Жейн Броун Брессенден — немис қизи.
Бундан икки йил бурун у билан танишгандим. Лаббай? Йўқ! Интернетда эмас. Шу ерда, Ватанимизда. ..
Биз Жейн билан Самарқанддаги Имом ал-Бухорий зиёратгоҳида учрашганмиз. Дастлаб уни кўрганимда, эътибор бермабман. Бошқа сайёҳлар қатори саёҳатга келгандир-да, деб ўйладим. Бироздан кейин бошқа тилда қизнинг товуши эшитилди. У тарафга қарадим. Илк маротаба кўрганим учун уни инглиз деб ўйлагандим ўшанда. Негаки қизгина мендан беш-олти қадам нарида туриб, инглиз тилида гапирарди-да. У менга боягидан ҳам яқинроқ келиб, яна нималардир деди. Гапларини унчалик яхши эшитмади-му, ҳар тугул менга гапиргани аниқ эди. Ўрта мактабда, коллежда, кейинроқ университетда ҳам инглиз тилидан сабоқ олганим учун бу тилни дурустгина тушунардим. Аммо буни қарангки, ҳақиқий чет эллик билан ҳеч мулоқотда бўлмаганим сабаб, унинг тезликда берган саволини яхши англолмадим.
Мен қизнинг саволига унчалик равон бўлмаса ҳам тутилиб-тутилиб жавоб бердим. Ўзи немис бўлишига қарамай инглиз тилида сўзлаганини ва бир нечта тилни билиши эътиборимни тортди.
Ўша куни афтидан унга ёқиб қолдим, шекилли, мендан телефон рақамимни сўради. Мен эса уникини… Мен уни ёқтириб қолдим. Йўқ, бу сиз ўйлаган нарса эмас. Бу шунчаки…
Уйга келибоқ, инглиз тилини ўзимдан кўра яхшироқ биладиган таржимон топишга киришдим. Чет тилини биладиган танишларимни хаёлимдан ўтказдим. Кейин миямга ярқ этиб, бир фикр келди: «Инглизча-ўзбекча» сўзлашгич оламан». Кечки тамадди пайтида Жейн ҳақидаги таассуротларимни оила аъзоларим билан баҳам кўрдим. Оқшомда ётишга шайланиб, яна уни ўйладим.
Эрталаб нонуштадан кейин кўчага ошиқдим. Бўсағага етганимда ойим:
— Эрталабдан қаерга отландинг? — деб сўради.
— Сўзлашгич олгани, — жавоб қайтардим.
Ойим индамади. Негаки кечқурун керакли нарсани тезда олишим зарурлигини айтгандим-да. Кўчага чиқиб, тўғри китоб дўконига бордим ва ўзимга керакли нарсани олиб, уйга қайтдим. Хонамга кириб, кечагина танишган немис қизига қўнғироқ қилдим. Бу сўзлашгич дегани ажойиб нарса экан. Қийналиб тузадиган жумлаларни ўн сонияда варақлаб топиб ўқийвераркансан. Хуллас, қўнғироқлашиб, қиз билан учрашдим.
— Тўлиқ исмим Жейн Броун Брессенден, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича мутахассисман, яқинда фан доктори бўламан, — деди меҳмон қиз суҳбатимиз аввалида. — Отам англиялик, онам Берлинда туғилган. Улар севишиб турмуш қуришган. Кейин дадам ҳам Берлинда яшаб қолган, — деди Жейн стол устидаги қаҳвадан ҳўплаб.
— Ёшинг нечада? — сўрадим хижолат бўлиб.
— Йигирма тўққиздаман, — деди у ҳеч иккиланмай.
Қизнинг жавобини эшитиб, ўйланиб қолдим. Ахир Жейн мендан олти ёш катта-ку. Мен бўлсам, кўринишидан ўзим тенги ёки бир-икки ёш кичик бўлса керак, деб ўтирибман. Лекин Жейн бунга парво қилмасди. Суҳбатлашарканмиз, у айтаётган гаплардаги тушунмаган жумлаларимни сўзлашгичдан қидириб қолардим. Жейн бўлса, сўзлашгични қўлимдан тортиб олиб, тушунтиришнинг бошқа йўлларига ўтар, гоҳ имо-ишоралар, гоҳ юз мимикалари орқали нима демоқчилигини англатарди.
