Шу пайт тепамдан кимнингдир увиллагани эшитилиб, шоша-пиша кўзларимни очдим. Йўқ, бу маҳлуқнинг ҳам, одамнинг ҳам овози эмасди. Ишга чақирувчи сигнал эди.
Қора уйлардан бир-бирларини туртиб, силтаб эркак-аёллар ташқарига чиқа бошлашди. Кейин… Бошлиқлар бўлса керак, ғазабланган эркаклар пайдо бўлди. Уларнинг қўлларида темирдан ясалган ярим метрлик таёқлар. Барчалари бақириб, одамларни ҳайдай кетишди.
— Сен нима қилиб ўтирибсан?
Мен тапамга келиб қолган бошлиқлардан бирини пайқамабман. Ҳали ўрнимдан туриб улгурмай, қўлидаги темир таёқ билан елкамга туширди.
— Тез бўл, қимирла!
— Мен… Бу ерлик эмасман… — дедим қўрқа-писа.
— Нима?.. Мен сенга бу ерлик эмасликни кўрсатиб қўяман!.. Қани, сафга тур! Тез бўл-ўл!..
У иккинчи марта елкамга таёқ билан урди. Қўлимдан нима келарди? Итоат билан сафга бориб турдим.
Билдимки, қандайдир турма ёхуд лагерга келиб қолибман. Нима қилиб бўлмасин, бу ердан жуфтакни ростлаш керак. Ҳа, барибир қочиб кетаман…
Буйруқ берилгач, биз йўлга тушдик.
Ҳа, адашмабман. Бизни йўл қурилишига ҳайдаб боришди. Мен икки семиз аёлга шерик бўлдим.
Ишда ким дангасалик қилса, қўриқчилар қўлларидаги темир таёқлар билан калтаклашарди. Таёқда кичик илгичлар бўлиб, ҳар келиб тушганда, одамнинг бир парча гўштини юлиб оларди. Йўқ, мен буни хоҳламасдим. Яхшиси, тер тўкиб ишлаган маъқул. Эндигина қўриқчи яқин келгандики, семиз аёлга шивирладим:
— Бўл, ишла тезроқ! Акс ҳолда таёқ ейсан!
Биз ишни тугатдик. Тағин саф тортиб шаҳарга йўл олдик. Омадим келиб мени ҳам қора уйлардан бирига турткилаб киритишди.
Бу ерда ҳеч ким бир-бири билан гаплашмасди. Фақат сўкинишарди. Шаҳарни жуда-жуда қўрқинчли маҳлқлар бошқариб турарди. Улар гоҳида шаҳар тепасига учиб келиб қолишар, шу заҳоти ҳамма ўзини ерга ташлаб, бошини икки қўли билан беркитиб оларди. Башарти, кимдир улгурмаса, тамом. Маҳлуқлар ўшани кўтариб учишади. У юқайтиб шаҳарга келмайди. Менга эса маҳлуқлар тегишмасди. Яхши беркинардим чоғи. Ерга ўзимни ташламасдим-у, девор томон ўгирилиб олардим. Ва кўзларимни чирт юмардим. Натижада мени маҳлуқлар илғашмасди.
Маҳлуқлар ўта хасис эди. Улар бизга на овқат, на сув беришарди0 Ўзлари эса биз кабиларни еб кун кўришарди. Агар ўлжанинг омади келган бўлса, бир парча гўштини узиб олиб ўзини қўйиб юборишарди. Аксинча бўлса, еб битиришарди.
Шаҳарга хўжайин маҳлуқлардан ташқари меҳмонлар ҳам учиб келиб туришарди. Улар улкан қушлар қиёфасида бўлиб, тепадан бизларга нон, сув тўлдирилган идишларни ташлашарди. Ҳамма тортиқларга ташланар, кимгадир тўполонда ё нон тегарди, ёки сув.
Йўлни эса шундай қурардик. Олдин бир томонига плиталар ётқизиб чиқардик. Кейин йўлнинг бошқа тарафига йўл олардик. Плиталарни лом билан уриб майдалардик.
