Дўкондор чиқиб кетганидан сўнг ярим соат вақт ўтмай, ҳовлида эгнига калта юбка кийиб, сочларини ёйиб олган Маржона пайдо бўлди. Бек ака тўйи ўтганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган қизини бу аҳволда кўриб ранги ўзгарди. Лекин билдирмади. Зўрма-зўраки жилмайиб уни бағрига босди.
— Қизим, янги келин деган номинг бориди. Устингга ул-бул нарса ташлаб олмабсан-да! — деди ичкарига кириб ўтиришгач. — Уят бўлади, ахир!
Маржона бу гапга жавобан қошларини чимириб лаб бурди.
— Нима қипти? Мен замонавий аёлман. Буни ўзингиз яхши биласиз.
— Тўғри, замонавий аёлсан. Мен-чи? Менинг обрўйимни ўйламадингми?
— Дада, мен бу нарсани муҳокама қилиш учун келмадим. Келинг, мақсадга ўтайлик!
— Мақсадга? Қандай мақсад?
— Одатда оталар ёлғиз фарзанди турмуш қурса, ярим давлатини ҳадя этишарди. Сиз бўлсангиз ҳалиям жимсиз?
— Э, шуни олдинроқ гапирмайсанми? — кулди Бек ака. — Шундоғам бор давлатим сеники, қизим!
— Йўқ, менга бор давлатингиз керакмас. Ярмини берсангиз етади.
— Шунақами? Менга қара, нима каминг бор? Матназар яхшигина пул топиб турган бўлса. Тағин…
— Дада, сиз жонимдан азиз кўрадиган одамни ўлдириб юбордингиз. Мен индамадим. Эрниям сиз танладингиз. Яна индамай тегиб кетавердим. Ўзимдан ўн беш ёш катта бўлсаям чидадим. Хушвақт тўғрисида миқ этмадим. Тилимни тийдим.
— Ие, ҳали тилингни тиймаслигинг ҳам мумкинмиди?
— Албатта. Зўрман деб ўйлайсизми ҳаммадан. Ҳарқалай, ҳукуматдан зўрмасдирсиз? Ўтиб тушолмассиз?
— Сен… — Бек ака беихтиёр танасида титроқ туйиб пиёладаги совиброқ қолган чойдан ҳўплади. — Сен онангга тортибсан. Бор, арз қилавер ўша ҳукуматингга! Қани, кўрамиз, қўлингдан нима келаркин. Ҳе, кўрнамак!..
— Оғзингизга қараб гапиринг, дада!.. Агар астойдил киришсам, жарақ-жарақ пулларингиз сизга ёрдам беролмайди.
— Менда шунчалик аламинг кўпми?
— Йўқ. Ўзимда аламим кўп. Негаки, Хушвақт акамни каллакесарларингиздан ҳимоя қила олмадим. Ғафлатда қолдим.
— Ҳимоя қилолмайсан ҳам.
— Йўқ, энди мен илгариги Маржона эмасман. Бундай ҳаром ишларингизга жавоб қайтара оламан. Хўш, ярим давлатингизни берасизми-йўқми?
— Шу гапларинг учун сенга ҳемириям бермайман. — хириллади Бек ака. — Йўқол!.. Сендай қизим йўқ менинг! Кўзимдан йўқол!..
Маржона унга бир марта совуқ тикилиб олди-да, индамай чиқиб кетди…
* * *
— Ваъдангиз эсингиздами? — Маржона уйига етиб келибоқ сўрида қунишганча ўй суриб ўтирган Матназарга юзланди.
— Қайси ваъда?
— Э, сизам анави дадамга ўхшаб чайналавераркансиз-да!.. Тўй кечасидаги ваъдангиз.
— Ҳа, уми? Эсимда.
— Унда менга яхшилаб қулоқ солинг!.. Ҳозир бирга борамиз-да, банкдаги пулларнинг ҳаммасини оламиз. Ундан кейин ярайдиган-ярайдиган йигитлардан атрофингизга тўплайсиз. Тушундингизми, ё яна қайтарайми?
— Тушундим.
— Бу ишни кейинга суриб бўлмайди. «Команда»ни тузиб бўлгандан кейин дадамга тегишли қайси корхона-ташкилот, дўкон бўлса, ҳаммасига бир-бир одам юбориб улушни бизга узатиб турадиган қиламиз.
— Даданг хафа бўлмайдими?
— Бунисиминан ишингиз бўлмасин! Сиз менинг айтганимни қилинг!
— Хўп, ундан кейин-чи?
— Кейинми?.. Кейин… Дадамни ўлдирасиз!
* * *
Январ ойи яримлаб қолганди. Шу куни кечаси бўралаб қор ёғиб берди. Эрта тонгданоқ Бек аканинг хизматчи йигитлари қора терга ботиб қор куради. Шундай қилишмаса бўлмасди. Бекнинг жаҳлини ҳаммалари яхши билишади. Айниқса, арзимаган нарса учун феъли тез айниб қолади. Баъзан катта пулни бой бердик дейишса, имндамай қўл силташи мумкин. Тушлик кечикибди, ёки чироқ вақтинча бўлмас экан дейишса, тутаб кетадиган одати бор. Бу одатларини ҳар бир хизматчи ёддан билади. Шунинг учун у то уйғонгунча ҳовлини, дарвоза атрофларини қордан тозалаб, юришга йўл очиб қўйишди…
Ў, ҳаракат зўр-ку!.. — ўзининг қоп-қора «Мерседес»ида тўғри ҳовлига кириб келган Ҳусан ака йигитлар астойдил тер тўкишаётганини кўриб кулди. — Маладес!.. Хизматчи дегани худди мана шундай бўлиши керак. Бегимқул!..
Бўйдор, озғиндан келган Бегимқул шоша-пиша қўлидаги оғир белкуракни ерга ташлаб, қаддини ғоз тутганча Ҳусан аканинг рўпарасида ҳозир бўлди.
— Лаббай ака!..
— Хўжайин ухлаяптими дейман?
Ухлаганим йўқ, киравер! — уй деразаси очилиб қўлида сочиқ ушлаган Бек ака ичкаридан туриб қичқирди. — Нега қоққан қозиқдай қаққайиб турибсан? Киравермайсанми?..
Ҳусан ака бирдан жиддийлашиб, бир-икки бош қашиб олган бўлди-да, ичкарига қараб юрди. Шу аснода Бегимқулга машинани кўрсатиб имо қилган бўлди.
— Бор, машинада бир сумка қашқалдоқ отиб келганман. Ўшани анави ошпазларингга бер, яхшилаб қовуришсин! Нонушта қиламиз!..
Бек ака одатига кўра, фавворани ёқдириб бирпас чўмилган бўлди. Сўнгра баданларини нам сочиққа арта-арта ичкарига — Ҳусан ака ўтирган меҳмонхонага кириб борди.
— Хўш, Маржонадан хабар олдингми?
Ҳусан ака бир муддат жимиб қолди. Афтидан, гапни нимадан бошлашни билмай гаранг эди.
— Ҳа, нега жимиб қолдинг? — сўради Бек ака қовоғини уйиб. — Гапирмайсанми?
— Биласанми, қизинг аҳмоқлик қилмоқчи чамамда.
— Нима қилмоқчи? Мени ўлдирмоқчими?
— Э, сени ўлдирадигани ҳов-в осмонда. — Ҳусан ака кўрсаткич бармоғи билан юқорига ишора қилди. — Ҳа энди, нима бўлгандаям эрка қиз-да!.. Мени уйига киритмади.
— Ие, нега?..
— Кўрсайдинг… Ҳовлиси атрофида ўн чоғли қўриқчи турибди. Бемалол кириб боравераман десам… Қаёқда, ўн метр нарида тўхтатиб орқага қайтишимни буюришди.
— Итдай отиб ташламадингми қанжиқларни?..
— Катта кўчада қурол ишлатиб бўларканми? Биласан-ку тактикамизни!.. Улардан суриштирган бўлдим. Маржона ҳозир сенга тегишли ташкилотларнинг ҳаммасига одам юбориб, улуш талаб қилаётганмиш. Кейин… Қолганини айтишмади хумпарлар.
— Эри-чи? Матназар қаерда экан?
— Мен қаёқдан билай? Айтдим-ку, ўн метр нарида туриб гаплашдим!..
— Шунақа дегин?.. Бекорга айтишмас экан-да, ит қутурса, эгасини қопади деб!..
— Ўзимиз ҳам ўшанда нотўғри иш қилдик-да, оғайни!.. Хушвақтни тирик қолдириш керак эди.
— Гапирма ўша итваччани!.. — жеркиб ташлади Бек ака. — Унақалар гўридаям илонларга ем бўлиб ётади. Худоям кечирмайди уларни. Ахир, тузимни ичиб, яна одамлар олдида обрўйимни бир тийин қилди у!.. Бўлди, етар, ҳозироқ ўша ўзбошимчанинг олдига ўзим бораман. Қани, кўрамиз қанчалар зўр бўлиб кетганини. Отасининг пуллари билан қутуриб кетган бўлса, попугини пасайтириб қўйиш қўлимиздан келади. Тур!