Қизнинг айтишича, юртимизга илмий тадқиқот ишлари, яъни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва ҳосилдорликни ошириш, пахта, буғдойларнинг янги навларини яратиш бўйича олимларимиздан малака оширгани келибди. Хуллас, шу тариқа ишоралар, мимика, сўзлашгич ҳамда билганларимни ишга солиб, у нима деса ҳаммасини тушуна бошладим.
Бир неча кундан кейин тушлик пайти Жейн билан яна кўришдим. Шунда «Жейн Брессенденга бутун диёримизни кўрсатаман». деган ўй келди миямга. Сўнг ундан:
— Ҳозир қаерда турибсан? — деб сўрадим.
— Меҳмонхонада!
— Меҳмонхонада?
— Ҳа!
— Э, йўқ, — дедим мен. — Бунақаси кетмайди.
Амаллаб Жейнни бизникида туришга кўндирдим. Қиз эртага кўчиб ўтишини айтди ва биз хайрлашдик.
Уйга келдим. Дадам билан ойимга ҳаммасини айтдим. Улар мен чиқарган бу қарорга хайрихоҳ бўлишди. Оқшом маҳали қизнинг гапларини ўйлаб, вужудимда мисли кўринмаган севинчни туйдим ва қувонч шу оғушида уйқуга кетдим.
Эртасига тушлик пайти Жейн бизникига кўчиб келди. У бизникида чамаси олти ойлар яшади. Бу вақт мобайнида уни шаҳримиздаги, қўйингки, республикамиздаги кўпгина зиёратгоҳлару, томошабоп жойларга сайрга, тўйларга олиб бордим. У жойлардан қайтарканмиз, берлинлик қадрдоним тассуротлари ҳақида, Ўзбекистонимиз ҳақида жўшиб гапирарди. Мен эса бундан завқланардим.
Бир куни Жейн билан шаҳардан қайтаётгандик. Маҳалламиз оқсоқоли мени чақириб, қизнинг кимлигини сўради. Мен бор гапни айтдим. Шунда оқсоқол:
— Яша, болам, хўп яхши иш қилибсан. Ўзбек халқи азалдан меҳмондўст халқ, — деди юзидаги шодликни яширолмай. Сўнг мендан Жейнни чақиришимни сўради. У келди. Оқсоқол эса «Баракалла қизим, бизнинг юртимизни танлаб адашмабсан. Зотан, ўзбек диёридагидек тилла тупроқ, бундай мусаффолик, меҳмондўстлик, бағрикенглик бошқа элатларда йўқ!» — деди.
Оқсоқолнинг ҳаяжонга тўлиб-шошиб, ўз она тилимизда айтаётган гапларини меҳмонимиз тушунмаган бўлса ҳам жим туриб, итоаткорона эшитди. Кейин оқсоқолга термилиб:
— Ракмат, юртингиз менга ёкди, иложи булса шу ерда колардим, — деди Жейн.
Мен гарчи нутқимизни бироз бузиб гапирган бўлса-да, унинг илк марта ўзбек тилида айтган сўзларини эшитиб, бениҳоя ҳаяжонландим. Қиз олмосдек ёниб турган нигоҳи билан менга термилиб жилмайди. Холбуки бирор сўз айтишга забоним ожиз эди. Юрагимда миллий ғурур, ифтиҳор туйғуси мавж урарди. Ахир мен берлинлик қизга ўз она тилимни ўргата бошлагандим.
Шу куни мен ҳеч кимга ҳеч нарса демадим. Юрагимдаги шодлик ҳисси Жейн шарофати билан ўн баробар ошди. У энди нафақат ҳаётимизни, балки тилимизни ҳам ўрганаётганди. Энди у мен билан ўзбек тилида сўзлашиши мумкин эди. «Эҳтимол, у ҳам мендай севинаётгандир», деб ўйлаб, Жейннинг хонасига ўтдим. У диванда ўтириб, расм томоша қилаётган экан. Суратда малла рангдаги баланд иморат, кичиккина ҳовли, ҳовлида эса ниҳоятда чиройли кучукчанинг тасвири бор эди (Бу суратни унинг қўлида авваллари ҳам кўрганман, бу менинг уйим деганди Жейн). Қиз эшикдан мўралаганимни сезмай, қўли билан расмнинг юзини сийпалади. Тушундим, у шу лаҳзада ҳис қилаётган туйғуларни тушундим. Жейн Броун Брессенденни шу тобда соғинч ҳисси қийнаётганди. Юрт соғинчи, тупроқ соғинчи, ота-она, уй соғинчи…
Биз унга қанчалик яхши муносабатда бўлмайлик, кишининг туғилиб ўсган жойи, ота-онаси, муқаддас тупроғи бўлак экан, ўзга юртда асло меҳрга қонмаслигини ўша куни илк марта тушундим. Унга олтиндан уй беринг, меҳрнинг заррачасини боса олмаслигини англадим. Туғилганда шу заминга тўкилган киндик қони эвазига, сўнгги манзилга ҳам ана ўша заминдан кетиши кераклигини ҳис этдим. Буларнинг бари соғинч эди, меҳрли ва қайноқ соғинч…
Жейн нонушта вақтида бизга кўзлаган мақсадларига эришганини, энди ортга қайтиш пайти келганини айтди. Унинг кетиши ҳақида эшитиб, бошимдан муздек сув қуйилгандай бўлди. Қизга жуда ўрганиб қолгандим. Қолаверса, жуда яхши кўрардим уни…
Жейн билан самолётга чипта олгани бордим. Уч кундан кейин учадиган бўлди. Биз қўшниларни чақириб, меҳмонимиз Жейн Броун Брессенден шарафига хайрлашув кечаси уюштирдик. Ҳамма хурсанд эди. Фақатгина кўнглим зим-зиё. Ваҳолангки буни ҳеч кимга билдирмадим. Ўзимни қанча бардошли қилиб кўрсатишга уринмай, шунча заифлашиб борардим. Берлинлик қадрдоним мени ташлаб кетаётганди… Энди қайта кўришамизми, йўқми, ёлғиз Худога аён эди…
Аэропорт…
Дадам, ойим, мен ва Жейн…
Менда у билан тушган суратлар кўп эди. Суратлардан-да бисёр хотиралар қолди. Лекин кетар чоғи Жейн менга шундай нарса қолдирдики, уни умрим охиригача қорачиғимдек авайлайман. Унинг туҳфаси — малла рангдаги баланд иморат, кичиккина ҳовли, ҳовлида эса ниҳоятда чиройли кучукчанинг тасвири…
Кейин у менинг юзимдан ўпиб, шундай деди:
— Раҳмат, сени яхши кўраман!..
Жейн нутқни бузмасдан таъкидлаган бу сўзларини хайрлашиш олдидан менга айтиш учун олти ой, ҳа, олти ой тайёрланганлиги билиниб турарди. Жейн олға бир қадам босди, кейин тўхтаб, сумкачасини очди-да, ундан кичиккина банкани олди. Банкада она юртимнинг бир ҳовуч тупроғи бор эди. Шундоқ ҳам намланиб турган кўзимда ёш қалқди.
Самолёт ердан кўтарилгандан кейин Жейннинг туҳфасига узоқ термилдим. Бир маҳал ойим суратнинг ортига нимадир ёзилганини айтди. Расмни терс ўгириб қарадим ва кўрганимни овоз чиқариб ўқидим:
— Ўзбекистон, онажон маскан,
Ҳеч ерда йўқ, қиёси, тенги.
Соғинаман, соғинчли ватан,
Мендан ортиқ севдинг сен мени…
Хайр, қимматли дўстим, қайта кўришиш ёки кўришмаслик Тангрининг хоҳишида. Сени соғиниб Жейн Броун Брессенден!»
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Халқаро молия бозори шарҳи...
Трамп жамоаси Ким Чен Ин билан музокараларни муҳокама қилмоқда
Филиппинда амалдор президент ва рафиқасини ўлдириш учун қотил ёллади
Хонанда Муниса Ризаева илк марта она бўлди
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?