Тонг ёришиб, серқатнов кўчалар одамлар билан гавжум бўла бошлади. Лаҳзалари ўтмишга айланаётган ҳаёт чорраҳасидаги йўловчиларнинг барчаси шошган, кимдир ишга кимдир эса...
Чорраҳа яқинидаги бекатда турган оқ либосдаги қиз елиб келаётган, айни вақтда чироқларини ишорада ўчириб ёққан «Дамас»га қўл кўтарди. Деярли, «тумшуғи ер искаган» машина мункиб, нола қилганича қизнинг ёнгинасида тўхтади. Ҳайдовчининг нигоҳларига одимини санатган қиз ўриндиққа жойлашиши билан машина ўрнидан ўқдек жилди. У ён томондаги ойнадан кўчага боққанича хаёлларига банди бўлди. Ногоҳ, қандайдир нигоҳ ўзини тақиб этаётганлигини сезиб, «ялт» этиб қаради. Ҳайдовчининг ён томонидаги кўзгудаги аксига кўзи тушди. Озғин, кўз-қоши қоп-қора, истараси иссиқ ҳайдовчи йигит ундан кўз узмасди. Қиз нигоҳини кўзгудан олиб, ён тарафдаги ойнадан кўча-куйга боқди. Бир муддат ўтиб, қизиқиш ғолиблик қилибми ё бошқа сабаб, тағин кўзгу томон қайрилди. Бепарво ва синашта нигоҳлар тўқнаш келди. Йигит унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини зимдан кузатаётганлигига амин бўлди. Бу тасодиф эмас эди. Аввалига тоқатсизланган қиз бора-бора йигитчанинг сурбетлигидан ғазаблана бошлади. Ҳайдовчининг парвойи фалак, қизнинг ғазабланаётганидан ҳузурланаётгандек, мийиғида кулимсираганича кузатишда давом этарди. Бу таъқибдан безган қиз йигитнинг узатган қўли четда қолиб, пулни олдинги ўриндиқлар оралиғига ирғитганича бекатидан илгарироқ тушиб қолди. Ва эртанги кунни ҳам шу алфозда қаршилашга мажбур бўлди. Таъби тирриқ бўлиб, қош чимирганича, йигитга деярли тескари юз ўгириб ўтирди. Ҳайдовчи томонидаги ойнага қарамасликка тиришди. Қани, бунинг иложи бўлса?! Ич-ичидан мийиғидаги табассум ҳамроҳлигидаги ўткир нигоҳларнинг таъқибини ҳис қилар эди.
Қиз безовталана бошлади. Қани, мумкин бўлса-ю ёки иложи етса-ю суробини тўғирлаб қўйса! Андиша забонини дурдек оппоқ тишлари ортига маҳкамлаб, танглайига қадаган. Ҳаё нигоҳларидаги тўлқинланаётган ғазабнинг киприк қадаб йўлини тўсган, норизолик яноқларида қизариб, нишаблаган, дудоқлари пир-пир учиб, ғунчадек қирмизи лаблари қимтилган эди. Тағин ҳам, на илож, бу йўлдан қатновчи ягона улов ҳозирча шу бўлса! Кейинги кун эса... машинада фақат ҳайдовчи йигит ёнидаги ўриндиққина бўш эди.
«Пиёда борар манзили олислик қилади! Таксида кетиши мумкин, лекин бу арази унга қимматроққа тушиши аниқ. Бу-ўзи бўладиган иш эмас. Аксига олиб, бугунги биринчи дарс қаттиққўллиги билан ном чиқарган ўқитувчиники! Кечикса, ўқитувчи буни ўзига нисбатан ҳақорат деб билади. Бу ёғида эса мана бу сурбет.. Нима қилсин? Унга енгилиб, қочиб-қимтиниб юраверсинми?»
Нигоҳларига ошкора нафрат балққан қиз машинага чиқмади. Ғазаб-ла, юзини ўгирди. Машина эса қиз қаршисида туриб қолди. Бир мудат... Шошаётган йўловчилар тез-тез қарашиб, қизга тоқатсизланганликларини билдиришди. Кимдир бу ҳолни тўғри қабул қилиб мийиғида кулиб қўйди. Кимлардир эса асабийлашди. Лаҳзалар дақиқаларга уланиб, улғая бошлади... Қиз кета олмасди. Туравериш эса... Ҳамманинг нигоҳи унда.
«Хўш, нима қилиш керак? Нима қилса бу вазиятдан чиқиб кета олади? Бугунча таксида кетса-чи? Эрта ёки индин-чи? Кун шу билан тугамаса, мана бу сурбетни ҳам алмаштириб бўлмаса?».
Ҳайдовчи йигит ундан кўз узмаган куйи, таниш, мийиғида ним табассум билан машина сигналини босди. Чувалашган хаёлларига банди қиз учиб тушди. Қўрқув ва ҳайратдан катта-катта очилган чиройли кўзларини йигитга тикди. Киприклари йиғлаб юборгудек бўлиб пирпиради. Кейин бирдан... Қорачиқлари кенгайди, лаблари ҳаракатга келиб жуфтлашди. Нимадир демоқчи бўлиб, сўнгра шаштидан қайтди. Депсиниб, у ёқ- бу ёққа қараб олди-да, йигитнинг ёнидаги ўриндиқдан жой олди. Машина ўрнидан жилди. Салондаги йўловчилар ошкора енгил тин олишди. Кимдир «пиқ» этди. Манзилга етгач қиз бир сўз айтмай, йўл ҳақини ҳам тўламай, эшикни қарсиллатиб ёпганича тушиб қолди. Йигитдан шу йўл билан аламини олмоқчи бўлди. Бу фикр қизга жуда маъқул келди. Авваллари тушликни университет ошхонасида қиларди. Шумлиги тутиб, тушликни энди уйда қилмоқчи бўлди.