— Менга қара, қашқалдоқ опкеганман. Нонушта қилайлик!
— Йўқ, ҳозир қашқалдоқ юракка сиғмайди. Бориб эр-хотин иккаласиниям…
Бек ака уёғини айтмади. Лекин Ҳусан ака нима демоқчилигини тушуниб, бош чайқаганча унинг ортидан ташқарига йўл олди…
* * *
Маржонанинг янги сотиб олинган ҳовлисида деярли жимжитлик ҳукмрон эди. Оёғини қўлига олганча, югуриб-елиб хизмат қилаётган йигит-қизларнинг ўзаро шивир-шивирларига эътибор қилинмаса, фақат қор устида чуғур-чуғур қилиб уёқдан-буёққа чопаётган тўрғай, чумчуқларгина сукунатни бузиб туришарди холос.
Маржонанинг ўзи эса, европача усулда қурилган катта зал ўртасидаги диванда хомуш ўтирганча ташқарига чиқиб кетган Матназарни кутиш билан овора эди…
Ниҳоят оёқ товушлари эшитилиб, ичкари эшик очилди.
Маржона шошиб ўрнидан турди.
— Хўш, нима бўлди? — Матназар остона ҳатлаб улгурмай сўроққа тута кетди у. — Тинчликми ишқилиб?
— Тинчлик бўлмай гўр бўлармиди? — қўл силтади Матназар. — Дадангни биласан-ку!.. Қўрқитишдан нарига ўтолмайди.
— Аниқроқ гапирсангиз-чи! Нима деди ўзи?
— Менинг «точка»ларимдан бир тийин олсанг, кўрадиганингни кўрасан деди. Ўлигимниям биров топо — лмасмиш.
— Шунақами ҳали? — деди Маржона асабий лаб тишлаб. — Йўқ, сиз қўрқманг! Ўлдиролмайди. Худога шукр ёлғиз эмасмиз. Қўл остимиздаги қўриқчилар уникидан кам эмас. Ҳали қараб турсин ўша дадам…
Маржона «Хушвақт акамнинг ўчини оламан», демоқчи бўлди-ю, негадир Матназарнинг қаршисида бу гапни тилига кўчирмай қўя қолди.
— Кечқурун тағин келармиш. — давом этди Матназар. — Ичкарига қўйишмаганига роса тутоқди.
— Ўлиб кетмайдими каллакесар. Кечқурун ҳам қандай келса, шундай қайтиб кетаверади.
— Биз нима қилиб бўлсаям, ҳимояни кучайтиришимиз лозим. — деди Матназар ташқарига ишора қилиб. — Мен биламан. Анави йигитлар мабодо Бек аканинг қўриқчилари бостириб кеп қолишса, ип эша олишмайди.
— Буни менга қўйиб беринг!.. Сиз пулни кўпайтиришнинг йўлини қидиринг! Қора доридан фойда зўр бўлади дерди дадам. Шу ростми?
— Ў, даданг асосий бойликни ўша зормандадан топади. Улуш-пулушлари чикора.
— Биз қандай йўлга қўйсак бўлади?
Матназар бир кулиб қўйди-да, Маржонанинг елкасидан тутди.
— Зўр йўлини ўйлаб қўйганман.
— Қанақа?
— Ҳеч кимга оғиз очмайсанми?
— Э, бўлмаган гапларни гапиравермасангиз-чи!.. Қанақа йўл?
— Укамни келтириш зарур буёққа.
— Нима?.. Укангизни?.. Ахир… Уни… Ўлдириб юборгандингиз-ку!..
— Жинни бўлибманми ўлдириб?.. Нима бўлгандаям, бир қориндан талашиб тушган жигарим.
— Унда… Кимни чоптириб…
— Бир алкашни топдик-да, укамнинг ўрнига ўлдириб юбордик. Барибир зўрға нафас олиб юрган экан ичкиликка пули йўқлигидан. Ёрдам бервордик.
— Шунақа денг?.. Укангизнинг ўзи қаерда унда?
— У ҳозир Қозоғистонда. Ўша ёқда бир яқин оғайнимиз бор эди. Ўшаникига беркитиб қўйганман вақтинча.
— Опкелинг Мардонни! — тўсатдан ҳовлиқиб Матназарни силтади Маржона. — У қора дори сотишни боплайди.
— Менам шуни назарда тутдим-да! Ҳарқалай, тутган ишимдан кейин оқ-қорани таниб олгандир. Энди хиёнат қилмас-а?..
Маржона бу саволга жавоб бермади. Бир керишиб олган бўлди-да, кечки овқат келтиришни буюриш ниятида ошхона томон чиқиб кетди…
* * *
Бек ака эртаси куниёқ ҳеч кимга индамасдан тўппа-тўғри милиция бўлимига борди. Узун йўлак бўйлаб подполковник Арслонов кабинети томон юриб бораркан, уни таниган милиционерлар қўлларини кўксига қўйиб салом беришар, орқасидан ўзларича шивир-шивир қилиб нималарнидир бир-бирларига уқтирган бўлишарди.
— Э, қадрдоним кепти-ку!.. — хона ичида бурқсиб кетган сигарет тутунларини ҳайдай-ҳайдай, ўрнидан туриб Бек акага пешвоз чиқди Арслонов. — Бир оғиз қўнғироқ қилиб огоҳлантириш шунчалик қийинмиди? Кутиб олардик-ку!..
— Ҳозир қўнғироқ қилишгаям вақт йўқ. — деди Бек ака таклифни ҳам кутиб ўтирмай рўпарадаги ўриндиқлардан бирига чўкиб. — Ўзинг қалайсан? Жиноятчилар камайяптими?
Арслонов бу гапдан сўнг Бек акага бирпас маъноли тикилиб турди-да, беихтиёр кулиб юборди.
— Сиз билан биз тирик эканмиз, камаймайди. — жавоб қилди ниҳоят кулишдан тўхтаб. — Шуни билиб туриб сўрайсиз-а, ака!..
— Сен нимага ўзингни тиқиштиряпсан? Ахир, бизга ўхшаганларни сен тутасан-ку!
— Шуни айтаман-да!.. Ўзингиз ўйлаб кўринг, сиз қочасиз, биз қувамиз. Агар биз бўлмасак, кимдан қочардингиз?.. Кўрибсизки, ҳаёт давом этяпти. Сиз қочаверасиз, биз ярим йўлгача қувиб борамиз-да, секин орқага қайтиб қўя қоламиз. Нима қиламиз ҳарсиллаб?.. Тўғрими?..
— Бўпти, — гапни калта қилиб мақсадга ўтди Бек ака. — Мен сенинг олдингга бошқа ишминан келганман.
— Қулоғим сизда.
— Айтганча, анавини олдингми? Бус-бутун эканми?
— Ҳа, ҳаммаси жойида. Сиз берасиз-у, яримтаки бўлармиди? Айтаверинг, ака, қандай хизмат бор?
— Ҳа, анави Матназар сўтакни билармидинг?..
— Нима?.. Сўтак дедингизми? Адашмасам, у сизга куёв шекилли?..
— Менга деса бало бўлмайдими. Хуллас, ўшани сал йўлдан четроққа олиб туриш керак бўп қолди.
— Бунақа ишларни ўзингиз ҳам қойиллатардингиз-ку!
— Йўқ, мен ўлдириш маъносида гапирмаяпман. Вақтинчалик яна турмага тиқиб туриш керак деяпман.
— Шунақами? Тағин нима айб қилди у дезертир?
— Унисиминан ишинг бўлмасин! Хизматинг учун келишилган ҳақни оласан. Фақат жуда пухта бўлиши зарур.
— Ака, қачон мен сизнинг юзингизни ерга қаратганман-а? Уни қамаш чўт бўптими? Худога шукр, бўйнида тўрт одамнинг ўлими турибди. Шуларнинг ўзи кифоя.
— Ақлингга балли! Демак, эртага кечқурун у турмада бўлиши лозим. Суд-пуд қилиб юрма!.. Мен турма бошлиғига қўнғироқ қилиб қўяман. Сенинг вазифанг, уйидан кишанлаб опчиқиб, турмагача элтиб қўйиш. Қолганини уёқдагилар боплашаверади.
— Гап йўқ. Айтган вақтингизда бажарамиз. Айтганча… Ҳақ…
— Уф-ф, ҳар сафар сўрайвераркан-да!.. Сен ишни бажар, уйингда ўтириб санаб олавер!..
— Бир умр хизматингиздаман, ака! — Бек акани маҳкам бағрига босиб миннатдорчилик билдирган бўлди Арслонов. — Яхшиям сизга ўхшаган акахонларимиз бор. Бўлмаса, бу дунёда ташвишдан бошимиз чиқмай ўлиб кетардик.
— Бўпти, дийдиёнгни бас қил!.. Мен кетдим.
— Тўхтанг, кузатиб қўяман!..
— Керак эмас. Ўзим кетавераман. Ёш бола эмасман…
Манба: hordiq.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади