— Нега келинойим қовоғини очмайди? Худди биз еб, улар қуруқ қолаётгандек? Қолаверса, биз амакимнинг топган-тутганини еб-ичиб, кекириб ётганимиз йўқ-ку! Сиз ишлаяпсиз, мен ишлаяпман. Муштдай жони билан Гулсанам ҳам қараб тургани йўқ.
Келинойиси — амакисининг хотини Рухсора ошхонадами, айвондами нималарнидир тарақлата бошлагач, Жавлоннинг яна жаҳли чиқиб ойиси — Салима аяга гапириб ташлади. Аслида у “Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит” қабилида баланд овозда бу гапларни келинойисига йўллаётган эди. Салима аянинг ранги оқариб кетди. У отасига ўхшаб жаҳли тез ўғли қандайдир ғавғони бошлашидан чўчирди. Ўғлининг қошлари ўртасига тугунча тушиб, ёноқлари пир-пир уча бошласа, юрагига титроқ кирар:
— Болажоним, ўзингни бос. Ёмон гап ёмон гапга доя бўлади. Ўтмаган кун борми? Бу кунлар ҳам ўтади. Буларга осон тутма. Амакинг билан келинойингнинг ўрнига ўзингни қўйиб кўр. Ўз эшигингдан эмин-эркин кириб чиқа олмасанг, жигаринг, қариндошинг бўлса-да, кимдир халақит бериб турса… — онаизори бу гапларни шивирлаб, титраб айтади. Бу гал овсини овоз эшитиладиган жойда бўлгани учун фақат бармоғини лабига босиб, “Жим бўл!” ишорасини қилди. Лекин Жавлон ҳали аччиғидан тушмаган эди. Ахир келинойисининг қовоқ-тумшуқ қилишга мутлақо ҳаққи йўқ. Чунки Азимбойнинг ака-укага, яъни Жавлоннинг раҳматли дадаси Даврон ака билан унинг укаси Мавлонга ижарага, яъни юритиб туришга берган дўконининг бир кечада куйиб кул бўлишига иккаласи ҳам тенг айбдор. Ўша кечаси дўконни очиш, уни кечаси билан қўриқлаб чиқиш навбати (ака-укалар ўзлари дўкондорлик, ўзлари қоровуллик, ўзлари экспедиторлик қилишар эди, бир ёғи қишлоқчилик, бир ёғи харажат масаласи, дегандек) Даврон аканики эди. Лекин Мавлон акасига:
— Уч-тўртта оғайнилар билан ўтиришмоқчи эдик. Бугун оғайнимиз Рашиднинг туғилган куни. Хотини жуда заҳар, уйига боргимиз йўқ, — деб навбатни алмаштиришни илтимос қилди. Даврон ака:
— Шу дўконда оғайниларинг билан ўтиришинг менга ёқмайди-да. Ана, уйингда ўтир, жуда бўлмаса, меникида ўтир, — деди. Мавлон эса:
— Биринчи марта эмас-ку, бу ер бемалолроқ-да, — деб ўз айтганидан қолмади. Даврон ака ўша кеч кўнгли бўшлик қилгани учун ўзини умрининг охиригача кечиролмай кетди.
… “Шайтоннинг суви” оғизларига тегиб, қизишишгач, Мавлоннинг ўртоқлари:
— Ҳадеб кириб-чиқиб юрамизми? Бир чеккада пишаверади-да, — деб кабоб кўрасини дўкон ичига кўтариб киришади. Кейин ўзлари қартабозликка берилиб кетишади. Кўрадаги ялтираб ётган чўғлар парволарига ҳам келмай, еб-ичишади, уйқуга кетишади. Қишлоқ аҳли гуриллаб ёнаётган дўкон алангасидан уйғониб, югуришганида анча-мунча нарса куйиб кул бўлган эди. Бир бало қилиб, маст уйқуни ураётган оғайниларни олиб чиқиб улгуришади.
Азимбой:
— Шарт — битта. Тийин-тийинигача тўласаларинг даъвойим йўқ. Бўлмаса борадиган жойларинг — маълум, — деди.
Ака-укаларнинг оила аъзолари маслаҳатга йиғилишганида, Мавлон:
— Ака, жигарчиликда “Айб сеники, айб меники”, деган гап бўлмайди. Дўконни тенг шерик юритармидик, демак, айб иккимизники. Менинг уйим — кенгроқ. Тағин бу ота-боболаримиздан мерос қолган уй. Сизнинг ҳам, жиянларимнинг ҳам ҳаққи бор. Келинг, сизнинг уйингизни сотайлик-да, Азимбойнинг оғзини ёпайлик. Сизлар бизникига кўчиб ўтасизлар, онамизнинг тор қорнига сиғганмиз, энди битта уйга сиғмаймизми? — деди. Даврон аканинг юраги азалдан нозикроқ эди. У ўзининг гавдасини кўтара олмай янада титраб турган юрагига тобора ишончсиз қараётгани учун укасининг таклифига “хўп” дейишдан бошқа иложи йўқ эди. Шу-шу Жавлон, Салима ая ва Гулсанамлар (Даврон ака ёнғин воқеасидан тўрт-беш ой ўтар-ўтмас бандаликни бажо келтирди) амакисининг уйида сиғинди бўлиб қолишди.
… Жавлоннинг қизариб-бўзариб турганининг устига кўчадан амакиси кириб келди. Унинг ҳам қовоқ-димоғи хотининикидан қолишмасди. Фақат шу бугун эмас, Жавлоннинг дадасини маъракалари ўтгандан бери шу аҳвол эди. Икки оила бир бўлиб яшаган дастлабки кунларданоқ хотинининг авзойига қарабми, ё ўзи ростдан шундай қилмоқчимиди, Мавлон:
— Ака, иссиқ-ёруғ кунлар бошланса, бу тарафдан ошхона, яна бошқа заруриятлар қуриб, уйни икки эшикли қилиб бераман. Бир-биримизга халақит бермаймиз, — деган бўлса-да, анчадан буён бу ҳақда оғиз очмасди.
— Ойи, ҳозир айни вақти. Келинойим жанжал қўзимасдан аввал амакимнинг ваъдасини эсга солайлик, ё икки эшик қилиб берсин, ё уйни сотиб, иккига бўламиз, — деди Жавлон.
Салима ая ўғлини эшикка қараб итарди.
— Бор, кўчада озгина оғайниларинг билан озгина валақлашиб, совиб кел. Бўлмаса оғзингга келган гапни валдирайверасан… Нима қилишни уйнинг каттаси — амакинг ҳал қилади…
— Э, ўша катта бўлган…
Салима ая ўғлига бошқа гап гапиртирмади. Гоҳ елкасини силаб, гоҳ турткилаб чиқариб юборди. Жавлон кўчага чиқиб, бирпас йўл ўртасида серрайиб туриб қолди. Ҳаво совуқ эди. “Эҳ, қани эди, қор ёғиб юборса, ичимдаги ғуборлар анча тарқаб кетарди”, деб ўйлади Жавлон. У кўксини тўлдириб нафас олган эди, йўтали тутди. Қаерга боради? Яна Гулшодаларнинг кўчасидан ўтадими? Яна унга “sms” ёзиб, жавоб кутадими? Гулшоданинг мусичанинг юрагидай юраги бор. Ўнта “sms”ига зўрға битта жавоб ёзади. Нуқул “акам”лайди. Ҳамма қизнинг ҳам акаси бор. Мана, Жавлон ҳам ака. Тўғри, у ҳам Гулсанамни қизғанади. Лекин бировга кўнгли борлигини билса, Гулшоданинг акасидака ғазабланмайди. Яхши оила, яхши йигит бўлса, бас-да. Қиз бола барибир бировнинг хасми-ку.
Жавлоннинг оёғи барибир яна Гулшодаларнинг кўчасига тортаверди. Узоқдан бўлсаям битта кўрса, ҳозир безовталаниб турган юраги сал таскин топармиди? Аксига олгандек, Гулшодаларнинг уйига яқин қолганида чорраҳадан кўпчилик “Уч оғайни ботирлар” деб атайдиган Асқар, Аброр, Ботирлар чиқиб келишди. Жавлон курткасининг ёқасини кўтариб, уларни кўрмаганга олиб, ён тарафга ўтиб кетмоқчи эди, улар Жавлонни кўриб қолишди.
— Ҳа, Жавлонбой, яна бу тарафларда ўралашиб қолибсиз?
Бу “манқа” деган яна бир лақаби бор — Асқар. Унинг бурнининг ичида нимадир ўсган, дейишади. Балки шунинг учундир, димоғида гапиради. Тезроқ сўзлашга тушиб кетса, гапини тушуниб ҳам бўлмайди.
— Ўзим шундоқ… — деди Жавлон улар билан пачакилашиб ўтиргиси келмай. Чунки гап талашиш бошланса, Жавлоннинг жаҳли чиқиб кетиб, ўзини тута олмай қоларди.
— Нега ўзингизнинг “шундоқ” бу кўчаларда айланиб юришингизни бизни билмайди, деб ўйлайсизми? Жуда яхши биламиз-да. “Гул тергани келганмиз, гулни баҳона қилиб-а…” Йигитлар Аброрнинг бу гапларига қийқириб кулишди. Жавлон улар бекорчиликдан эрмак учун гапни гапга улашаётганини сезиб турарди. Индамай, тескари бурилиб кетса ҳам бўларди, лекин улар яна қаердадир, айни бир давра йигитлар йиғилган жойда:
— Жавлонга гапириб ўтирманг, унинг исми Жавлон, халос. Ўзида юрак дегандан асар йўқ, — тарзида гап гапириб уни изза қилишлари мумкин. Шунинг учун Жавлон энди уларга яқинроқ келди.
— Ҳа, шунақа. Худди сизлар ўйлагандек. Хўш, нима демоқчисизлар? Айтадиганларингни тез-тез чайналмай айтинглар! — деди.
Улар баъзан Жавлоннинг мана шунақа тикка келишидан бир оз ҳайиқишарди, бу гал эса кайфлари чоғ эканми, бир гапдан қолишмади.
— Биз сенга нимаям дердик? Ҳадеб кўчамизда ўралашаверсанг, Ғайрат акага бир оғиз айтиб қўямиз, — деди Ботир. Ўртага Гулшоданинг акасининг исми тушди. Жавлоннинг юраги ғалати бўлиб кетди. Лекин гапдан қолмаслиги кераклигини билиб турарди.
— Кейин суюнчисига Ғайрат акамнинг эски калишини оласизларми? Ё почаси йиртиқ эски шиминими? Жавлон атайлаб “Ғайрат ака” демасдан “Ғайрат акам”, деди. Бу билан Гулшодага анча яқинлиги борлигини яна бир карра сездирмоқчи бўлди.
— Ҳўв, сенга калишу шимдан гапиришни ким қўйибди? Аввал бошингга бир том тиклаб ол! Тепангдан ёмғир, қор ўтиб ётибди-ю, яна бировнинг синглисига ҳуштак чалиб юрганинг нимаси?
Жавлоннинг жони ҳалқумига келди. Энди қайси бирининг ёқасидан олсам экан, деб ҳезланиб келаётган эди, телефони жиринглаб қолди. Синглисининг сувратини кўриб икки қадам орқага ташлади.
— Нима гап, тинчликми? — деди. Синглиси ҳуда-беҳудага қўнғироқ қилавермас, онаси ҳам кейинги пайтларда нафаси сиқиб, кўкариб қоладиган бўлган, Жавлон шундан хавотир оларди.
— Ака, тез келинг. Амаким уйдан ҳайдаяпти, — Гулсанам шундай деди-ю, йиғлаб юборди.
Жавлоннинг орқасидан йигитлар нимадир деб қийқириб кулишди. У болохонадор қилиб сўкинди-да, уйга ўқдек учди.
… Эшикдан ҳовлига кирганида, амакиси қўлини белига тираб, нимадир гапираётган хотинининг ёнида турар, Салима ая билан Гулсанам кўринмасди. “Ҳайдабди!” Жавлоннинг миясига шу сўз урилди, у ёқ-бу ёққа қараб, кўзи ўчоқнинг ёнида ўтинларнинг устида ётган болтага тушди…
* * *
— Мавлон жонлантириш бўлимида эмиш…
— Икки марта болта ебди, унинг иши худо билан…
— Э, худойим, қондошлар шунчаликка борса-я, ўзинг инсоф бер!
… Жавлон бу гапларни эшитмас, эшита олмайдиган жойда, онаси ва синглисига яратгандан сабр сўраб ўтирар эди…
Қутлибека РАҲИМБОЕВА.
Манба: tasvir.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди