
Бир сичқон бир туянинг нўхтасини қучоқлаб, йўлга тушибди. Ғурури ичига сиғмас, ўз-ўзига:
— Тавба, шундай сарвар эканман-у, ўзим бехабар қолибман, а? Мен қандай жасур эканман-ку, баҳайбат туянинг нўхтасидан тутиб, тортиб келяпман, — деб гапирарди.
Шу вақт олдидан катта бир дарё чиқибди. Сичқон дарёни кўриши билан тўхтабди. Сувга шўнғиса, албатта, чўкиб ўларди. Туя сичқоннинг тўхтаганини кўриб, бақирибди:
— Тинчликми, дўстим, нега тўхтадинг? Тезроқ бўл, шу дарёга шўнғиб, қарши томонга ўтишимиз керак. Сен йўлбошловчимсан, тўхтамай, олға бос.
Сичқон уялибди. Ноилож бўйнини эгибди:
— Мен бу дарёдан қандай ўтаман? Кўрмаяпсанми, сув жуда чуқур…
— Қани, бир кўрайлик-чи, чуқурлиги қанча экан, — деб дарёга шўнғибди туя.
Сув бор-йўғи тиззасигача эди. Сичқонга:
— Ҳой, митти қўрқоқ, сув бор-йўғи тиззагача. Қани, бўлақол, — дебди.
Сичқон қўрқувдан титраганча туяга ёлвора бошлабди:
— Эй буюк устоз, тиззадан тиззанинг фарқи бор. Сенга тизза бўйи, аммо менинг устимдан юз аршин ошар.
Туя:
— Ундай бўлса, бундан кейин сурбетлик қилма. Сен ўзинг каби сичқонларга бош бўл. Туя билан сенинг нима ишинг бор? Қани, ўркачимга чиқ, сени ҳам, сендақаларнинг юзтасини ҳам қарши томонга ўтказиб қўяман, — деб бечора сичқонни устига олиб, дарёдан ўтишни бошлабди.
Манба: Hordiq.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар