Иш фаолиятимиз туфайли кун давомида ўтиришга мажбурмиз ёки автобусда бўш ўрин бормикан, дея жой қидирамиз. Уйга келгач эса аҳвол яна шу: уй юмушлари билан бир оз шуғуллангандан сўнг “чарчадим”, деб ойнайи жаҳон қаршисига ёнбошлаб оламиз. Овқатлангандан кейин ҳам ҳаракат йўқ. Оқибати маълум: йилдан-йилга тана вазнимизга вазн қўшилиб, кўпайиб бораверади. Таниш-билишларнинг кўришганда кинояли гаплари, бозорда ёқтирган кийимингизнинг сизбоп ўлчамининг йўқлиги ҳам майли-я, аммо ортиқча вазн тобора соғлиғимизга таъсир қилиб бориши ёмон.
Энди яхшилаб ўйлаб кўринг, балки ўзингизни қўлга олиб, озишга ҳаракат қиларсиз?
Семиришнинг сабаб ва оқибати
Маълумки, истеъмол қилинган овқат танамиз учун қувват манбаига айланади. Аммо биз кам ҳаракатлансак ёки нотўғри овқатлансак, ҳаётимизда асаббузарлик кўп бўлса, қувватнинг ярми сарфланиб, қолган қисми ёғ қатлами сифатида танада қолиб, кўпаяверади. Хуллас, семириш танамизда моддалар алмашинувининг бузилиши сабабли рўй беради.
Ортиқча вазн ташқи кўринишнинг ўзгаришига ва бир қатор касалликларнинг ривожланишига олиб келади:
*қонда қанд миқдорининг ошиб кетиши (қандли диабетнинг 2 тури);
*хафақон касаллиги;
*саратон ишемик касаллиги, инсульт;
*саратон. Ёғли, қовурилган таомлар таркибида канцероген (саратон чақирувчи) моддалар ҳосил бўлади. Шунинг учун бу каби овқатларни ҳафтада бир мартадан ортиқ истеъмол қилмаслик тавсия этилади;
*тунги апноэ (уйқу пайтида нафас олишнинг бузилиши) семиз кишиларда кўп кузатилади;
*суякларнинг мўртлашиб, синувчанлигининг ошиши. Тана вазни камайганда ҳамда кальцийга бой дармондорилар қабул қилганда бу хавф ортда қолади;
*ўт-тош касаллиги. Семиз кишилар қонида холестерин даражаси юқори бўлади. Бу хавфли омил эса жигар, ўт-тош касалликларига йўл очиб беради;
*ҳайзнинг кечикиши. Кўпинча семизлик гормонлар фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ бўлади. Бу эса ўз навбатида аёллар саломатлигига ҳам таъсир қилмай қолмайди.
Озмоқчимисиз, истеъмолингизга эътиборли бўлинг!
Ярим тайёр ёки тайёр маҳсулотлар истеъмолига чек қўйинг, негаки, ишлаб чиқарувчилар тайёр маҳсулотларга иштаҳани қўзғатувчи қўшимчалар қўшишади. Мисол учун, турли хилдаги пишириқ (печенье), колбаса, чипс, қотирилган нон, ярим тайёр маҳсулотлар: чизбургер, гамбургер ва ҳ.к. лар таркибида Е621(натрий глутамат) қўшимчаси мавжуд. У иштаҳани қўзғаб, маҳсулотни меъёрдан ортиқ истеъмол қилишга ундайди.
Писта чақманг. Баъзилар иштаҳани йўқотиш учун кунгабоқар пистаси ёки ерёнғоқ чақишни хуш кўрадилар. Асло бундай қилманг. Негаки, бир пиёла писта чақиш бир лаган ёғли палов ёки қовурма гўштни ейиш билан баробар. Писта чақишни бошлаган одамнинг тўхташи нақадар қийинлигини ҳисобга олсак, қанчалик семириб кетиш мумкинлигини тасаввур қилаверинг.
Ётишдан олдин албатта бир пиёла қатиқ ичишга одатланинг. Бу нафақат оздиради, балки ошқозон-ичак муаммоларидан ҳам халос қилади.
Овқатнинг миқдорини камайтиринг. Кўп овқат ейиш натижасида ошқозон деворлари кенгайиб кетади. Бу одатга айланса, семиришдан қутулолмайсиз. Аксинча оз-оздан, аммо ҳар 3-4 соатда овқатлансангиз, ошқозон торайиб, мияга очиқиш ҳақидаги сигналлар бормайди.
Цитрус мевалар ҳидидан баҳраманд бўлинг. Маълум бўлишича, лимон, мандарин пўстидан таралаётган ҳидлар иштаҳани “алдайди”. Қорнингиз очган заҳоти цитруслар пўчоғини паст оловда куйдириб ҳидласангиз, иштаҳа ўз-ўзидан йўқолади.
Сақич чайнаманг. Бу ҳолатда ошқозон шираси кўпроқ ажралиб бу ҳам иштаҳани очади. Бундан ташқари, сақич таркибида углеводлар мавжуд. Улар эса танага сингиши билан ёғларга айланади. Сақични фақат овқатдан кейин 15 дақиқа чайнаш мумкин.
Тез озиш мумкинми?
Албатта, бугунги кунда кенг тарғиб қилинаётган бир ой, боринг-ки бир ҳафта давомида ортиқча ҳаракатларсиз “мўъжизали озиш” усуллари ёрдамида озасиз. Аммо бунинг соғлиққа зарари йўқ, деб ким кафолат беради? Бу каби усуллар организм учун зарарли бўлиб, унинг зўриқиб ишлашига олиб келади. 1-2 ойдан кейин йўқотилган килограммлар қайтиши ҳам мумкин. Бундай қалтис усуллардан фойдаланиш ўрнига тана вазнини аста-секинлик билан камайтириб бориш тавсия этилади. Бунга эришиш учун, энг аввало, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилишингиз, жисмоний машқлар билан шуғулланиш, кўпроқ пиёда юриш ҳамда зарарли одатлардан воз кечишингиз керак бўлади. Бунинг учун сизга 4-6 ойгача вақт керак бўлади. Аммо озишнинг бу усули энг фойдали бўлиб, қайта семириб кетишдан сақлайди.
Жисмоний фаоллик соғлиққа фойда
Жисмоний фаолликни оширинг. Энг аввало, уй юмушларини фарзандларингизга юкламай, ўзингиз бажаришга одатланинг. Ишдан қайтаётиб бир бекат олдин тушиб қолсангиз, ўзингизга фойда. Илк машғулот 10 дақиқадан ошмаслиги зарур. Кейинчалик пиёда юришни кунига уч мартагача оширинг. 2 ҳафтадан кейин масофани 100-200 метрдан 2-3 баробар кўпайтиришингиз мумкин. Фақат ўзингизни зўриқтирманг.
Жисмоний машқлар қачон ёрдам беради?
Агар эрта туришни афзал биладиганлар тоифасидан бўлсангиз жисмоний машқларни нонушта ва тушлик орасида бажарганингиз маъқул. Эрталаб туриш қийин бўлган аммо кечга яқин “жонланиб кетадиган”лар учун тушлик ва кечки овқат ораси танланади. Машғулотлар овқатдан 2 соат кейин кейинги овқатдан бир соат олдин оралиғида бўлиши керак. Агар машқларни ишдан кейин бажармоқчи бўлсангиз, енгилроқ овқатланишга тўғри келади. Негаки, ҳазм бўлиши қийин ёғли, қовурилган овқатлар устига жисмоний машқларни бажариш организмга фақат зарар қилади. Бундай пайтда 100-150 метр пиёда юриб сайр қилиш фойдалироқ.
“Нега ҳеч озмайман?”
Юқорида айтиб ўтганимиздек, озиш учун камроқ овқат истеъмол қилиб жисмоний фаолликни ошириш керак. Аммо баъзи ҳолларда бунинг ўзи етарли бўлмайди. Қуйидаги маслаҳатларга риоя қилсангиз, албатта озасиз:
Ҳар куни яхшилаб нонушта қилишга одатланинг. Эрталаб тайинли нонушта қилмаган инсонларнинг тушликда меъёрдан ортиқ овқат ейиши исботланган.
Кунига 3 маҳал овқатланишни канда қилманг. Шунда овқатлар орасида қорин тўйдиришга зарурат қолмайди.
Кўпроқ суюқлик ичинг. Кун давомида 8 пиёлагача сув (чой, шарбат эмас) ичишга одатланинг. Сув тўқлик ҳиссини пайдо қилиб, организмни заҳарли моддалардан тозалайди.
Оч юрманг. Бунда организм зарарли гормонларни ишлаб чиқаради. Улар эса танамизда ёғ заҳираларини “ғамлайди”. Қувватли (гўшт ёки тухум кўпроқ солинган) овқатларни истеъмол қилсангиз, қорин тез очмайди.
Вақтида ухлашга ҳаракат қилинг. Тунги уйқу пайтида ўсиш гормони ишлаб чиқарилиши боис организмдаги қувватни айнан ёғ қатламидан олади. Айнан шунинг учун эрталаб уйғонганимиздан кейин тана вазнимиз кечга қараганда 500 грамм енгилроқ бўлади. Шундай экан, организм тўлақонли дам олиши учун инсон 8 соатдан кам ухламаслиги керак.
Овқатга туз, зиравор қўшишда меъёрга эътибор беринг. Гап шундаки, овқат, ичимликлар таркибидаги суюқлик организмдан чиқиб кетиши керак. Акс ҳолда кўз остида шиш, юз терисининг салқиши кабилар кузатилади. Туз организмда 5-7 литргача сув сақлаб қолишга қодир. Бир ҳафта давомида тузи паст овқатлар истеъмол қилсангиз 7 килограммгача озишингиз мумкин! Зиравор, помидор қайласи, кетчуп, ерқалампир, тузламалар, кўкпиёз, саримсоқ пиёз кабиларни ҳам чегаралаш лозим. Негаки, улар иштаҳани очиб, ёғ ва углеводлар сўрилишини кучайтиради. Оқибатда инсон яна семириб кетади.
Озиш учун рақс турларидан фойдаланинг. Мисол учун хоразмча, арабча рақс ўйнаганда қорин соҳасидаги ёғ қатламидан халос бўлиш мумкин.
Ҳамида БОЙМУҲАММЕДОВА,
олий тоифали шифокор-эндокринолог.
олий тоифали шифокор-эндокринолог.
Манба: Tasvir.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Филиппинда амалдор президент ва рафиқасини ўлдириш учун қотил ёллади
Киев ва Москва ўртасидаги тинчлик музокаралари: у қандай кўринишда бўлиши мумкин?
АҚШда 10 ёшли бола полицияга қўнғироқ қилиб, математикадан уй вазифасини бажаришда ёрдам сўради
Хонанда Муниса Ризаева илк марта она бўлди
Мигрень, кластер цефалгия, зўриқиш... Бош оғриғининг неча тури мавжуд?
Сайхунободда қарздор отадан салкам 75 млн сўм алимент пуллари ундирилди