
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА кунларида Миср ва Эронга қарши ўтказилган ўртоқлик турнирида майдонга тушиб, мухлислар кутганидек, финалда форслар устидан ишончли ғалабага эришди. Беллашувдан сўнг жамоа ҳужумчиси Элдор Шомуродов ўйин ҳақида ўз фикрларини баҳам кўрди ва жамоадаги ўзгаришлар ҳақида очиқча гапирди.
Форварднинг айтишича, жамоа аввалги ўйинларга нисбатан бир босқич юқори савияда ҳаракат қилган.
“Бу сафар ўтган учрашувлардан кўра яхшироқ тасаввур қолдира олдик. Биринчи бўлимда бир қанча аниқ имкониятлар яратдик. Иккинчи таймда эса битта киши кам бўлсак ҳам, жипслик билан ҳимояланиб, рақибни жиддий вазиятларга киритмадик”, — дейди Шомуродов.
Шунингдек, ундан пенальти масаласи ҳақида ҳам сўрашди. Қирғизистонга қарши ўйиндаги ноаниқ зарбасидан кейин Туркияда у ишончли ҳаракат қилганди, бугунги финалда ҳам шундай бўлди.
“Ўша ўйиндан кейин пенальти бўйича кўпроқ ишлашга тўғри келди. Техникамни, тепиш услубимни тўлиқ янгиладим, шу боис охирги пайтларда ўзимни анча ишончли ҳис қилаяпман”, — деди Элдор.
Энг қизиқ саволлардан бири — Каннаваро таъсири ҳақида бўлди. Терма жамоа икки марта йиғин ўтказди ва бу даврда жамоада тактик ва характер нуқтайи назардан ўзгариш сезилмоқда.
“Албатта, ўзгаришлар жуда аниқ кўриниб турибди. Каннаваро биздан доим олдинга ҳаракат қилишни, агрессив ўйинни, юқори темпни талаб қиляпти. Ҳам тактикада, ҳам ўз услубимизда янгиликлар кўп. Жамоа ўйини босқичма-босқич ривожланиб бораяпти”, — дея таъкидлади ҳужумчи.
Финалдаги ғалаба терма жамоа учун муҳим психологик импульс бўлди. Айниқса, жамоа 10 киши бўлган вазиятда ҳам барқарор ўйин кўрсатгани сафдаги футболчиларнинг менталитети ўсиб бораётганини кўрсатди.
Эндиликда терма жамоа навбатдаги йиғинларга ва расмий учрашувларга тайёргарликни давом эттиради. Мухлислар эса Каннаваро бошқарувидаги янги Ўзбекистондан янада динамик, тезкор ва ҳужумкор ўйин кутишмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.