Ҳа, ишласам, ором олардим. Бусиз яшаб бўлармиди…
Иш пайтида бизга «руҳхўр» деб номланган майда бошлиқлар буйруқ беришарди. Улар ҳам бизга ўхшаган-у, фақат бироз қорача, семиз. Улар ҳам хўжайинларидан ўрганишганми, кейинчалик одамларни ейдиган бўлишди. Лекин еб қоринларини тўйдиришгач, қолган-қутган суяк, гўштларни ишлаётганларга қолдиришарди.
Одамлар-чи? Улар бир-бирларига ўқрайганлари ўқрайган, ўшқирганлари ўшқирган. Ғазабланганларида бир-бирларини тишлай кетишади. Шундайлари борки, охир-оқибат ожизроқ қолганни еб битиришади. Вақт ўтиши билан ўшалар ҳам руҳхўрларга айланишади. Фақат бошлиқ эмас, «ёввойи руҳхўр»га эврилишади.
Ёввойи руҳхўрлар ишлашмайди ва алоҳида қора уйларда яшашади. Агар ёлғиз руҳ уларга дуч келиб қолса, шу ондаёқ еб қўйишади.
Тасодифан яна бир сирни англаб олдим. Барча одамлар икки навга бўлинаркан. Бизни ейдиган ва бошқаларга ем бўладиганлар. Мен иккинчи тоифага тегишли эдим. Кунларнинг бирида ёввойи руҳхўрлардан бири кимнингдир руҳини тилкалаб ташлади. Оёқларим остига бир бўлаги келиб тушди. Дарров тескари ўгирилдим. Аммо ёнимдагилардан биттасиюгуриб келиб бўлакни қўлига олди-да, бир зумда еб ташлади.
Бора-бора бу ерда ҳам зерика бошладим. Ҳамма ғазабнок, биров-бировини аяшни, меҳр кўрсатишни билмайди. Зўравонлар клатаклашгани-калтаклашган. Мен қаердадир бир кўл борлигини эшитиб қолдим. У ерда ҳеч ким бир-бирига бақирмас, бир-бирини калтакламас ва емас экан. Эҳ, ўша кўлга олиб борадиган йўлни аниқласайдим…
Бир куни катта руҳхўр бизга дам олишни буюрди. Биз шеригим семиз аёл билан ерга замбилни ташладик. Аёл дарҳол замбилга ястаниб олди. Мен бўлсам, унинг тепасида турган кўйи кўкка боқдим. Шунда осмонда катта бир қуш пайдо бўлди. Кутилмаганда оёқларим остига бир бўлак нон келиб тушди. Эҳтиёткорлик билан нонни қўлимга олиб секин атрофни кўздан кечирдим. Ҳамма ухлаяпти. Нонни ея бошладим. Оҳ, қанчалар тотли! Иссиққина, Қуёш ҳиди келарди нондан. Афсус, ноннинг бир бурдасинигина ейишга улгурдим. Бир маҳал семиз аёл уйғониб кетиб даст ўрнидан турди-да, қўлимдаги нонга ташланди.
— Аҳмоқ! Уни ема! Заҳарли нон бу!
Унинг ҳайқириғидан бошқалар ҳам уйғониб кетди. Кўрибсизки, бир зумда ноннинг увоғи ҳам қолмади. Еб битиришди. Менга жуда алам қилди. Ахир, бу менинг ноним эди!
Лекин эртасига ўша улкан қуш яна менинг тепамга учиб келиб нон ташлади. Мен нонни олдим-у, йўлнинг бошқа томонига қараб чопдим. Шундай қилиб нонимни сўнгги увоғигача ўзим ейишга эришдим…
* * *
Шу лаҳзадан бошлаб ҳаётимда ҳамма нарса ўзгара бошлади. Энг асосийси, ўзимни танидим, вужудим кучга тўлди. Мен ўйлай ва нималарнидир эслай бошладим. Бунгача фақат кўз олдимдаги нарсаларнигина ўйлай олардим. Энди эса ўзим учун унут бўлиб кетган кўп воқеаларни ёдга олдим. Ҳа, саҳро бўйлаб узоқ йўл босдим. Қаергадир боришим керак эди. Лекин қаерга?..
