҳлинга қилган нафақанг ҳам садақадир”, дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса: “Хотинингнинг оғзига тутган луқмада ҳам сен учун савоб бор”, дейилган.

Бугунги кунда айрим эркаклар чойхонама-чойхона, турли базмларда овқатларнинг сарасини еб, оиланинг еб-ичиши билан қизиқмайди ҳам. Эҳтимол, оилада бозор-ўчар жойидадир, лекин айрим ўзбек оилаларида қайниона ва қайниота бошқаруви уларга хизмат қилаётган ўғлининг хотинига ўзи истаган ош-овқатни тайёрлашга йўл қўймайди. Бу билан қайниона ва қайниотани бахилликда ёки зиқналикда айбламоқчи эмасмиз, балки рўзғорни тежаш мақсадида ёки қарилик туфайли оғир овқатларни ейа олмаслиги сабабли енгил таомларни тайёрлашни айтишларини назарда тутмоқчимиз. Шундай пайтларда эр хонадонига ўзи таомланган ноз-неъматлардан кўтариб кирса, унинг ота-онаси ҳам ахли аёли билан фарзанлари ҳам бирдай хурсанд бўладилар.

Юқорида айтиб ўтганимиздай, эр ўз умр йўлдошига яхши муомалада бўлиши эрнинг асосий сифатларидан эканлигини айтиб ўтдик. Эр манман бўлмаслиги, саодатни фақат ўзи учун ахтармаслиги, балки хотинига, оиласига ҳам раво кўрмоғи лозимдир. Ўрни келса, эр-хотин бир-бирлари билан ҳадялашиб туришлари лозим. Чунки совға муҳаббатнинг рамзидир ва у қалбдаги баъзи гиналарни ҳам чиқариб юборади.

Ҳадиси шарифлардан бирида бу ҳақда: “Бир-бирларингизга ҳадя бериб туринг, чунки у қалбга муҳаббат солади ва гиналарни кетказади”, дейилган.

Бугунги кунда-чи, айрим эрлар кўчада, иш жойларида “ташаббускорлар”. Ҳамкасбларининг таваллуд топган кунлари борми, юбилей, ҳар хил байрамлари борми ўтиришу-кечаларни уюштиришда, совғаларни ташкиллаштиришда фаолдирлар. Уйда-чи, ота-онасини хизматини қилиб, фарзандларини оқ-ювиб, оқ тараётган, кир-чирини ювиб, ош-овқатини қилиб, ишдан келишини кутиб ўтирган аёлини ҳадя у ёқда турсин, таваллуд топган кунида бир оғиз ширин сўз билан сийлашга ҳам ярамайди. Кундалик ҳаётда эса эридан бир оғиз ширин сўз эшитиш кўпгина аёллар учун ушалмас орзуга айланиб бормоқда. Қолаверса, ўзбек оилаларида тез-тез бўлиб турадиган келишмовчиликлар (кўп ҳолларда эр ишдалигида қайниона-келин ўртасида, баъзан эса қайниота-келин ўртасидаги келишмовчиликлар) сабабли эрни ўз аёлига қўл кўтариш холлари кўп кузатилмоқда. Бу ўринда келиннинг айби қай даражада эканлиги суриштириб ўтирилмайди. Эр ўз ота-онасининг гапига қулоқ тутиб бу xатти-ҳаракатларни амалга оширади.

Шариатда-чи, аслида ҳам шундай бўлиши керакми? Ахир эркакларнинг юрагига йўл ошқозон орқали дейилса, аёлларникига эса қулоғи орқали дейилмайдими? Сабрли, тоқатли бўлиш фақат аёллар учунми? Эркакларнинг бундай фазилатли бўлиши ман этилганми? Бугунги кунда кўпгина оилаларнинг ажримларининг сабаби сабр, тоқатнинг етмаётганлигида эмасми? Тўғри, аксар холларда аёлларнинг сабр, тоқатининг етмаганлиги бундай ҳолларга сабаб бўлади, лекин аёлларнинг сабр-тоқатли бўлиб яшаш имконини яратиб бериш эрининг вазифаси сарасига кирмайдими? Юқорида “Аёлларнинг вазифалари” ни мақола орқали ёритиб бераётган муаллифларимиз эрларнинг ана шундай вазифа ва мажбуриятлари ҳақида маълумотлар бериб борсалар, фақатгина аёллар эмас, эркаклар ҳам ўз зиммаларидаги вазифаларини англаб бу масалаларга жиддийроқ ёндашишига сабаб бўлар эди.

