Мафтуна талабаликка қабул қилинганидан буён университет кутубхонасига энди киряпти. Икки ойдан бери шу жойда ўқияпти-ю, бу масканга илк бор мўралаши. Қўлида бир дона фотосурат, аъзолик бадали учун пул ва талабалик гувоҳномаси.
Бир амаллаб маҳобатли кутубхонанинг аъзосига айланиши билан боғлиқ масалалар тугаганидан сўнг керакли китобга буюрма берди. Кутубхоначи қиз ўн беш дақиқа кутиши лозимлигини айтди ва буюртма келгунига қадар бўш столлардан бирида ўтириб туришини таклиф қилди.
Шу ерга яқинроқ столлардан бирига жойлашди. Ундан кейинги столда учта йигит ўтириб олганди, ваҳоланки икки кишига мўлжалланган бўлса ҳам.
Жимгина ўтирибди. Ҳали буюртмаси келмади.
– Чиройли қиз эканми? – деди орқадаги йигитлардан бири паст овозда.
– Бўлади, аммо сен унга кўз олайтира кўрма, мен уриниб кўрмоқчиман, – деди бошқаси.
– Бекорларнинг бештасини айтибсизлар, иккаланг ҳам умидингларни узинглар, бу қизга яқинлашсанглар, мендан кўрасизлар, – дўқ урди яна бири шерикларига.
– Ахир, Али...
– Жим бўл, мен шундай дедимми, демак, бўлади. Истасанглар гаров ўйнаймиз, яқин орада шу қизнинг мен билан етаклашиб юрганини кўрасизлар.
Жуда ҳайратланарли, йигитлар ким ҳақида гапиришаётган экан? У ёқ-бу ёғига қаради. Қизлар кўп, биронтасининг устида баҳслашаётгандирлар-да. Аҳмоқлар, қиз боланинг устида ҳам гаров ўйнаб бўладими? Тўғри, паст овозда пичирлаб гаплашишяпти, лекин у бемалол эшитаяпти-ку!
– Буюртмангиз тайёр. Келиб, китобни олиб кетинг, – кутубхоначи қиз унга юзланди.
Ўрнидан туриб, китобни олиш учун юрди, қайтишда учовлонга яна кўзи тушди. Улар юзсизларча ўзига тикилиб ўтиришар эди. Қайси бири Али экан буларни? Жуда ўзига ишонворди-да шуниси. “Яқин кунларда уни мен билан кўрасизлар” эмиш. Қайсилигини билсайдим, мана шу китоб билан бошига...
Ҳой, тўхта, китобда нима айб? Китоблар мутолаа учун нашр қилинади, бошга уриш учун эмас.
Жойига ўтириб китобни варақлаяпти, баҳс эса ҳануз давом этаяпти. Улар қизларни тузоғига илинтириш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида шундай гапларни гапиришардики, борган сари асабийлашиб кетаётганди. Шунда биттаси столи ёнига келди ва:
– Бўшми? – деди ёнидаги стул суянчиғини ушлаб.
– Банд, – деб жавоб берди овозини бироз дағаллаштириб.
– Ҳа, мана энди банд бўлди, – деди ўша йигит курсига жойлашар экан. Сўнг Мафтунанинг юзига қараб қўшимча қилди: – Орқадаги столда учаламиз тиқилиб қолдик, шу ерда жой бор экан, бемалол ўтирайлик-а?
Орқадан “Бўш келма, Али!” деган пичирлашлар ва масхаромуз пиқир-пиқир кулгилар эшитиларди. Али дегани шуниси экан-да. Нима қилсин экан, китоб билан туширсамикин? Яна китоб дейди-я, тавба, ахир китоблар ўқиш учун ёзилади, бошга уриш учун эмас.
– Узр, сиз билан яқинроқ танишсак бўладими? – деди Али.
– Нега, яқин кунларда етаклашиб юришимиз учунми?
– Мен ундай демадим, – деди у елкасини қисиб.
– Ҳозиргина шерикларингизга айтдингиз-ку!
– Нотўғри тушунгандирсиз. Биз ахир...
– Ҳа, айнан шундай дедингиз. Ҳаммасини тўғри эшитдим, нотўғри эмас. Билиб қўйинг, бирон қизнинг сиз билан етаклашиб юрганидан кўра ит билан етаклашиб юргани яхшироқ.
“Вой, мен чидолмасдим, Али! У итни сендан яхши деди, лекин ёмон уятга қолдинг-да ўзингам”, деб мазахлаб кулди орқадагилар.
Али бошқа ҳеч нима демади. Бир уларга, бир Мафтунага тикилиб қараб қолди, холос. Сўнг ўрнидан туриб, кутубхоначининг олдига китобни қўйди-ю, чиқиб кетди.
– Янга, ёмон бопладиз лекин... – деб қийқириб қолишди ортидан йигитлар.
Эртасига биринчи дарс тугаганидан сўнг йўлакда кетаётса, кечаги йигитлардан бири келаётган экан. Ёнига яқинлашганида “Яхшимисиз янга?” деб ўтиб кетди.
Сабрини синаяпти бу ярамаслар.
Буфетга кириб компот ичаётганида эса хушрўйгина бир қиз ёнига келиб, “Ёқимли иштаҳа, янга”, деди кулиб. Майна қилишяптими, Худо жазоингни бергурлар. Шу тариқа кун давомида беш-олти киши унга “янга” деб мурожаат қилиб сўрашиб ўтди.
Нима қилса экан бу Алини! Ўша куни китоб билан туширса бўларкан, эсиз, шундай имкониятни йўқотди-я.
Эртаси куни дарсга биринчи бўлиб келди. Ундан кейин кирган курсдош йигит “Ё, ҳазрати Али” деди партага тўнкарилган стулини ерга олиб қўяр экан, ўзига ўзи гапирган куйи, аммо синовчан нигоҳи зимдан Мафтунага қадалган эди. Энди курс ичида ҳам “Али, Али” деган тегдирмалар қулоғига чалинаётганди.
Кимдандир бирор нима сўраса, “Э, Али акани ҳурмати бор, сизга йўқ демиймиз”, дейишарди. Мана, йўқ жойдан янга ҳам бўлиб олди. Алининг ўзини дурустроқ танимайди-ку, кўпчилик уни ўша йигитнинг ҳимоясидаги қиз деб ўйлаётгани ёмон-да.
Билиб олди, Али деганларининг талабалар орасида “авторитети” кучли экан. Учинчи курсда ўқиркан. Уни кўпчилик жуда яхши таниркан. Ўша йигит Мафтунанинг курсдошларига: “Бўлажак янганглар шу қиз, агар озгина ҳурматим бўлса, ҳаммангиз уни янга деб чақиринглар”, деб тайинлабди.
Курсдош йигитлар у билан иложи борича гапни қисқа қилишар, чунки Алидан ҳайиқишарди. Уни бирон-бир муносабат билан йиғилишадиган тадбирларга чақиришса, борган жойида албатта Али ўтирган бўларди. Чор атрофида Али исми айланар, ўзини пешанасига Али деган тамға босилгандай ҳис қиларди. Бу йигит йўқ жойдан эркинлигини тортиб олди, у эл қатори ўқишига, ҳамма қизлар каби яйраб юришига йўл қўймаётганди. Энг ёмони, буни бошқаларнинг қўли билан қилаётгани. Зеро, ўша кутубхонадаги баҳслашувдан кейин у бошқа бир оғиз ҳам сўз қотгани йўқ. Алининг олдига бориб, нега бундай қиляпсан, деб сўрашга юраги бетламади. Худди ночор аҳволга тушиб, ялиниб боргандай бўлади. Яхшиси, эътибор бермаган маъқул.
Ҳеч кимга қўшилолмаганидан сўнг дарсдан кейин вақтини кутубхонада ўтказишга одатлана бошлади. Албатта, “янга”чилар у ердаям бор, аммо энди бу қочиримларга парво қилмай қўйганди.
Шундай кунларнинг бирида ёнига Али келиб ўтирди.
– Аҳмоқлик қиляпсиз, – деди унга қараб.
– Бу ҳаммаси сизни асраш учун, ёнингизга ёмон ниятлиларни яқинлаштирмаслик учун, – деди Али.
– Яхши, аммо бу сизга нега керак бўлиб қолди?
– Бошқалар тугул, ўзимдан ҳам сизни қизғанганим учун.
– Менинг кўнглимни билмайсиз-у...
– Билганим шуки, сизни яхши кўраман. Бошқаси билан ишим йўқ.
– Менинг туйғуларим-чи?!
– Сизда туйғунинг ўзи йўқ, – деди Али андак жаҳл билан.
– Мен муҳаббат буюк бўлиши керак деб ўйлайман. Шунчаки севги ўйинлари мен учун эмас.
– Аммо буюклик оддийликда эканини ўйлаб ҳам кўрмайсиз. Бу кетишда муҳаббат гадоси бўлиб ўтаверасиз.
– Муҳаббат тиламчиларга бериладиган садақа эмас. Дуч келгандан садақа сўраб кўчага чиқолмаганинг каби муҳаббатни ҳам эҳсон қилинг, деб бўлмайди, – деди чертиб-чертиб.
Гапи оғир ботдими, Али ўрнидан туриб чиқиб кетди. Мафтуна унинг ортидан ўйчан нигоҳлари билан қараб қолди. “Мен ўзим ўқиган эртакларда яшайман, – хаёлидан ўтказди у. – Кимсасиз даладаги ягона қаср — бу менинг тасаввурдаги уйим. Олдида ям-яшил шолипоя ястаниб ётибди. Майда дала гуллари ва оппоқ мойчечак гўзал ҳиссиётларим, ягона дўстларим. Ёлғизликни яхши кўраман. Баъзан кимдир етишмаётгандай бўлади. Шу кимдирни топдим деганимда эса у мен қидирган одам эмаслигини билиб қоламан. Аслида қидирган одамим борми бу дунёда? Қаерда у? Қачон унга рўбарў бўламан? Қачондир дуч келаманми ўзи унга? Ёки йўқ инсонни қидираманми? Агар у йўқ бўлса, уни қидириб нима қиламан? Кимнидир қидирмасам, қандайдир илинжим бўлмаса, яшашдан маъни нима? Аммо йўқ одамни қидиришдан ҳам маъни йўқ-да. Балки қидирган инсоним Алининг ўзидир. Қалбимнинг тубидан унга жой бера олармикинман? Қийин савдо...”
Ўша кунги суҳбатдан сўнг у Алига бўлган жаҳлини сўндириб борди. Баъзан вазият юзасидан, баъзан зарурат туфайли гаплашиб турадиган ҳам бўлишди. Унчалик ёмон йигитга ўхшамайди. Кўнгли тоза, некбин кайфиятли, ҳамма билан бирдек яхши муносабатда бўла оладиган кишилар тоифасидан экан. Ораларидаги муносабат дўстона кўринишдан ҳеч ўзгармаган бўлса ҳам, Алининг кўзларидаги муҳаббат чўғи сира сўнмади. Мафтуна эса ҳали-ҳануз севги нелигини тушунолмайди. Бу асрларни титратган ҳодиса у билан ҳеч юз берармикин ўзи? У ҳам кимнидир сева оладими?
Бу орада дилларни яшнатиб кўклам эшик қоқиб келди. Чор атрофдан буғдой сутининг ҳиди, гул ҳиди, кўнгил ҳиди анқийди. Унинг ҳам қалбида ишқнинг саррин саболари эса бошлади. Яшаётганини, дунёнинг латифлигини, табиатнинг улуғворлигини ҳис қилар экан, ғир-ғир елаётган туйғулари тизгинини бироз бўшаштирди. Кўринмас бир ришта билан боғланган каби Алини юрагига яқин ола бошлади. Ҳиссиётлар кишини жуда масрур ва латиф оламга етаклар экан.
Али дўстлари билан ўша куни ўйнаган гаровида ютиб чиқди. Кўпчилик Мафтунани Алининг ёнида кўра бошлашди. Қизлар ортларидан ҳавас билан қараб қолишар, йигитлар гарчи ҳақиқатда ундай бўлмаса ҳам ўзларини эътиборсиздай кўрсатиб ўтишарди. Икки қалб бир-бирига талпинса ҳам, ҳаё чизиғини кесиб ўтишмас, ҳар иккисининг ич-ичида ҳамроҳига нисбатан чексиз ҳурмат ва меҳр уйғонганди.
“Бу муҳаббат бўлмай нима? – дея ўйлади Мафтуна. – Али юрагимга энг яқин инсондек туюляпти. Мен доимо уни қидирган эканман. Ниҳоят топдим, ниҳоят яқинидаман, ёнгинасидаман. Қўл узатса етадиган даражада яқинидаман. Уни яхши кўра бошладим, дилим мулкининг эгасига айланиб бораяпти. Ўз-ўзимга сўз бериб айтаманки, бундан буён бу йигит мени қанчалар иззат қилаётган бўлса, мен уни икки бор кўпроқ қадрлайман”.
Муносабатлар кундан-кунга мустаҳкамланиб, чуқурлашиб, яхшиланиб борарди. Қизиғи шундаки, уларнинг самимий севгисига бирон киши қаршилик қилмасди. Ҳамма уларнинг бир-бирига мос жуфтлик эканини таъкидлаб, бахтли бўлишларини тиларди. Бу муҳаббат китобларда ёзилган бошқаларидан фарқли ўлароқ, суронли, тўфонли, зиддиятли, яраловчи ва ниҳоят фожиали эмасди. Балки тунги ой ёруғида бир меъёрда сокин оқаётган сув каби жилвали ва равон эди. Йўлларида на бир тўсиқ, на бир фисқ-фасод йўқ. Ҳаддан зиёд осуда, беҳад тинч. Кўнгиллар яқин, феъллари маъқул, кўринишдан муносиб.
Ҳа, сув ойдинда бир муддат (унчалик узоқ ҳам, у қадар қисқа ҳам вақт эмас) мана шундай сокин ва бир маромда оқди. Бироқ тақдир деган яна бир тош борки, қачон ўзингни бахтли сезсанг, пешанангга қарсиллаб урилмаса...
Ана шу кун келди.
Саломатлигини тиклаш ва қизини кўриб кетиш баҳонасида Мафтунанинг онаси пойтахтга келяпти. У онасини кутиб олиш учун эртароқ йўлга чиқди. Поезд келишига йигирма дақиқача бор. Ҳали вақт борлиги сабабли вокзал ташқарисидаги болали аёл ўтирган ўриндиққа бориб чўкди. Одамларни кузатиб ўтирар экан, ёнидаги навниҳол жувон ўзига қараб-қараб қўяётганини сезди.
– Кечирасиз синглим, сиз Мафтунамасмисиз? – деб сўради сўнг ундан.
– Мафтунаман, – деди ҳайрон бўлган куйи.
– Дарров танидим, – деди жувон кўзлари ёниб.
– Кўришганмизми?
– Йўқ, биринчи бор учрашиб турибмиз.
– Унда мени қаердан танийсиз?
– Хўжайинимнинг фотоальбомида бир дунё суратларингиз бор.
– Хўжайинингиз ким?
– Али... Унинг хотиниман.
– Қайси Али?
– Шу... ҳалиги... Сиз ҳам уни танийсиз. Мана бу ўғлим ўйнаётган ўйинчоқни Алига Янги йил байрамида сиз совға қилган экансиз.
Боланинг қўлига қаради — ўйинчоқни дарров таниди. Уни танлаш учун ярим кун овора бўлганди.
– Ия, Али уйланганми? – деб сўради Мафтуна ҳайрон бўлиб.
– Ҳа, ўғлимиз иккига кирди.
– Қандай қилиб?! Ахир ҳали Алининг ўзи ёш бола-ку. Энди учинчи курсни тугатаяпти. Бундан чиқди, институтга кирмасидан олдин уйланган экан-да.
– Ҳа... Тўйимиз кириш имтиҳонидан бироз олдин бўлган.
– Нега бунча тез? Ота-оналарингиз мажбурлашганми? – сўради Мафтуна ҳамдардлик оҳангида (балки ўзини юпатиш учундир).
– Йўқ. Али билан уч йил севишиб юрганмиз, у мени бошқа биров илиб кетмаслиги учун дарҳол уйланиб олган.
Қиз ҳайратдан тонг қотди. “Ишонмайман, – ўйлади у. – Али бу аёлни севган бўлиши мумкин эмас. Ота-оналари мажбурлагани аниқ. Али мени севади. У ҳеч қачон мендан бошқасини севмаган. Кимнингдир мен билан ҳазиллашгиси келяпти”.
Жувон гапида давом этди:
– Яқинда эса у менга сизни ёқтириб қолганини, мен билан турмуш қургани англашилмовчилик бўлганини, тезроқ суд орқали ажримга келишувимиз лозимлигини айтди.
– Кейин-чи? Сиз нима дедингиз?
– Розилик беришдан ўзга иложим ҳам йўқ. Бунинг устига Али танлаган қиз, яъни сиз бинойидеккина экансиз. Юлдузинглар юлдузингларга тўғри келса бўлди. Мана, ўғлим билан уйга кетаяпмиз.
“Қанақа юлдуз? – ич-ичидан изтиробга тушди у. – Ўзининг юлдузи бор экан-ку. Алини қандай қилиб мана бу ширингина, қуйиб қўйгандай ўзига ўхшайдиган ўғлидан жудо қиламан? Бунинг устига рафиқаси фаросатли, ақлли аёл экан”.
– Али тез орада сизларни ёнига қайтаради. Ҳеч қанақа ажримнинг кераги йўқ, кетманг, – деди ҳовлиқиб-куйиб.
“Нималар бўляпти ўзи, нега бундай бўлди? Алининг иккита ҳамқишлоғи бор, улар уйланганлигини билмаган бўлишлари мумкин эмас”. Қўл телефонини олиб четга ўтди ва рақам терди.
– Собир, яхшимисиз, сиздан бир нарсани сўрайман, фақат ростини гапирасиз, бўлмаса жуда қаттиқ хафа бўламан.
– Нимани сўрамоқчилигингизни тушунгандай бўлдим. Кимдан эшитдингиз, янга, уни биз учаламиздан бошқа ҳеч ким билмасди-ку, Алининг ўзи айтдими?
– Йўқ, бошқадан эшитдим. Нега бундай қилдинглар, Собир, сиз эс-ҳушли йигитсиз-ку?!
– Унинг нияти жиддий эди-да, қолаверса яқинда янгамдан ажрашади...
– Бир янгангиздан ажралиб, иккинчисига уйланади, шундайми? – кесатди.
– Али сизни алдамаяпти, у ростдан ҳам...
– Етар, керакмас, – деб алоқани узди ва ўйлаб қолди: “Эҳ, Али, Али. Қўлимга тушсайдинг, сени ўлдирардим. Аммо бундай бўлмайди. Чунки мени бошқа кўрмайсан. Сени учратишим мумкин бўлган ҳамма жойдан изсиз йўқоламан. Ҳаммасидан кечаман. Ўқишни ташлаб, бошқа жойга, сен тахмин ҳам қилолмайдиган жойга кетаман. Мана шу аёл ҳурмати учун... Оилангни сақлаб қолишинг учун... Кўриниши сени эслатадиган жажжи ўғлинг учун...”
Зулмат чўккан кўнглига энди кўп замонлар муҳаббат ёғду сочмаслиги аниқ. Дили кўчасида лолалар ястаниб очилмайди. Туйғуларини сезмай қўяди.
Бундан сўнгра ҳеч ким ўзини янга деб чақирмайдиган жойларга кетади.
Хосият РАЖАБОВА
Манба: Darakchi.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Приморск ўлкаси Ўзбекистон билан туризм соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтирмоқчи
АҚШда амалдорлар Трамп туфайли оммавий равишда хусусий секторга кетиб қолмоқда
Республикада бўлиши номақбул деб топилган шахсларнинг рўйхати шакллантирилади
Сенсация: Неймар “Барса”нинг ашаддий рақиби “Реал”га ўтадиган бўляпти
Қирғизистон аҳолиси сони эълон қилинди
U-17 Жаҳон чемпионатида Осиёдан 9 та жамоа! Бу қандай бўлади?
Украина аскари машғулотлардан бир ҳафта ўтиб қандай қилиб асирга тушганини айтиб берди
Байден ва Макрон Ливанда сулҳ эълон қилишга тайёрланмоқда