«Йўл кира текин бўлса!»
Бора-бора бу одатга айланди. Энди машинанинг олд ўриндиғи доимо бўш турар, аниқроғи энди у қиз учун аталганди...
Шу алфозда бир неча ой ўтди. Йигит-да, қиз-да, бир сўз демади. Йигит аввалгидек қизга сурбетларча тикилмас, аҳён-аҳёнда меҳрибонлик билан кўз қирини ташлаб қўярди. Қиз аразининг эса ниҳояси йўқдек эди. Бора-бора қиз енгила бошлади. Йигит қиз таниган бошқа йигитларга сира ўхшамас, жуда одобли эди. Қиз унга ўргана бошлади. Йигит машинани, қиз ўтиргач, жуда секин бошқарар, бунга доимий йўловчилар ҳам кўникиб қолишган: эътироз билдиришмасди. Гўё йўловчилар ҳам уларнинг муҳаббатига хайрихоҳ эдилар. Унга нима деб мурожаат этишни билмас, ўзидан бир неча ёш катта кўринган бу йигитнинг исмини ҳам билмас эди. Жуда камгап бу йигитчанинг ўзи эса «яхшимисиз?»дан нарига ўтмасди.
Шу йўналиш бўйича яна бир неча автоулов ажратилди. Энди қиз бекатда турганича... фақат, таниш машинани кутарди. Унинг учун бу машина ҳам, унинг доимий йўловчилари ҳам жуда қадрдон туюларди. Уларнинг ҳаммасини бирдек яхши кўрарди. Машина салонидан келаётган муаттар ҳид ҳам, йўллар ҳам. Ҳамма-ҳаммаси қиз учун қадрли бўлиб қолганди. Баъзан йигитни кутиб қолар, шунда қарши томондан машинасини ўқдек учириб, шошиб келаётган таниш машинани кўриб, беихтир энтикиб кетарди.
Шундай кунларнинг бирида... қиз узоқ, жуда узоқ туриб қолди...
Йўловчи машиналар қиз қаршисида «кетасизми?» дегандек белги бериб, чироқларини ёқиб-ўчиришар, қиз эса ҳайкалдек бепарво тураверарди. Ўша куни йигит ишга чиқмади. Эртаси куни ҳам. Қиз дарсларга кечикиб борди, хаёли ўзида бўлмади.
Йигит туш ва кечки вақтда ҳам кўриниш бермади. Қизнинг кўнглига ҳадик оралади. Безовталаниб, юраги увишди. Йигитга қаттиқ ўрганибди. Боғланибди. Соғиниб, ярим тунда кўчага чиқди. Йўл қаради. Узоқ, узоқ... йиғлаб қаради. Одатда, тунда кўчага чиқмас эди. Чиқар, кеча-кундуз йигитнинг йўлини пойлар бўлди. Шундай кунларнинг бирида таниш «Дамас» кўринди. Йўловчилари йўқ. Рулда бошқа. Ҳайдовчи ёнидаги ўриндиқда эса... оппоқ, матомсаро либосда бир аёл тушиб келди. Қизни қучганича йиғлади. Қизнинг кўзи машинада, ҳайратда лол қотган эди. Жувон ҳеч бир гап айтмади. Кетар чоғи қизнинг ёшга тўлган мусаффо кўзларига армонли қараш қилди-да, қўлига бир неча суратни тутқазиб, машинага чиқди. Машина ўрнидан ўқдек жилди. Ичкаридан аёл кишининг ҳўнграб йиғлаган овози эшитилди...
Машина унинг ҳам юрагини олиб кетгандек, қаттиқ энтикди. Яноқларини куйдириб сизган ёшларни туйди. Ён-атроф сув остидаги каби хира, тўлқинланиб кўринарди. Хаёллари машина ортидан кўтарилган чангдек тўзиб, беихтиёр кўксини тутди. Қўлидаги суратларни ўгирди.
Бу-«Дамас»да қовоқлари уюлиб, юзини чирт ўгирган қиз, ўзининг суратлари эди...
Ҳассос йиллар узоқ ўтди... узоқ-узоқ ўтди. Таниш бекатда қўлларида гул тутган бир келинчак кўзида ёш билан пайдо бўлди. Қўлидаги гулни ерга, йўл четига оҳиста қўйиб, узоқ вақт туриб қолди.
Йиллар алмашди. Одамлар, даврлар-да, алмашди.
Авалига бола еткалаган жувон... сўнгра яна йиллар ўтди. Бир онахон бу ерга кўп, тез-тез ташриф буюрди. Кейинчалик... бора-бора... Ҳаммаси унитилгандек. Балки, яқиндадир... Йўл четида ийманибгина оппоқ кўйлакда, таниш бекатда бир қиз турарди. Шамол елкаларида тўлғонаётган тим қора сочларини силаб-сийпар, этакларидан тортқилаб ўйнарди. Унинг маъсума нигоҳлари йўлга интиқ тикилган, дудоқлари эса ўша-ўша сирли қимтилган эди...
Эркин НОРСАФАР
Манба: Erk.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда