05:30 / 06.11.2018
9 065

Бир кечалик келинчак… (22-қисм. Иккинчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (22-қисм. Иккинчи фасл)
— Ишонасизми, — дерди машина моторига ўт қўйишни ҳам унутиб Насиба. — Эрталаб шу ёққа келаётганимда худога астойдил нола қилгандим. Дўконга кирсам-у, сиз ўтирган бўлиб чиқсангиз деб йиғлагандим. Худо эшитди фарёдларимни! Ишонасизми шундай мўъжизага?

— Нега ишонмай? — деди Билол хотиржамлик билан. — Менга худо болалигимдан ҳамроҳ. Ҳар гал раҳмимни еган. Ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаган, оч қолдирмаган. Ўқишдаям фақат худо ёрдам бериб келган. Менга қара, нега ўтирибмиз? Ҳайдамайсанми машинани?

— Вой, эсим қурсин, — дея ўрнидан қўзғалди Насиба. — Ўтиринг рулга! Мен ҳозир машина ҳайдай олмайман. Қаранг, хурсандлигимдан қўлларимгача қалтираб кетяпти!

— Бўпти, кўндирдинг, — жилмайиб машинадан тушди Билол. — Сен менинг ўрнимга ўтир унда! Узоқлашсанг, худди йўқотиб қўяётгандай ваҳимага туша бошлайман.

— Йўқотмайсиз, — деди Насиба кулиб. — Орзу қилсангизам бунга эриша олмайсиз. Мендан қутулиб бўпсиз!..

Шундай ҳазил-мутойиба, қочиримли гаплар билан ниҳоят уйга ҳам етиб келишди.

Ойша ҳовлиларни аввалгидан-да яхшироқ йиғиштирган, супур-сидир қилган. Нафосат ая эса дарвозахонада уларни муштоқ кутарди. Билол машинадан тушди-ю, худди ҳиндлар каби эгилиб, Нафосат аянинг пойини кўзларига сурди.

— Вой, ундай қилма-анг, болам, — Нафосат ая азбаройи ноқулай вазиятга тушганидан кулиб юборди. — Ҳиндиларга ўхшаб…

— Бизнинг оналаримиз ҳиндлардан камми? — дея қайнонасини қучди Билол. — Улардан ортиқроқ. Шунинг учун улар бир марта онасининг пойини кўзга сурса, биз ўн марта суришимиз керак.

— Баракалла, — деди йиғламсираб Нафосат ая. — Илойим қўша қаринглар! Кўрган битганингиз шу бўлсин!..

— Майли, сизлар ўтира туринглар, мен кийимларимни алмаштириб чиқаман!

Билол Насибага бир марта кўз қисди-ю, ичкарига чопди. Нафосат ая эса қизини яна бир марта қучиб табриклади. Сўнгра авайлабгина сўри томон етаклади.

— Кўз тегмасин, жуда киришимли йигитакан, — деди Нафосат ая ичкарига ишора қилиб. — Роса уялтирди-я!.. Илойим бахтинг кулгани рост бўлсин!

— Рост бахтим кулгани, ойи, — деди Насиба кўзлари чақнаб. — Унақа одатим йўғиди-ку, аммо бугун куёвингизнинг ўқишига кириб суриштирдим. Юрагимдаги шубҳалар ҳақиқатга яқинми-йўқми, текшириб кўришни хоҳладим.

— Хўш, кейин-чи? Шубҳаларинг тўғри эканми?

— Йўқ, ғирт ёлғонакан. Декани шунақа мақтадики куёвингизни!.. Йиғлаб юбораёздим хурсанд бўлганимдан. Аълочийкан, ҳаммалари яхши кўришаркан уни. Фақат прогулчироқ деди.

— Ҳа-а, ўзингам мактабда роса прогул қилишни қотирардинг. Ўхшатмагунча учратмас деб шунга айтишади-да, қизим! Ҳой, Ойшабегим, овқатни сузаверинг! Ўзингизам шу ерга ўтирасиз! Биргалашиб би-ир ошхўрлик қилайлик! Ўғлим эсон-омон чиқиб келганига, балолар ариганига ош буюровдим Ойшабегимга!..

* * *
Ҳаш-паш дегунча шаҳарга тун чўкди. Билол ва Насиба ёлғиз қолишди.

