12:53 / 27.10.2018
8 684

Бир кунлик келинчак… (3-қисм. Биринчи фасл)

Бир кунлик келинчак… (3-қисм. Биринчи фасл)
Ёши элликларни оралаб, сочига онда-сонда оқ оралай бошлаган, ўрта бўйли, тўладан келган Қудрат Каримович телефон орқали кимларгадир кўрсатмалар бериб бўлгач, ўрнидан туриб ётоғига кирди. Ҳозир шунчалар чарчаган эдики, ҳеч кимнинг халал беришини истамасди. Бир ўзи ёлғиз қолиб дам олмоқчи эди.

— «Савдо компаниясини ташкил қилишга қилдим-у, — хаёлидан ўтказди у ётоқхона эшигини оҳиста очиб ичкарига кираркан. — Бошим балога қолди. Раҳматли Сарвинозимдан айрилдим. Биттагина ўғлим етим бўлиб қолди… Қани энди жарақ-жарақ шу пуллар илгариги бахтимни қайтариб бера олса… Қайтариб бўпти… Аксига олиб Фурқат ҳам бебош бўлиб ўсди… Уф-ф… Кимга тортяпти ўзи бу бола?.. Бирор марта уйда ўтирганини, ё олдимга бориб иш ўрганганини кўрмадим… Қаерларда юради? Кимлар билан юради ўзи?.. Энди орқасидан кузатувчи қўйишим қолдими?.. Одамлар нима дейди?..»

Қудрат Каримович, секин келиб девордаги марҳума хотинининг суратига алам билан тикилиб қолди.

— Кечир, Сарвиноз!.. Мен ўшанда сени сақлаб қола олмадим. Сен… Менинг касримга қолдинг… Ҳа, мен аблаҳ одамман! Аблаҳ бўлмасам, суиқасд бўлишини олдиндан эшитиб туриб, яна сени ўша ярамас машинага ёлғиз ўтқазиб юборармидим… Душманларимнинг ўқига учирармидим… Кечир!.. Йўқ, сен тинч ётгин, онаси! Мен ҳеч қачон сенга хиёнат қилмайман! Ҳеч бир аёлни сенга ўхшата олмайман!.. Фақат… Ўғлингдан хавотирдаман. Тушмагур ўша пайтларда сендан бироз тортиниб турарканми, ўқишигаям вақтида борарди, бемаҳал кўча санғимасди… Ҳозир бўлса… Ҳа майли, хижолат тортма, ҳали ёш-да, сал улғайса, босилиб қолар!..

— Ада, ким билан гаплашяпсиз?.. — Қудрат Каримович сесканиб орқасига ўгирилди. Фурқат экан. Унинг тунд юзларига кўзи тушган ота кўз ёшларини рўмолчасига шоша-пиша артди-да, мажбуран кулимсираб ўғлига яқин борди.

— Ҳа, нега қовоғингдан қор ёғяпти? — сўради у Фурқатнинг елкасига қўлини қўйиб. — Яна нима бўлди?

— Ўзингизга нима бўлди? Шундай катта одам йиғлаяпсизми, ада?..

— Ҳар гапларни биласан-да, ўғлим!.. Менга нима бўларди?.. Шунчаки, чарчадим… Онанг эсимга тушиб кетди шу тобда… Э, мени қўявер, ўзингдан гапир! Иш билан бўлиб сенга мундоқ эътибор ҳам беролмадим… Офисга борай демайсан ўзинг!..

Фурқат бир отага, бир онанинг девордаги жилмайибгина турган суратига қараб олди-да, диваннинг бир четига ўтириб бош эгди.

— Ада, мен сизга бунақанги гапларни сира гапирмагандим. — деди ниҳоят ҳануз бошини кўтаришга жазм этолмай. — Лекин бугун гапираман.

— Хўп, гапир, эшитаман!

— Мен тез уйланишим керак, ада!

— Нима?.. Ие, янгилик-ку!.. — кулди Қудрат Каримович.

— Мен ҳазиллашаётганим йўқ…

Ота бирдан жиддий тортди.

— Ҳазиллашмаётганингни сезиб турибман. Аммо… Уйланишдан аввал етарли маълумот олиш лозим. Иш ўрганиш лозим… Ахир, мениям боғлаб бериб қўйгани йўқ. Ёшим элликка қараб боряпти…

— Ада, нега тушунмайсиз?.. Мен бир қизни севардим. Лекин уни бошқага узатиб юборишибди…

— Ҳа, гап буёқда дегин?.. Яхши, узатиб юборган бўлишса, демак, ўша қиз сени юракдан яхши кўрмаган… Энди бошқасини олаверасан. Шунгаям қовоқ-тумшуқ қилиб юрадими йигит киши?

— Ада, сиз аниқ жавоб бермадингиз! — даст ўрнидан туриб кетди Фурқат. — Ёлғиз ўғлингизман. Сиздан шу пайтгача ҳеч нарсани қаттиқ илтимос қилмаганман…

— Мен сенга йўқ демадим-ку!.. Бугуноқ холаларингга қўнғироқ қилиб айтаман, яхши жойдан келин қидиришади. Бўлдими?..

— Бўлди…

Фурқат хайр-маъзурни ҳам унутиб хонадан чиқиб кета бошлади.

— Тўхта! — деди Қудрат Каримович ўғлининг йўлини тўсиб. — Фақат битта шартим бор.

— Хўш, қандай шартингиз бор, ада?

— Анави бекорчи улфатларинг билан ўтиришни бас қиласан. Ана шундагина мен сени уйлантираман. Маъқулми?..

— Бўпти, ада, улар билан ҳеч қачон ўтирмайман…

Фурқат хонасига кириб кийимларини алмаштиргач, тўғри бассейнга чиқди. Чайқалиб турган кўм-кўк сувга бирпас термулиб қолди. Сўнгра дарвоза томондаги қўриқчиларга кўз югуртирди. Улар Фурқатга эътибор бермасалар-да, ҳозир қандайдир буйруқ олишларини билгандек, тез-тез кўз ташлаб қўйишни канда қилишмаётган эди.

— Вей, Содиқ, буёққа кел! — буюрди Фурқат қўриқчилардан бирига. — Тез етиб кел!..

Қўриқчи кўз очиб юмгунча бассейн қирғоғида ҳозир бўлди.

— Эшитаман, шеф!

— Бор, ичкаридан бир шиша коньяк олиб чиқ… Йўқ, бу ергамас, менинг хонамга олиб кир!.. Кейин… Анави… Бориди-ку, хизматчи аёл!..

— Танями?

— Ҳа, ўшаниям айт, олдимга кирсин!

— Адангиз…

— Э, буёғи билан нима ишинг бор?.. Айтганни қилмайсанми?..

— Хўп бўлади!

— Ҳа, айтганча, мабодо адам сўраб қолсалар, билмайман деб айтгин!..

— Тушундим.

Фурқат ўзини сувга ташлаб бир-икки марта уёқдан-буёққа сузган бўлди. Барибир кўнглига сиғмади. Бир зарб билан отилиб бассейндан чиқди-ю, кийимларини қўлтиқлаб хонасига чопди…

* * *

Фурқат ичкарига артина-артина кириб бораркан, меҳмон кутадиган хонасига кираверишдаги эшик тепасига ўрнатилган баҳайбат шер ҳайкалига «Ир-р-р» дея афтини бужмайтириб қўйди-да, эшикни итарди. Хонанинг ўртасига узун стол қўйилган бўлиб, дастурхонда турли ширинликлар, ичкиликлар, товуқ дейсизми, қовурилган гўшт дейсизми, ишқилиб, егулик дегани бисёр эди.

У сўнгги пайтда бироз кичрая бошлаган юзларини оҳиста силаб, сочиқни бир четга ирғитди. Кўрдики, негадир Таня келмабди. Жаҳли чиқди. Лекин шошилмади. Аввал стол устига кўрк бериб турган француз коньягини очиб, бир қадаҳга қулқиллатиб қуйди ва охиригача ичди. Кетидан шоколад чайнади. Коньяк жуда ёқимли, хуштаъм бўлгани сабаб кетидан яна бир қадаҳни кўтарди. Негадир кайф бермагандек туюлди. Сервант ичкарисидан Нодир қолдириб кетган пича наркотикни олиб уч-тўрт ҳидлади. Ана энди кўз очиб юмгунча кайфияти кўтарилиб кетди. У камига сигарет тутатиб стол қаршисига эмас, наридаги юмшоқ диванга чўкди.

— Мумкинми? — Фурқат кескин бошини кўтариб эшик томонга қаради. Остонада калта юбка кийиб, сочларини ёйиб олган Таня жилмайиб турарди. — Чақирган экансиз!..

Фурқат аёлнинг очиқ сонларига, кўпчиб турган ярим очиқ сийналарига кўзлари қисилганча менсимайгина тикилди. Ўрганмагани учунми, ўрнидан жилмасдан, қўли билан «ёнимга ўтир» ишорасини қилди. Таня итоаткорона унинг ёнига келиб ўтирди.

