19:53 / 21.10.2018
6 126

Оқибат

Оқибат
«Бошлиқ ҳозир сиз билан боғлана олмас экан, гапингиз бўлса ўринбосарига мурожаат қилишингиз мумкин...»

Энг қалин дўстлар, кўнгилга яқин хайрихоҳлар болаликда бирга ўсиб-улғайган, мактабда ёки бир турли ўқув даргоҳларида бирга ўқишган, битта ишхонада бирга хизмат қилишган инсонлар орасида бўлади. Бу табиий ҳол, албатта. Одамнинг деярли ярим умри ишхонасида кечади. Шу боис яхши-ёмон, хуш-нохуш кунларга узоқ йиллар гувоҳ бўлган ҳамкасблар бир-бирига анча қадрдон бўлиб қолади. Кимдир бошқа ишга ўтиб кетса ҳам улар ўртасидаги яқин муносабатлар, борди-келди йўқолмайди.

Бундан кўп йиллар муқаддам республика газеталаридан бирида бирга хизмат қилган яқин дўстим шароит тақозоси туфайли туғилган юрти Самарқандга кўчиб кетди. Унинг ажойиб суҳбатини, жарангдор кулгисини соғинардим. Иттифоқо дўстимнинг юртига хизмат сафари билан борадиган бўлиб қолдим. Эски қадрдонимни бир йўқлаб қўйишни кўнглимдан ўтказдим. Аммо унинг манзилини, янги ишхонасини билмасдим. Ўша биз олдин бирга ишлашган таҳририятда биз билан бирга хизмат қилган, ҳозир пойтахтдаги нуфузли бир идорада раҳбар лавозимида ўтирган самарқандлик собиқ ҳамкасбимга ҳалиги дўстимнинг манзилини аниқлаш учун телефон қилдим. Котиба бошлиқ ҳозир йўқ эканини айтгач, ким телефон қилганини сўради. Айтдим. Орадан икки-уч соат ўтгач, яна телефон қилдим. Бошлиқ ҳали келмабди. Шунда мен ўзимнинг хизмат телефонимни маълум қилиб қўйдим. Кўнглимда, собиқ ҳамкасбим. Йўқлаганимни билса, албатта, телефон қилар деган умид бор эди. Афсуски, бундай бўлмади. Хизмат сафарига жўнайдиган куним ҳам яқинлашиб қолганди. Эртаси куни собиқ ҳамкасбимнинг идорасига яна телефон қилишга мажбур бўлдим. Овозимдан таниб қолган котиба бошлиқ ўзида эканини айтаркан, бир дақиқа кутиб туринг деди. Тажанг, дилтанг кайфиятда кута бошладим. Бироздан сўнг котиба «Бошлиқ ҳозир сиз билан боғлана олмас экан, гапингиз бўлса ўринбосарига мурожаат қилишингиз мумкин экан», деди афсус оҳангида. Бошимдан бир челак совуқ сув қуйилгандек вужудим сесканиб кетди. Ажабо! Ахир, мен собиқ ҳамкасбимдан от билан туя сўрамоқчи эмасдим-ку! Бор-йўғи бир оғиз гап — ўша дўстимизнинг манзилини билмоқчи эдим, холос. Одам ҳам шу қадар ўзгариб кетадими? Ахир, кечагина бирга ишлашиб, ўзаро ҳазил-мутойиба қилишиб, гурунглашиб, тушликда бирга сомсахўрлик қилиб, оқшомлари гоҳо чойхоналарда ошхўрлик қилиб юргандик-ку!

Одамларга нима бўляпти ўзи? Мол-дунё, амал, лавозимлар ҳаммаси ўткинчи-ку!

Мундоқ қараганда одамнинг кўнглини олиш учун ўзи кўп нарса керак эмас. Буғдой нонинг бўлмаса, буғдой сўзинг бўлсин, дейдилар. Ўша амалдор ҳамкасбим икки кундан буён телефон қилаётганимни котибасидан эшитган, албатта. Аммо ўзи «Йўқлаган экансиз?» дея бир оғиз сўраб қўйишга ярамади, бундай «мурувват»ни янги, юксак лавозимдаги мавқеига тўғри келмайди, деб ҳисоблади. Кўрмаганнинг кўргани қурсин деганлари шу бўлса керак-да. Бу хом сут эмган банда билмайдики, амал курсиси бир умрга берилмаган.

Қарангки, орадан кўп ўтмай ўша амалпараст ҳамкасбимиз бошқа бир, кичикроқ идорага бошлиқ ўринбосари бўлиб ишга ўтибди, деб эшитдим. Тафсилоти ҳам қизиқ. Амалпараст дўстимиз ким телефон қилса, ўринбосарим билан гаплашаверсин, мен фақат бошлиқлар билан гаплашаман, деркан. Бундай ғалати иш тутуми юқори идорадаги катта бошлиқнинг ҳам қулоғига етиб бориб, «Э-ҳа, ҳали шунақа бурни кўтарилиб кетибдими, ундай бўлса, ўзини бошлиқ ўринбосари қилиб қўямиз», дея амр қилган экан. Кўп ўтмай у ўринбосарликдан ҳам бадарға қилинибди. Дунёда барибир адолат бор-да!

«Феълингиз — тақдирингиз» деган пурҳикмат калима бор. Дарҳақиқат, ким нимани топса, авввало, феълидан топади.

Оқибат…

Дарвоқе, тилимизда оқибат деган бир ажойиб, сермаъно сўз бор. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да у сўзга шундай таъриф берилган: «Оқибатли, қадрдонлик, дўстлик туйғуси, меҳр-оқибат ва шундан келиб чиқадиган яхши муносабатлар, мурувват».

Менимча, бу сўзни бошқа тилларга битта сўз билан таржима қилиб бўлмаса керак. Чунки у бизнинг миллий менталитетимиз билан боғлиқ тушунча. Халқимиз одамийлик ва инсоний фазилатларни омухта қилиб, биргина шу сўз билан ифодалаб қўя қолади: «Фалончи оқибатли (демак, яхши) одам!»

...Мабодо кимдандир ҳафсаламиз пир бўлса, кўнглимиз қолса, дил изҳоримизни «шуми оқибат?» тарзида маълум қиламиз. Оддий одамларнинг жайдари фалсафасига кўра, агар ўртада меҳр-оқибат бўлмаса, қариндош-уруғлар, дўстлар ҳам бегоналашиб кетади, агар меҳр-оқибат кўрсатилса, бегоналар ҳам ўзаро қариндош-уруғлардай яқин одамларга айланади.

Шундай экан, орамиздан ҳеч қачон оқибат кўтарилмасин!
Шодмон ОТАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Манба: "Оила даврасида"

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Оқибат