Айниқса, Насиба шу лаҳзаларни орзиқиб кутганди. Орзулари кўплигидан кўксига сиға қолмасди. Билолнинг елкасига бош қўйганча орзулайверди, орзулайверди…

— Айтганча, — кутилмаганда Билол нимадир ёдига тушгандек сўз қотди. — Фарзандимизга нима деб исм қўямиз?

— Ҳозир қўймаймиз, — деди Насиба маъюс жилмайиб. — Ҳали туғилмаган болага исм қўйиб бўлмайди.

— Нега? Барибир олдиндан билишимиз керак-ку!

— Хаёлингизда исмни танланг-да, ҳеч кимга билдирмай юраверинг! Шунда кўз тегмайди…

Шу тобда Насибанинг телефони безовта жиринглай бошлади. У рақамга қаради-ю, кўнгли сал таскин топиб гўшакни олди.

— Ҳа, Ноила опа, — деди мулойимлик билан. — Тинчликми? Ишлар яхши кетяптими?

— Насибахон, мен қўрқиб кетяпман, — деди йиғламсираб Ноила. — Дўконимизга тўрт-беш чоғли барзанги келиб катта пул талаб қиляпти! Кассадаги пулларни бермасак, сўйиб кетишаркан!

— Нима?..

Билол суҳбатни аниқ эшитганди. Зарда билан телефонни Насибанинг қўлидан тортиб олди.

— Сенга ҳаяжонланиш, хавотирланиш мумкинмас, — деди мажбуран тиржайиб. — Ўзимга қўйиб бер уларни! Ноила опа, беринг телефонни ўша барзангиларга! Тез бўлинг!

Киприк қоққанчалик вақт ўтиб гўшакдан эркак кишининг йўғон ва таҳдидли товуши эшитилди.

— Эшитаман! Ким бу?

— Мен Билолман, — деди у жиддий оҳангда. — Ҳозир оёқларингни қўлингга олиш-да, қури дўкондан! Йўқса, яхши иш бўлмайди!

— Хўп бўлади!..

— Ана, бўлди, — деди Билол ҳийла керилиб. — Сен фақат боламизни, мени ўйла. Бунақанги ишларни ўзимга қўйиб бер!..

— Вой, тавба қилдим, — Насиба эрининг тутган иши, бир зумда муаммони ҳал этганидан ҳайратланиб даст ўрнидан турди. — Бу қанақаси? Сиз… Танирмидингиз уларни?

— Кимни? — оғзининг таноби қочиб Насибага тикилди Билол. — Барзангиларними?

— Ҳа-да!

— Қаёқдан таний уларни? Жоним, бир нарсани тан ол! Эрингни жиноятчи зоти борки, жуда яхши таниб олган. Бу ҳам сенинг шарофатинг билан. Уларни танишим шартмас. Исмимни эшитса ҳисоб, дарров уни ўчади. Биз сен билан мана шулар ҳақида жиддий гаплашиб олишимиз керак.

— Нимани гаплашамиз? — ҳайрон бўлиб Билолга қаттиқроқ тикилди Насиба. — Кетишди-ку менимча улар! Яна нима гап бўлиши мумкин?

— Сен ҳомиладорсан, — шошилмасдан гап бошлади Билол. — Боламизни кўз қорачиғингдай асрашга масъулсан. Мен ҳам сенинг асабийлашишингга йўл қўймаслигим керак. Сен ўзингни уринтирмаслигинг зарур.

— Уринтирмайман, хотирингиз жам бўлсин!

— Йўқ, мен бошқа нарсани айтмоқчиман.

— Нимани? Гапираверинг! Қулоғим сизда, яхши йигит!

— Манави дўкон, цех, клуб… Хуллас, ҳаммасини менинг номимга ўтказмасанг бўлмайдиганга ўхшайди.

— Нима? Нега? Тинчликми?

— Тинчликмаслигини ўзингам кўриб турибсан. Улар мен бор-йўқ сени тинч қўйишмайди. Таъқиб қилавериб жондан тўйдиришади.

— Сиз борсиз-ку! Ё бош олиб кетмоқчимисиз?

— Жиннимисан? Қаерга бош олиб кетаман? Мен умуман айтяпман. Уёқда прокурор турибди тиш қайраб. Фурқат эса пайт пойлаяпти. Анави келганлар Фурқатнинг югурдаклари, аниқ билиб турибман. Агар ҳамма бизнес менинг номимда бўлса, ҳеч ким сенга ортиқча зуғум қила олмайди.

— Тавба, бу қанақаси бўлди? Нима фарқи бор кимнинг номидалиги? Ҳимоя қиласиз-ку мени барибир!