Бугунги кунда кўпгина аёлларни эри ишдан келганда эрини очиқ юз, хушкайфият билан кутиб олмаслиги ҳақида гапирилади. Бундай вазиятнинг сабаби суриштириб ўтирилмай, дарҳол аёл киши айбланади. Кун давомида кўчада чарчаб, ишлаб келган эрининг кўнглини ололмаслиги айтиб ўтилади. Ахир аёлни кун давомида қайниона, қайниотаси турли йўллар билан зуғум ўтказиб эзаверса, қандай қилиб кун давомида уй юмушлари ва кесатиқ гаплар билан асаблари чарчаган аёл эрини очиқ юз билан кутиб олиши мумкин? Нима, аёл кишининг асаблари тошданми? Ёки аёл фақат хизматкор бўлиш учун ўз ота уйидан бегона уйга бир умрга келадими? Йўқ, эркак ўзига рафиқа танлаётганда фақатгина эр эмас, балки ҳам ота-она ва ака бўлмоғи лозим. Чунки аёл киши ўз ота уйидан эри билан бирга бўлмоғu учун кетади. Шундай экан, аёл ўз эрида отасининг раҳмдиллигини, онасининг меҳрибонлигини ва акасини дўстлигини кўра олиши керак. Қолаверса, аёл киши эридан устун бўлиш учун эркакнинг бошидан эмас, оёқ ости бўлиш учун оёқларидан эмас, балки суюкли ва ардоқли бўлиш учун унинг юрагига яқин чап қовурғаларидан яратилмаганми?

Айрим ҳолларда кўплаб аёллар уй юмушлари, қайниона ва қайниотасининг инжиқликлари, ҳар қанча уларнинг кўнглини олишга уринмасин улар келинининг устидан шикоят қилаверишлари, умр йўлдошининг рашқ қилиши сабабли ёки мусулмончиликда аёл киши ҳадеб кўчага чиқавериши тўғри эмаслиги ҳақида гапириб бирор бир жойга айлантиргани олиб чиқмаслиги ҳақида шикоят қиладилар. Уй юмушларидан чарчаган аёлига далда бериш ва маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида юртимзнинг диққатга сазовор жойларига олиб бориш, оиласидагиларга ғамҳўрлигини билдириш эркак учун мусулмончиликда мумкин эмасми?!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни ўрганинг. Чунки силаи раҳм аҳлининг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир”, дедилар.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, силаи раҳмнинг фойдалари бу дунёнинг ўзидаёқ бир қанча фойдаларни берар экан. Шулардан энг биринчиси аҳлининг муҳаббатидир. Шундоқ экан, эр кишининг гапирган бир оғиз ширин сўзи, унинг учун жон куйдираётган аёлини ҳаёт ташвишларидан бир оз чалғитиш мақсадида аҳён-аҳёнда кўнгли ором олиши учун бирор жойга олиб бориши қилинаётган силаи раҳмнинг энг гўзалроғи эмасмикин?

Оиланинг устуни эркак экан, унинг аёлига нисбатан амалга оширган озгина эътиборли ҳатти-харакати оилаларнинг мустаҳкам ва тинч-тотув бўлишига сабаб бўлади. Ўзбек аёли ҳеч қачон бошқа миллат аёлларида бўлгани сингари ўзи учун эркакнинг ота-онасидан воз кечишини, дунёларни олиб беришини сўрамайди. Шунчаки, озгина эътибор ва мехр-мухаббат эвазига эри учун жонидан ҳам воз кечади.

Манба: Nasihat.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Отни ҳам, эгарни ҳам бой бераётган «эркаклар»...