
Axios нашри Доналд Трамп маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган Украинадаги урушни тўхтатиш режасининг қоралама вариантини ошкор қилди. Нашр ҳужжат ҳақиқийлигини Украина ва АҚШ расмийлари тасдиқлаганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, мазкур лойиҳа аввалроқ Олий Рада депутати Алексей Гончаренко томонидан ҳам эълон қилинган. Режа 28 банддан иборат бўлиб, у Украина келажаги ва минтақавий хавфсизлик тизимига жиддий таъсир қилувчи бир қатор таклифларни ўз ичига олади.
Вашингтоннинг босими. Financial Times маълумотига кўра, Трамп маъмурияти Киевдан тинчлик шартномасини бир неча кун ичида маъқуллашни талаб қилмоқда. Манбаларнинг айтишича, АҚШ расмийлари Украина президенти Володимир Зеленский келишувни Шукроналик кунига қадар имзолашини истамоқда. Бироқ украиналик мулозимлар бу муддатга амал қилиниши қийинлигини билдирган.
20 ноябр куни Зеленский АҚШ армияси вазири Дэниел Дрисколл бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Музокарада америкаликлар тинчлик режасини расмий равишда тақдим этган. Кечқурунги мурожаатида Зеленский Украина учун “муносиб тинчлик” зарурлигини айтди ва асосий принциплар белгилаб олинганини таъкидлади. Украина БМТдаги вакили ўринбосари Кристина Гаёвишин эса Киевнинг ўз “қизил чизиқлари” борлигини, улар “аниқ ва бузилмас” эканини таъкидлаган.
Трамп режасининг асосий бандлари (қисқача мазмун)
Ҳудудлар масаласи:
— Қрим, Донецк ва Луҳанск АҚШ томонидан де-факто Россия ҳудуди сифатида тан олинади;
— Херсон ва Запорижжя фронт чизиғи бўйича бўлинади;
— Россия Суми ва Харкивдаги эгалланган ҳудудлардан тўлиқ чекинади;
— Украина Донецкдан қўшинларини олиб чиқади ва бу ҳудуд Россия таркибидаги буфер зонага айланади.
Ҳарбий масала:
— Украина армиясини 600 минггача қисқартиради (ҳозирги 800–850 минг ўрнига).
НАТО бўйича шартлар:
— Украина НАТОга кирмаслик ҳақида Конституцияга модда киритади;
— НАТО ҳам Украинани келажакда қабул қилмаслик тўғрисидаги мажбуриятни олади;
— Лекин Украина ЕИга қўшилиш ҳуқуқини сақлаб қолади;
— НАТО Украинага қўшин киритмайди, қирувчи самолётлар Польшада жойлаштирилади;
— Россия Европа ва Украинага ҳужум қилмаслик, НАТО ҳудудини кенгайтирмаслик кафолатини беради.
Молиявий нуқта:
— Россиянинг музлатилган активларидан 100 млрд доллар Украина тикланишига йўналтирилади;
— Бу маблағдан келадиган фойданинг 50% АҚШга тегишли бўлади;
— Европа яна 100 млрд доллар қўшади;
— Қолган активлар АҚШ–Россия инвестиция фондига йўналтирилади.
Сиёсий қисм:
— Россияга қарши санкциялар босқичма-босқич бекор қилинади;
— Россия G8 форматига қайта жалб қилиниши мумкин;
— Келишувдан 100 кун ўтиб Украинада сайловлар ўтказилади;
— Урушда иштирок этган барча томонларга тўлиқ амнистия берилади;
— Ҳужжат имзоланган заҳоти ўт очиш тўхтатилади.
Украинанинг эътирози
The Wall Street Journal маълумотига кўра, Киев тинчлик режасининг энг муҳим бандларидан бири — уруш пайтидаги халқаро ёрдамни текшириш ҳақидаги талабни қабул қилмаган. АҚШ бу аудит коррупция ҳолатларини аниқлаши мумкинлигини айтган бўлса, Украина бунга жавобан “уруш давридаги ҳаракатлар учун тўлиқ амнистия” кераклигини билдирган.
Якуний хулоса қилиб айтганда, Трамп режаси атрофида муҳокамалар кучайиб, икки томон манфаатлари ўртасида жиддий зиддият намоён бўлмоқда. Тинчликка интилиш бор, аммо ҳар бир банд Украина учун жуда катта сиёсий ва ҳудудий оқибатларга эга. Музокаралар яқмн кунларда янада кескинлашиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.