date

Каннаваро финалда Эрон мағлуб этилган ўйин ҳақида нималар деди?

Каннаваро финалда Эрон мағлуб этилган ўйин ҳақида нималар деди?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Эронга қарши финал учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида жамоа намойиш этган ирода, тактик ёндашув ва ички муҳит ҳақида батафсил фикр билдирди. Итальян мутахассиси ғалабани осон келмаган, лекин муносиб меҳнат натижаси сифатида баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, финалда Эрон каби Осиёнинг энг кучли термаларидан бирига қарши майдонга чиқиш доим ҳам ўта масъулиятли ва талабчан вазият ҳисобланади. Биринчи бўлимда ўйин назорати ўз қўлларида бўлганини, бир нечта яхши имкониятлар яратилганини, аммо уларни голга айлантиришга муваффақ бўлмаганини айтиб ўтди.

Каннаваро айниқса иккинчи таймдаги ўйинни алоҳида таъкидлади: жамоа гол урилмаса, воқеалар ривожи мураккаблашиши мумкинлигини яхши англаган. Шу боис, ҳужумда тезкорликни оширишга ҳаракат қилинган. Бироқ рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар кам бўлган, шу билан бирга ўз дарвозамизни ҳимоя қилишда деярли хатолар қилинмаган.

Қизил карточкадан кейин бўлган босимни Каннаваро “жуда оғир синов” деб атади. Бир киши кам бўлган ҳолда рақибга йўл бермаслик — жамоанинг ментал барқарорлиги, характер ва иштиёқининг яққол исботи эканини алоҳида таъкидлади.

У Эрон термаси ҳақида ҳам илиқ фикр билдирди: уларнинг таркиби кучли, мураббийлар штаби тажрибали, бундай жамоага қарши ўйнашда хато қилишга умуман йўл йўқ.

Каннаваро ўз тактик қарашларига катта ўзгариш киритиш нияти йўқлигини, мавжуд ўйинни яхшилаш, мувозанатни сақлаш ва айрим вазиятларда юқори прессингдан фойдаланиш бўйича иш олиб борилаётганини айтди. Терма жамоадаги ички муҳитни “аъло даражада” деб атади ва футболчилар ҳар бир машғулотда завқ билан, юқори кайфиятда ишлаётганини тан олди.

Шу билан бирга, баъзи футболчиларнинг жисмоний ҳолати сезиларли равишда пасайганини ҳам яширмади. Чемпионатнинг йил охирида якунланиши, бир қатор ўйинчиларнинг Европага кетиши айни шу жиҳатни мураккаблаштираётганини билдирди.

Пенальтилар мавзусида эса Каннаваро ўзига хос ёндашувни қўллаган: Мисрга қарши ўйиндан аввал ҳам, кеча ҳам бу юзасидан машғулотлар бажарилган, қайси футболчи босим остида яхшироқ пенальти ижро эта олишини кузатиб, финалда танлов шу асосда қилинган.

У Остон Ўрунов ҳақида ҳам фикр билдирди. "Персеполис"нинг шароити, жисмоний жиҳатдан ўсиш имкониятлари яхши эканини айтди. Бироқ Ўруновнинг баъзи ўйинларда 45 дақиқадан кейин тушиб кетиши муаммо эканини яширмади. Унга ўйиндан завқ олишни, бир ўйинда юқори савияда, кейинги баҳсда суст ўйнашдан қочиш лозимлигини ўзи қилган суҳбатда таъкидлаганини айтди.

Жалолиддин Машарипов ҳақида гапираркан, у машғулотларга киришгани, югуришни бошлагани, агар жароҳати рухсат берганида, бу турниpда ҳам ёрдам бера олишини айтиб ўтди. Умидлар март ойига қаратилган — ўшанда барча асосий футболчилар соғлом ҳолатда йиғинга келишини хоҳлайди.

Январ ойида маҳаллий футболчилар билан йиғин бўлиши режалаштирилган. Каннаваро ёшларга имконият бериш нияти борлигини, уларни кузатиш ва синовдан ўтказиш муҳимлигини таъкидлади. Терма жамоа учун ҳар бир футболчи қийматли, деб ҳисоблайди.

Мураббийнинг ушбу баёноти жамоа ичида ишонч, барқарор муҳит ва режали таълимот шаклланаётганини яна бир бор кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Каннаваро финалда Эрон мағлуб этилган ўйин ҳақида нималар деди?