— Нега чақиртирганимни биласанми? — сўради Фурқат аёлнинг елкасига қўлини қўйиб.

— Билмадим… Бирор юмушингиз бўлса керак-да!.. — кулди Таня.

— Ҳа, юмуш бор. Бугун… Йўқ, ҳозир сен билан айш қилмоқчиман.

Таня ялт этиб Фурқатнинг кўзларига боқди.

— Кутмагандинг-а? — даст ўрнидан туриб иккита қадаҳга коньяк қуйди-да, бирини Таняга тутқазди Фурқат. — Ана шунақа. Мен шунақа кутилмаган ишлар қилишга одатланганман…

— Кечирасиз-у, — Таня асабийлаша бошладими, бармоқларини тиззасига бирин-кетин уриб сўз бошлади. — мен… Бунга муносиб эмасман… Оддий хизматчиман, холос… Бунинг устига адангиз билиб қолсалар…

— Э, қўрқма!.. Мен жавоб бераман… — Фурқат энди Танянинг белидан қучоқлаб олди. — Кел, бугун мени бир хурсанд қилгин… Мени хафа қилишди. Шунинг учун ҳеч бўлмаса, сен хурсанд қилгин!..

— Йўқ, — йигитни ўзидан оҳиста итарди Таня. — Сиз ҳали ёшсиз. Агар адангиз билиб қолсалар, мени нақ ишдан ҳайдаб юборадилар…

— Адамдан хавотир олма дедим-ку!.. Бу буйруқ!.. Қани, жонидан, мана шу оппоққина сонларингни бир силай-чи!.. Воҳ, қара-я, шунча қизлар билан юраверган эканман-у, сира сенга разм солмабман!.. Офатижон экансан-ку-а?..

Таня баданида ўрмалай бошлаган қайноқ бармоқлар сеҳридан эриб кетди. Эшитилар эшитилмас ҳансираб аста-секинлик билан Фурқатнинг пинжига кирди…

Эндигина диванга ётган ҳам эдиларки, меҳмонхона эшиги секин очилгандек бўлди. Биринчи бўлиб сапчиб ўрнидан туриб кетган Таня рўпарасида Қудрат Каримовични кўрди-ю, адойи тамом бўлди. Яхшиямки, ечиниб юбормаган экан. Апил-тапил сочларини тузатган бўлиб югурганича ташқарига ўзини урди. Фурқат ҳам анча-мунча кайфи борлигига қарамай, адасининг кўзларига тик боқолмасди. Гуноҳкорона бош эгиб турарди, холос.

— Яша, ўғлим, — деди Қудрат Каримович қовоқларини уйиб. — Сендан буни кутмагандим. Тағин қаёқдаги хизматчи аёл билан-а!.. Менинг зурриёдим ҳам шунчалик паст кетадими-а?.. Ўз уйингни ҳаром қиласанми?.. Суф сенга!.. Бор, чўмилиб чиқ! Сен билан кейин гаплашаман…

Фурқат бошини кўтармасдан индамай хонани тарк этди.

* * *

— Вой аблаҳ-ей! Вой ярамас-ей!.. — Қудрат Каримович уйдаги иш кабинетига кириб эшикни ичкаридан қулфлаб олди. — Кимга тортди-а бу бола?.. Наҳотки, номуссиз қилиб тарбиялаган бўлсам?.. Йўқ, ҳамма айб ўзимда. Иш дедим, пул дедим. Болага эътибор беролмадим. Қаёқдаги энагалар, қўриқчиларга ишониб қолдим… Мана оқибати!..

Йў-ўқ, бу нарсани шундай қолдириб бўлмайди. Ҳозир… Ҳозир тадбирини кўриш зарур…

Қудрат Каримович уяли телефонини қўлига олди-да, уйдаги иш юритувчисига қўнғироқ қилди:

— Менга қара, Розиқ, ҳозир ичкарига ўтгин-да, — деди у гапни қисқа қилиб. — Анави Таня бор-ку, ўшани ишдан ҳайда!.. Иш ҳақидан қолган қутгани бўлса, бериб юбор!..

— Хўп бўлади!..

