date

Исломбек Исмоилов бугунги мағлубиятдан кейин мурожаат билан чиқди

Исломбек Исмоилов бугунги мағлубиятдан кейин мурожаат билан чиқди

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов жамоанинг Қатарда бўлаётган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидаги иштироки ҳақида фикр билдирди. 33 ёшли мутахассис бу ҳақда ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзиб қолдирди.

«Ҳурматли мухлислар, футбол ихлосмандлари, ота-оналар, мураббийлар ва Ўзбекистон футболи учун куйиб-ёнадиган азиз юртдошлар!

Бугун биз Жаҳон чемпионатидаги иштирокимизни якунладик. Шу билан бирга, 3 йил давомида юрагим билан хизмат қилган U17 жамоамизнинг ҳам фаолияти ниҳоясига етди.

Бу йўл мен учун шунчаки иш эмас эди — бу шараф, масъулият ва Аллоҳ берган синов бўлди.

Уч йил давомида биз бу жамоа билан машаққатли машғулотлар, қувончли ғалабалар, оғир мағлубиятлар билан ёнма-ён бордик. Яхши кунларда ҳам, ёмон кунларда ҳам бирга эдик. Осиё чемпионлиги — бу авлоднинг матонати ва меҳнати.

2025 йилда Осиё чемпиони бўлиш — бу болаларимизнинг жасорати, меҳнати ва интилиши. Бу натижа Ўзбекистон футболи тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилиб бўлди.

Ҳеч қачон унутмайман: ҳар бир машғулотда, ҳар бир турнирда биз Ўзбекистон байроғининг шаънини ҳимоя қилдик. Ҳар бир ўйин олдидан битта фикр бўларди. «Бу Ватан учун жон фидо»

Мен мураббий сифатида бир нарсага қатъий амал қилдим: адолат ва ҳалоллик. Ҳеч кимнинг исмини, клубини ёки таниш-билишлигини эмас, фақат меҳнатини, характерини, муносиблигини танладим.

Бу жамоага чақирилган ҳар бир футболчи бунга ҳақли эди. Шу қарорларим учун бугун ҳам, эртага ҳам бошим баланд.

Бизни қўллаб-қувватлаган, дуо қилган, ишонч берган Ўзбекистон халқига бош эгиб миннатдорлик билдираман. Биз сизнинг муҳаббатингизни, сизнинг меҳрингизни ҳар бир дақиқада ҳис қилдик. Сизнинг ишончингиз бизнинг энг катта кучимиз бўлди.

U 17 терма жамоасининг ҳар бир муваффақиятида ЎФА раҳбарияти, техник бўлим ва футболни ривожлантиришни мақсад қилган барча инсонларнинг улкан ҳиссаси бор.

Менга ишонган, мен билан бирга ёниб куйган, ҳар бир машғулотда ва ҳар бир мусобақада ёнимда юрган ёрдамчи мураббийларимга, шифокорларга, анализ бўлимига, бутун штабга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Сизлар бўлмаганда бу йўл бу даражада кучли бўлмас эди.

Уч йил давомида мен билан ишлаган барча футболчиларимга айтадиган гапим битта:

Сизлар менинг фахрим бўлиб қолдингизлар. Майдонда ютдингиз ҳам, ютқаздингиз ҳам — лекин ҳеч қачон таслим бўлмадингиз.

Мен сизларга ишонаман. Сизлар ҳали катта футболни забт этасизлар. Сизлар Ўзбекистон футболининг эртанги куни, эртанги юлдузларисиз.

Бу якун — бир эшикнинг ёпилиши эмас. Бу янги босқичнинг бошланиши

Бугун менинг йўлим бу жамоа билан тугади.

Раҳмат, Ўзбекистон!

Раҳмат, менинг укаларим!

Раҳмат, барча қўллаб-қувватлаган юртдошлар», - деди Исмоилов.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Исломбек Исмоилов бугунги мағлубиятдан кейин мурожаат билан чиқди