Робиъул аввал ойида Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам хотирасининг шабодалари эса бошлайди ва ҳар мўмин инсоннинг қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган соғинч уйғониб ҳаяжонга келади. Бу ойда у зотга салавотлар йўллаш, иштиёқни кучайтириш, ихлосни ошириш учун У зотнинг ҳаётлари билан боғлиқ асарларни ўқиш ва сийратларини яна ҳам мукаммалроқ ўрганиш ҳаракатида бўладилар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Аҳзоб» сурасида:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг», деган (56-оят).
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши таъкидланмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:
«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар. У зотнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганиш лозимлиги Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш, итоат этиш, муҳаббат қилиш ва у зотдан ўрнак олиш вожиб бўлганидан у зотнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганиш ҳам вожиб бўлади.
Ушбу воқеа У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда қилибгина қолмай, балки ҳар доим У зотни эслашга ундайди.
Дамашқ шаҳрида бир тақводор онахон истиқомат қилар эди. Бир куни у фарзандларидан бирига: «Ўғлим! Юртимизда диний билимга эга энг катта уламолардан сўрайдиган бир муҳим масалам бор эди», деб илтимос қилади. Ўғил онасининг илтимоси билан шайх Бутий ҳазратларининг олдига бориб, онасининг гапларини айтиб, ҳолатни тушунтиради.
Рамазон Бутий кўп ўйлаб ўтирмай, боришга розилик билдириб, онахоннинг уйига ташриф буюради. Онахон олимга:
– Мен ёшлик чоғимдан ҳар куни тушимда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламни кўриб келаман. У зотни тушимда кўрмаган кечам йўқ. Бироқ, негадир сўнгги кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам тушларимга кирмай қўйдилар. Шундан безовта бўляпман. Умрим бўйи у зотни тушимда кўриб келиб, энди нега кўра олмай қолдим? Шунинг жавобини айта оласизми?
Бу гапни эшитган Шайх кўз ёшларини тутолмай қолди, хўнграб йиғлаб юборди. Онахоннинг гапларидан таъсирланиб: «Биз ҳам сизга ўхшаб Аллоҳнинг Расулини ҳар тун тушимизда кўра олмаганмиз. Сиз бахтли инсон экансиз, бизга сиздек бўлишга анча бор экан. Шу билан бирга, саволингизга жавоб бериш жуда қийин, мен бунга қодир эмас эканман», деб бор гапни айтади.
Шайх Бутий эртаси куни ўзи устозлик қиладиган мадрасада дарс чоғида шогирдларига ўша аёл ҳақида ҳикоя қилиб беради. Дарс сўнггида қизиққан икки шогирди ўринидан туриб:
«Устоз, рухсат берсангиз, шу аёлнинг манзилини бизга айтсангиз. Биз уни зиёрат қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаламни ҳар куни тушда кўриш бахтига қандай муяссар бўлганини, бунинг учун нималар қилиш кераклигини сўраб, билиб олсак», дейишди. Бутий ҳазратлари шогирдларига онахоннинг манзилини айтиб беради.
Талабалар мазкур тақводор аёлнинг уйини топиб бориб, бунинг сабабларини билмоқ учун келганларини айтишади.
«Болаларим, буни билишни истасангизлар, эрта тонгда шу ерда бўлинглар. Фақат келишдан олдин нонушта қилмай, оч қорин билан келинглар», дейди аёл ва бунга қарши эмаслигини ҳам билдириб қўяди.
Талабалар эртаси куни тонг отиши билан аёлнинг уйида ҳозир бўлишади. Онахон бўлса, икки талабани уйининг бир хонасига киргазиб: «Шу ерда бўлинглар, мен ўзим айтмаганимча, бу хонадан ҳеч қаерга чиқманглар», деб тайинлайди.
Уй эгаси қачон эшигимизни очиб, бизга ваъз-насиҳат айтар экан, деб кутиб ўтираверишди. Бироқ, онахондан дарак йўқ, вақт эса ўтиб борар эди. Бир маҳал онахон талабаларга тушлик учун таом келтирди-да, ҳеч нима демай, қайтиб чиқиб кетди.
Эрталабдан бери туз татимаган талабалар овқатни паққос тушуришди. Таомнинг шўрлигини ҳам сезишмади, аччиқлигига ҳам парво қилишмади. Қизиғи шундаки, хонадон соҳибаси таом олиб кирганида, ичгани на чой, на сув берганди.
Шундай қилиб, кеч ҳам кирди. Шўр ва аччиқ таом сув талаб қилиб, талабаларнинг тинкасини қуритарди. Ташқарига чиқиб сув ичайин дейишса, онахоннинг «Менинг рухсатимсиз хонадан чиқманглар», деган буйруғи бор. Буйруқни қандай бузиш мумкин?! Шу боис, ташналик ичларини қанчалар куйдирмасин, сабр бардош билан ўтираверишди.
Онахондан эса ҳали ҳам дарак йўқ. Икковлари уни кута-кута чарчаб, кўзлари илиниб, шу хонада уйқуга кетишди. Эрта билан хонага онахон кириб келди.
– Яхши ухладингларми?
– Ҳа, Алҳамдулиллаҳ, яхшимиз, она!
– Тушларингизда нималарни кўрдингиз?
– Онахон, кеча берган таомингиз ҳам шўр, ҳам аччиқ бўлиб қолган экан. Ташналикдан ичимиз ёнса ҳам, бир амаллаб чидадик. Охири ухлаб қолдик. Ҳозир гаплашиб тургандик, иккаламиз ҳам тушда сув кўрибмиз. Сувни шимириб ичиб ётибмиз экан, қанча ичсак ҳам, қонмаяпмиз. Қисқаси, биз тушимизда фақат сув кўрибмиз.
– Мана, кўрдингларми, болаларим! Сизларга шуни айтмоқчи бўлаганим ҳам шу эди. Сизлар кеча кун бўйи ташна бўлиб, фақат сувни ўйлагансизлар, шунинг учун ҳам тушларингизда сувни кўргансизлар. Сувни қанча ичсангизлар ҳам қонмайдиган ҳолга тушгансиз. Мен Аллоҳнинг ҳабиби, башарият саййиди, Пайғамбарим Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи вассаламни қанча ўйласамда, қанчалик соғинсамда, унга бўлган муҳаббатга тўймаяпман. Бирор куним йўқки, уни ўйламасам. У зотнинг сийратлари, нурафшон юзлари, ҳикматли сўзлари, ҳадиси шарифлари ҳар доим қалбимда, кўз ўнгимда туради. Ҳеч қачон у зотни ёдимдан чиқарган эмасман. Ул зотни таниганим сайин муҳаббатим ортиб боради. Шунинг учун, мен кун ҳар кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Сизларни ҳайратга солган сирим аслида шундан иборат, холос.
Талабалар ҳаяжондан юраги оғзига тиқилиб, қотиб қолишди ва ҳамма гап Аллоҳни ва Расулини севишда эканини амалда кўриб, бутун вужудлари билан ҳис қилишди. Ҳақиқатда, бу ҳикоя сув томчилари уйқудаги юракларни уйғотгандек, мўминларниг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини жунбушга келтирса, ажаб эмас.
Раҳматилло МАДАМИНОВ
Қўштепа тумани “Эшонгузар”
масжиди имом-ноиби
Қўштепа тумани “Эшонгузар”
масжиди имом-ноиби
Манба: ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”