Иш юритувчи Қудрат Каримовичнинг феълини билгани учун ортиқча савол бериб ўтирмади…

* * *

Насиба бугун куёв бўлмиш Нодир билан учрашувга чиқиши лозим эди. Ташқарида куз. Ҳовлидаги ёнғоқ, олма, ишқилиб, бир-иккита шунга ўхшаш дарахт барглари ҳам ер билан битта бўлган. У аслида эрта туриб ҳовлини супурмоқчийди. Қўли бормади. Атайин чиқмади. Индамай ётаверди. Соат саккизлар бўлгандан кейингина истамай ўрнидан туриб ҳовлидаги кранда юз-қўлини ювди. Нафосат ая аллақачон ясан-тусан қилиб улгурган, ҳовлида уёқдан-буёққа безовта бориб келар, икки кўзи қизида эди.

— «Ишқилиб, ишни расво қилиб қўймасин! — кўнглидан ўтказди она қовоқларини уйганча хонасига кириб кетаётган Насибанинг ортидан тикилиб. — Илгари бунақа қайсар эмасди. Нима жин урдийкин?.. Ҳа, майли, куёвни кўрса, балки сал юмшар…»

Насиба куёвни кўриб ҳам юмшамади. Ўрта бўйли, озғин, кўзлари ичига тортган, оқ-сариққина Нодир ҳам негадир қовоқлари уйилган кўйи уни қарши олди. Қиз ҳайрон бўлди… бироз жаҳли ҳам чиқди…

— Мен сизга ўзим истаб тегмаяпман. — деди ниҳоят ўзини қўлга олиб зарда аралаш. — Уйдагилар мажбурлашди. Шунинг учун…

Давомини айтолмади.

— Биламан, Насиба, — узоқ-узоқларга тикилиб ўйчан жавоб қилди у. — Ҳаммасидан хабарим бор… Тўғриси, мен ҳам мажбуран уйланяпман сизга…

— Нима? — бу гапни эшитиб қизнинг кўзлари чақнаб кетди. — Унда… Келинг, йўқ қилиб қўя қолайлик!..

— Иложи йўқ, — деди Нодир янада маъюс тортиб. — Онамни норози қила олмайман… Ваъда бериб қўйганман…

— Ахир… Мажбуран турмуш қуриб барибир бахтли бўла олмаймиз-ку!..

— Нима қилай?.. Ожизман, Насиба!.. Қолаверса… Менам йигитман… Сизнинг суратингизни кўрсатишгандан кейин… Тўғри иш қилаётганимга амин бўлдим.

— Суратимни?.. Ким берди сизга суратимни?

— Онангиз биз юборган совчиларга бериб юборган экан… Ҳа, майли, илтимос, бирор кафега кириб ўтирсак!..

— Ҳеч қачон. — шартта жавоб қилди Насиба. — Мен ўзим севмаган йигит билан бирга ўтирмайман!..

Бу гаплар албатта йигитнинг юрагини ништардек тешиб ўтди гўё. Бироқ сездирмади. Маъюсгина кулиб қўя қолди…

* * *

Тўй яқинлаша бошлагач, Нодир аросатда қолди. Биларди. Никоҳлашдан аввал дўхтирларнинг кўригидан ўтказишади. Унинг эса, урологдан қоғози бор. Текширишса, барибир ўтказишмайди… Ота-онаси ҳам ҳеч нарсани билишмайди. Билиб қолишса…

Йўқ, айтмайди. Иш расво бўлади. Шундай келишган, гўзал Насибадан айрилади…

Тўйдан кейин-чи?.. Э, кейин Насибанинг ўзига секин тушунтириб кўради. Балки, у қайсидир йўл билан ёрдам берар… Ахир, тўй ўтгач, хотини бўлади!.. Уф-ф… Нималар қиляпти ўзи?.. Ота-онанинг орзу ҳаваси деб ўзини ҳам, бегуноҳ бир қизни ҳам бадном қиляпти-ку!.. Бу ишини Худоям кечирмайди… Яхшиям наркотик бор. Бўлмаса, бу дардларнинг дастидан аллақачон ўлиб кетарди…

Нодон йигит ўз хонасига кирди-да, эшикни ичидан беркитди. Жавондаги наркотикни қўлига олиб бир-икки чимдимини бурнига тиқди-да, яхшилаб нафас олди. Одатдагидек икки-уч маротаба акса ургач, аста-секинлик билан наркотик миясига ураётганини ҳис қила бошлади…

— Никоҳ масаласини нима қилсам экан? — эртаси куни ҳам Нодирнинг хаёлидан шу нарса чиқмасди. — Айтаман, тушунтираман. Тўй ўтгандан кейин… Йўқ, буям бўлмайди. Яхшиси, Загс бўлимидагилар билан гаплашиб кўраман. Пул таклиф қиламан. Кўнишади. Кўнмай қаерга ҳам боришарди…

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кунлик келинчак… (3-қисм. Биринчи фасл)