— Тушунмадинг. Токи дўконлар-у, ишқилиб ҳамма бизнесинг сенинг номингда экан, тинчий олмайсан. Ҳар тарафингдан келиб турткилайверишади. Айниқса, Фурқат…

— Сизнинг номингизда бўлса индашмайдими? Жа ишондим-да!

— Ҳа, менинг номимда бўлса, тега олишмайди. Тегишга қўрқишади.

— Мен қаёқдан биламан? Балки сизам ҳаммасини номингизга ўтказволгач, мени ташлаб кетарсиз?!. Билиб бўладими? Пул деб қўйибди буни!

— Сен нотўғри фикрлама, — деди Билол куйинчаклик билан. — Агар менга ишонмаётган бўлсанг, ана, университетга бориб домлалардан сўра, суриштир, курсдошлар қанча у ерда. Уларниям сўроққа тут!

— Суриштириб бўлганман, — деди Насиба бош силкитиб. — Аллақачон деканингиз айтган кимлигингизни.

— Ў, наҳотки? Қачон улгура қолдинг? Хўш, нима деди декан? Ҳойнаҳой, кўп дарс қолдиради деб нолигандир-а? Топдимми?

— Худди шундай деди. Ўзи яхши йигит-у, аммо прогулчи деди.

Билол бу гаплардан кейин завқланиб кулди. Аммо дарров жиддийлашди.

— Майли, унда нега ишонмаяпсан ҳалиям? Ана, айтибди-ку декан кимлигимни! Мен у айтгандай одамман. Ўзгармайман.

— Мен ўйлаб кўришим керак, — деди Насиба бўшашиб. — Бу йўл-йўлакай икки оғиз гапминан ҳал бўладиган ишмас. Милёнлаб пуллар турибди.

— Майли, ўйлаб кўр, шошилтирмайман. Қачон бир қарорга келсанг, айтарсан.

* * *
Ярим кечаси Насибанинг уйқуси қочди. Тағин кўнгли айниб бир неча маротаба ваннахонага кириб чиқди. Шўр бодринг егиси келаверганди, Ойша топиб келтирди. Ярим тун бўлишига қарамай, яна икки-учтасини паққос туширди-ю, балконга чиқиб олис осмонга, турнақатор юлдузларга ўйчан назар ташлади. Хаёлида эса ҳануз Билолнинг сўнгги гаплари, Фурқатнинг масхаралашга беланган ҳақоратлари айланарди.

«Бунчаям чалкаш бўлмаса бу жумбоқлар, — кўнглидан ўтказди оғир хўрсиниқ аралаш. — Бири масхаралайди, иккинчиси пул дейди. Наҳотки, бу сафар ҳам бахтим очилмаган бўлса? Билол сувилон каби ичимга ўрнашволиб кейин ташлаб кетса-чи? Манави боласининг ҳам юзини қилмайдими? Йўғ-э, агар юз-хотир қилмаса, аллақачон додимни берарди. Балки ҳақдир у. Шу бизнес ўлгурини очганимдан бери бошим ғавғодан чиқмайди. Нуқул тазйиқ ўтказишади. Қўрқитишади. Зўрлик қилишади. Масхаралашади. Ғуруримни ер билан битта қилишади. Нега? Балки шу Билол деганлари, суюкли эрим ҳақиқатан мени деб елиб-югураётгандир? Мана, қамоқдан чиқариб ҳам олдим. Ҳазилакам пул кетмади. Шундаям юз-хотир қилмаслиги, чув тушириши мумкинми? Унда худойимнинг хоҳиши қайда қолади? Эркаклик субути қайда қолади? Йўқ, Билол ундайлардан эмас. У номардликка қўл урмайди. Чунки мени севади. Севишига заррача шубҳам йўқ. Қолаверса, ўртада фарзандимиз бўлади ҳадемай. Фарзандини кўчада қўймас ҳеч бўлмаса!?. Ҳа, розилик бераман. Майли, ишласин, пул топсин. Зўрларга сўз бермай яшасин! Мен эса унинг дилбандини дунёга келтиришни ўйлай. Ким қўйибди менга қорнимни қаппайтирволиб тадбиркорлик қилишни!? Фурқатнинг анави телефон орқали айтган гапларини, ҳақоратлариниям Билолга айтиб бераман. Адабини берсин! Шундай бопласинки, туғилганига пушаймонлар есин!

Айтаман! Айтаман! Айтаман!..»
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (22-қисм. Иккинчи фасл)