Қадим-қадимдан овқат тайёрлашда турли-туман зираворлардан фойдаланиб келинган. Улар таомларнинг мазасини, кўринишини яхшилашда ишлатилади. Шу билан бирга зираворлар турли касалликларга даво ҳамдир. Фақат уларни қандай ишлатишни билиш керак.
Юртимизда ишлатиладиган аксарият зираворлар ва уларнинг фойдали жиҳатлари барчага ҳам маълум эмас. Ўйлаймизки, зираворлар ҳақида келтириб ўтилган маълумотлар барчангизга бирдек фойдали бўлади…
Мазасидан кўра давоси афзал!
Биласизми, барчамизга маълум бўлган зираворлар таомнинг мазасини, кўринишини яхшилабгина қолмай, овқатларни В1, В2, C витаминлари ва каротин, минерал тузлар ва бошқа фойдали моддалар билан ҳам бойитади. Баъзилари эса маълум бир касалликлардан фориғ бўлишда ёрдам беради. Масалан:
- Дафна япроғи стоматитга барҳам беради, организмдан шлакларни чиқаради, иммунитетни оширади, шамоллашга қарши курашиш хусусиятига эга.
- Арпабодиён шамоллашга қарши яхши восита, гепатитда жигар фаолиятини яхшилайди.
- Бадьян номли ажойиб зиравор эса томоқ оғриганда ва йўтал хуруж қилганда яхшигина ёрдам беради. Дорихоналарда сотиладиган йўталга қарши “Пектусин” таркибида ҳам айнан шу ўсимлик бор.
- Шамоллашдан занжабил илдизи ёрдамида ҳам қутилиш мумкин. Бундан ташқари, у бурун оқиши, йўтални ҳам қолдиради. Чанқоқни босишда ва овқат ҳазм қилиш муаммоларида ҳам фойда беради.
- Юрак ва нафас органлари безовта қиладиган беморлар таомга Чили гармдорисидан қўшиб еганлар маъқул. Агар сиз шишлардан холос бўлишни истаётган бўлсангиз, петрушка таомингизга солинг.
- Имтиҳон ёки бирор-бир муҳим маърузалардан олдин қалампирмунчоқ қўшилган бирор-бир таом истеъмол қилинг. Бу зиравор хотира ва фикрлай олиш қобилиятини яхшилайди. Қалампирмунчоқ яллиғланишга қарши ва оғриқни қолдириш хусусиятига ҳам эга.
Қайси зираворни танлаш керак?
Таомингиз мазали ва хўшбўй чиқиши учун қайси маҳсулотга қандай зираворлар тўғри келишини ҳам билиб олишингиз керак. Бунинг учун бизнинг қўлланмамиздан фойдаланинг.
Гўштга: қизил, қора, хушбўй гармдори ёки қалампирмунчоқ, зира, куркума, пиёз.
Парранда гўштига: розмарин, маврак, райҳон.
Балиққа: дафна барги, занжабил, хушбўй гармдори, пиёз, кашнич, чили гармдориси, хантал, шивит.
Грилга: қизил гармдори, хўшбўй гармдори, кардамон, занжабил, чили гармдориси.
Сабзавотларга: қизил, қора, хушбўй гармдори, занжабил, куркума, кашнич, хантал, кардамон, зира, қалампирмунчоқ.
Мевали шарбат, компотларга: долчин, қалампирмунчоқ, занжабил, бадьян, кардамон.
Паштетларга: долчин, занжабил, дафна барги, қалампирмунчоқ, бадьян, кардамон.
Пишириқларга: қалампирмунчоқ, долчин, бадьян, занжабил, кардамон, хушбўй гармдори, апельсин пўстлоғи, арпабодиён.
БИЛИБ ҚЎЙГАН ЯХШИ!
Баъзи зираворлар умуман бирга қўшиб ишлатилмайди. Масалан, зира иштаҳани очиб, овқат ҳазм бўлишини яхшилайди, бироқ у билан бирга бирорта зираворни (туз ва қалампирдан ташқари) таомга солгудек бўлсангиз, қорнингиз қанчалик оч бўлмасин, бу таомни ея олмайсиз. Чунки у бемаза бўлиб қолади. Ошқозон овқатни яхши ҳазм қилиши учун тавсия қилинадиган райҳон эса саримсоқдан бошқа зираворга тўғри келмайди.
Ўзингиз майдаланг!
Туйилган зираворлар қайта ишланаётган вақтда ўз хушбўйлигининг деярли ярмини йўқотади. Шунинг учун зираворларни ўзингиз мустақил майдалаганингиз яхши. Фақат ёдингизда бўлсин: зираворлар ташқи ҳидни осонгина ўзларига сингдириб олади. Шунинг учун уларни тайёрлашдан олдин қўлларни яхшилаб ювиш лозим. Агар сиз қуритилмаган, яъни янги узилган зиравор кўкатлардан фойдаланмоқчи бўлсангиз, фарфор билан ишлов берилган тахтакашни танланг. Агар сиз кўкатларни мана шундай тахтакашда майдаласангиз, уларнинг маза ва таъмини тўлалигича сақлаб қолишга эришасиз.
Таомингизнинг янада мазали чиқиши учун…
Агар сиз жудаям хуштаъм ёғли овқат пиширмоқчи бўлсангиз, зираворларни одатдагидан кўра кўпроқ солишга тўғри келади. Ёғ билан қоришган зираворлар ўз хушбўйлигининг ярмини йўқотади. Туз эса, аксинча, унинг тотини янада кучайтиради. Шундай экан, зираворлар қўшилган таомларга тузни меъёрдан камроқ солиш лозим.
Авваллари зираворлар ёғда қовуриб олинган ва сўнгра бу ёғда бошқа маҳсулотлар қовурилган. Албатта, зираворлар ёғга қовурилгач, бу таомга бошқача хушбўйлик ва таъм беради, лекин бундай овқатни саломатлик жиҳатидан фойдали дейиш мушкул. Чунки айрим зираворларни ёғда қовуриб бўлмайди. Зираворлар ёғда қовурилганда унинг таркибидаги фойдали моддалар йўқолади ва токсинлар ажралиб чиқа бошлайди.
Тартибни унутманг!
Зираворларни овқатга қўшиш тартиби ҳам мавжуд бўлиб, лавр япроғи, хушбўй мурч, қора кардамон, долчин ва бошқа зираворларни овқат пишира бошланганда солинади. Қора мурч, зира овқат пишишининг ўртасида, занжабил ва бошқа майдаланган зираворларни эса овқатни оловдан олишдан аввал қўшиш лозим. Яна бир маслаҳат: хуштаъм таомларни пишган заҳоти еган маъқул. Зираворлар солинган таомни қайта иситсангиз, мазаси йўқолади.
ҲАР БИРИ АЛОҲИДА ДУНЁ
Қуйида ўзбек ошхонасида кенг ишлатиладиган зираворларнинг фойдаси ва ишлатиш қоидалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз:
Кашнич уруғи
Кашнич уруғи аччиқ ва ширин таъмга эга. Ўткир бўлишига қарамасдан танани совитади. Бу зиравор таркиби ҳам турли эфир мойлари, оқсил ва бошқа фойдали моддаларга бой. Буйракларни даволайди, қум ҳамда тошдан тозалайди. Танада ёғнинг тўғри тақсимланишини таъминлайди. Ичбуруғ касаллигига қарши дори воситаларга қўшилади.
Лавр япроғи
Тахир ва ўткир таъми бор, танани қиздиради. Жиғилдон қайнашига олиб келиши мумкин. Тез асабийлашадиган кишиларга антидепрессант сифатида тавсия этилиши мумкин. Кўп миқдорда истеъмол қилиш мумкинмас.
Зира
Пазандаликда кенг қўлланилувчи зира ўткир таъмли зираворлар гуруҳига мансубдир. У қовурма таомлар, гўштли пишириқлар ва гуручли егуликларга қўшилади. Атала, нўхатшўрак, балиқ гўштидан тайёрланган таомларда эса ундан фойдаланиш тавсия этилмайди.
Таркибида эфир мойлари ва ошловчи моддалар мавжуд. Педиатрияда бола қорни дам бўлишига қарши қўлланади. Эмизикли оналарнинг эса сутини кўпайтиради. Мия фаолиятини мустаҳкамлайди, кўриш қобилиятини, иштаҳани ва хотирани яхшилайди, сафро ҳайдайди. Пазандачиликда деярли барча иссиқ овқатларда ишлатилади. Баъзида нонга ҳам қўшилади.
Ялпиз
Ялпиз ҳам доривор ўсимликлар, ҳам зираворлар сирасига киради. Турли чой, қайла, ҳатто яшил ранг учун ҳам ишлатилади. Қуритилган, тоза шаклида ҳам турли салат ва сабзавотли овқатлар тайёрлашда қўлланилади. Тоза ялпиздан торт ҳамда бошқа ширинликлар учун безак сифатида фойдаланиш мумкин. Тиббиётда эса сафро ҳайдовчи, жигар касалликлари, ўпка ва ошқозон-ичак тизимини яхшилаш учун фойдаланилади. Таркибида, витамин, эфир мойлари бор.
Қора мурч
Мурч универсал зиравор бўлиб у барча таомларга, сабзавотли, гўштли ва балиқли барча маҳсулотларга, салатларга қўшилади. Чунки у хуштаъмлик мазасини беради.
Қора мурч аччиқ ва ёқимли мазага эга. Танани қиздиради. Кучли антиоксидант ва антибактериал таъсирга эга, яхши ҳазм қилишга ва вазн камайишига ёрдам беради. Хотирани яхшилайди, мияни тозалайди, тонзиллит, бронхит ва юрак касалликларини даволайди.
Чили гармдориси
Таомга аччиқ таъм берувчи, иштаҳа очувчи қизил қалампир кукунидан асосан гўшт маринадлаш ва қайлалар тайёрлашда фойдаланилади. Уни гуруч, картошка, сабзавотларга ҳам қўшиш мумкин.
Барра ҳолатда бу зиравор сабзавотли таомларда ва тузламаларда ишлатилади. Хуштаъмлик сифатида эса таомларда қуруқ ёки майдаланган ҳолатда ишлатилади.
Зарарини ҳам унутманг!
Зираворлар меъёридан ортиқ ишлатилганда ҳиқилдоқ, қизилўнгач, меъда шиллиқ қаватларига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун, агар бу аъзолар билан боғлиқ касалликлар бор бўлса, зираворларни меъёридан ортиқ ишлатиш тавсия қилинмайди.
Сурункали гастрит касаллигида хантал ва пиёз ейиш мумкин эмас. Ерқалампир (хрен), саримсоқ, яшил қалампир, турпларни чекланган миқдорда ишлатиш мумкин.
Меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси касаллигида хантал, қалампир, ерқалампир ва аччиқ газакларни истеъмол қилиш мумкин эмас.
Сақлаш қоидалари
Зираворларни тўғри сақлаш лозим. Йирик зираворлар музлаткичда, майда кукун ҳолига келтирилганларини хонанинг қоронғироқ жойида, оғзи ёпиладиган шиша идишга солиб асраган маъқул. Зираворнинг таъми 1-2 йилгача яхши ҳолатда сақланади. Шундан кейин унинг маза бериш хусусияти заифлашиб боради.
Таъмида янглишмаслик учун уни қўлингизга тўкиб, доналарини эзғилаб кўринг. Шу вақтда унинг ҳиди димоғингизни қитиқласа ва бармоғингизда кукун изи қолса, демак, танловда адашмадингиз.
КАМОЛА тайёрлади.
Манба: tasvir.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди