date

Амир Ғалинои: Ўзбекистонга қарши ўйинда жамоам ўсиш кўрсатди

Амир Ғалинои: Ўзбекистонга қарши ўйинда жамоам ўсиш кўрсатди

Al Ain Cup финалида Ўзбекистонга қарши майдонга тушган Эрон терма жамоаси мусобақадан кейин бош мураббий Амир Ғалинои иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Мураббий учрашув таҳлилини бериб, жамоа ривожига оид муҳим нуқталарни баён қилди.

Ғалиноининг таъкидлашича, беллашувнинг дастлабки қисмида жамоа ўйинга тўлиқ кириша олмаган. Бироқ вақт ўтиши билан ташаббус тўлиқ Эрон футболчилари қўлига ўтган ва учрашувнинг катта қисмида тўлиқ ҳукмронлик қилишган.

«Ўзбекистон билан ўйинни анча секин бошладик, лекин 25-дақиқадан кейин ўйин тўлиқ назоратимизга ўтди. Танзанияга қарши ўйинни ҳам ҳисобга олсак, охирги уч учрашувда дарвозамизни ишончли сақлаб келяпмиз. Бугунги баҳсда жуда кўп бурчак тўплар ишладик, бир қатор аниқ ҳолатлар яратдик. Бу ўсишимиздан далолат», — деди мураббий.

Унинг сўзларига кўра, иккинчи бўлимда Эрон тўлиқ устунликни қўлга киритган, Ўзбекистон эса хатарли ҳолатлар ярата олмаган.

«Ўзбекистон Мисрга қарши жуда фаол ўйнаганди, лекин бизга қарши бундай бўлмади. Иккинчи бўлимда рақиб умуман хавф сололмади. Тўп назорати 60/40 бўлди, бу эса ҳужум ҳам, ҳимоя ҳам мукаммал ишлаганини кўрсатади», — дея давом этди Ғалинои.

Мураббий айниқса Мажид Ҳоссейни майдонга тушгач, ҳимоядаги барқарорлик сезиларли ошганини қайд этди. Шу билан бирга, Сардор Азмун, Меҳди Гайеди, Али Қолизода ва Алиреза Жаҳонбахш каби етакчилар сафга қайтса, Эроннинг даражаси янада ошиб кетишини таъкидлади.

«Агар жароҳатдан қайтаётган футболчиларимиз сафга қўшилса, жамоамиз яна бир босқичга кўтарилади. Бугун 90 дақиқа давомида ғалаба қозонишимиз мумкин эди — фақат вазиятлардан фойдаланмадик. Бизга натижа эмас, ривожланиш муҳим», — деди у.

Ғалинои рақибнинг рақамда тенглик бўлган пайтда ҳам ҳужумда кучсизлик кўрсатганини таъкидлади ва босим остида Ўзбекистон ҳимоячиси майдондан четлатилганини эслатди.

«Бу — ҳужумдаги ўсишимиз белгиси. Бугун Кабо-Вердега нисбатан тезроқ тўп айлантирдик, шиддатлироқ ўйнадик. Ўзбекистонга қарши баҳсдан жуда мамнунман. Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам кучли жиҳатларни намоён қилдик», — деди Эрон бош мураббийи.

Унинг фикрича, пенальтида ютиш ёки ютқазиш бундай ўртоқлик мусобақаларида муҳим эмас. Асосийси — жамоа қандай ривожланаётгани.

Эрон терма жамоаси ғолиб чиқмаган бўлса-да, мураббий жамоа ҳаракатидан мамнун ва келгуси учрашувларда янада кучлироқ таркиб билан майдонга тушишларини маълум қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Амир Ғалинои: Ўзбекистонга қарши ўйинда жамоам ўсиш кўрсатди