Оқ қуш менга ҳар куни оқ нон олиб келадиган бўлди. Бора-бора танам тиниқлашиб, ўзим ёшара бораётганимни ҳис этдим. Руҳхўрлар эса танаси тиниқ руҳларни хуш кўришмайди.
Танам тиниқлаша бошлаганини шеригим па қаб қолди. У юзимга туфлайдиган, бўралаб сўкадиган одат чиқарди. Кейин шу қадар ғазабнок бўлиб қолдики, бир куни замбилни кўтарди-ю, бошқалар сафига қўшилиб кетди. Менга бошқа шерик беришди.
У жуда озғин ва шалпангқулоқ бир йигит эди. Уни Шалпангқулоқ деб чақирардим. Хафа бўлмасди. Қачон қараса, нолигани нолиган эди: «Вой, ёмон бўлиб кетаяпман!.. Ортиқ чидай олмайман…» Лекин ҳасадгўй эмасди. Менинг нон ейишимни мароқ билан томоша қиларди. Афсуски, кучсиз эди. Замбилни бемалол кўтариб керакли жойга элтиш учун иккита плитани кам солишга мажбур бўлардим.
Лекин айёрона тутган йўлимизни охир оқибат руҳхўр бошлиқлар пайқаб қолишди ва тез орада Шалпангқулоқ шеригимни еб битиришларини эълон қилишди. Қўрқиб кетдим. Хўш, унга қандай ёрдам берсам бўлади? Менга бошқа шерикнинг кераги йўқ…
Ҳа, Шалпангқулоққа пича нон беришга қарор қилдим. Балки, шу баҳона куч йиғар дедим. Оқ қуш нон олиб келиб менга ташлагач, ҳаммасини унга бердим Шўрлик еб бўлиб тағин умидвор боқади-я кўзларимга!..
— Бошқа йўқ. — дедим унга раҳмим келиб. — Кейинроқ бўлади…
У аразлаб тескари ўгирилди-ю, нари кетди. Ҳатто раҳмат ҳам демади. Биз сўнгги замбилни плиталарга тўлдириб ташиб бўлганимиздан сўнг, кўнглим бирдан ғаш тортди. Демак, Шалпангқулоқнинг куни битган кўринади. Ана, икки руҳхўр соқчи ҳушёр тортиб биз томондан кўз узмаяпти. Шубҳаларим тўғри чиқди. Эндигина замбилни бир четга қўйган эдикки, улардан бири менга яқин келиб темир таёғини бўйнимга тиради.
— Сен сафга бор. Сен эса шу ерда қоласан!.. Сенга нима дедим? Югур сафга!..
— Шалпангқулоқ, тез югур! — дея ҳайқирдим шеригимга. — Ҳозир булар сени еб қўйишади. Сафга боргин-да, беркиниб ол!..
Ҳайқириғимдан ғазаб отига минган соқчилар жонҳолатда менга ташланиб, қўлларидаги таёқлар билан ура кетишди.
Бора-бора ҳушимдан кетиб йиқилдим.
* * *
Ҳушимга келганимда Шалпангқулоқ тепамда туриб олганча қичқирарди:
— Йўқол ярамаслар! Уни сенларга бермайман! У ҳаммадан яхши! Йўқол, итваччалар!
Шундай деб қўлидаги замбил тутқичини силкиганча тепамда уёқдан-буёққа учиб айланаётган руҳхўрлардан ҳимоя қиларди. Тушундимки, руҳхўрлар мени ейиш ҳаракатига тушишибди. Мен Шалпангққулоқдан жуда хурсанд бўлиб кетдим. У мени ташлаб қочмабди. Фақат… Замбил тутқичини суғуриб олгани учун жавоб беришга тўғри келади. Руҳхўр соқчилар калтаклашади…
Мен секин ўрнимдан қўзғалдим. Шалпангқулоқ оёққа туриб олишимга кўмаклашиб юборди. Шу ондаёқ танам самодан келиб тушган нонлар туфайли бўлса керак, оппоқ тус олиб, ўзидан кўзни қамаштирувчи ёруғ нур тарата бошлади. Руҳхўрлар дарҳол чекиниб, осмону фалакка кўтарилишди ва кўздан ғойиб бўлишди.
— Яхшиям сен тирик қолдинг! — елкамни силаб сўз қотди Шалпангқулоқ. — Тезроқ қора уйларга борайлик! Бу ер қўрқинчли экан…
— Йўқ, — дедим қатъий. — ҳеч қанақанги қора уйга қайтмаймиз. Бу ерлардан кетамиз. Тутқични олвол! Керак бўлиб қолиши мумкин.
Шалпангқулоқ худди руҳхўрлар каби ув тортиб юборди.
— Нега ув тортасан? — сўрадим ундан жаҳлим чиқиб.
— Қўрқиб кетаяпма-ан!
— Унда бор, қора уйга бир ўзинг кетавер!
Мен замбилнинг қолган қисмларини тепа-тепа синдирдим-да, жаҳд билан йўлга тушдим.
Шалпангқулоқ эса анча жойгача ортимдан эргашиб борар, аҳён-аҳёнда ув тортиб қўярди.
Тоқати тоқ бўлди шекилли, менга етиб олиб қўлимдан тутди.
— Юр, лагерга қайтайлик!
— Суф сенга! — жеркиб бердим уни. — Эркакмисан ўзи? Намунча қуёнюрак бўлмасанг?..
Мен уни қўлидан маҳкам тутиб олдинга етакладим…
* * *
Биз тошдан бунёд этилган қудуққа етганимизда, тўсатдан қудуқ ичидан: «Йўқол! Бу ер банд!» деган ҳайқириқлар атрофни тутиб кетди. Майли, нимаям қилардик? Юра-юра, саҳрога етдик. Мен ўзимга ёқадиган катта харсанг тошни танлаб ўша ерда тўхтадим.
— Шу ерда яшаймиз. — дедим Шалпангқулоққа.
— Қўрқинчли-ку!
— Нимаси қўрқинчли?
— Анавилар келиб еб қўйишса-чи?
— Қўрқоқ! Менинг ёнимда бўлсанг, сени ея олишмайди! Энди каттароқ тошлардан танлаб ташишни бошла! Руҳхўрлардан сақланса бўладиган уйча қуриб оламиз!
Унга тош ташишни ўргатиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди. Лагерда ўрганган.
Кўз очиб юмгунча уйча ҳам тайёр бўлди. Биз бир-биримизнинг пинжимизга кирганча кўзларимизни юмдик.
***
Шалпангқулоқ адашмаган эди. Бир неча марта руҳхўрлар уйчамизга мўралаб кўришди. Лекин катта харсанг тошлар жонимизни асради. Улар жўнаб кетганларича, қайтишмади.
Иккаламиз биргаликда ўзимизни жуда яхши ва хотиржам ҳис этардик. Шалпангқулоқ ё жим ўтирар, ёки тақдиридан нолирди. У жонини жабборга берса берардики, лекин мени сотмасди. Шалпангқулоқ деганлари шундай йигит эди. Қўрқоқ-у, аммо садоқатли.
Аҳволимиз ҳам кун сайин яхшилана борди. Ҳар куни оқ қуш бизга нон ташлаб ўтар, нонни иккаламиз бўлишиб ер эдик. Оёққа тура бошлаганиданми, ҳатто қулоқлари ҳам у даражада сезилмай қолди назаримда.
Бир куни беихтиёр бу ердан ҳам кетгим келиб қолди.
— Қаерга? — Шалпангқулоқ жаҳли чиқиб йўлимни тўсди. — Қаерга борамиз? Аҳмоқ экансан! Бизни йўлда еб қўйишади-ку! Балки, бошқа жойларда нон бўлмас?..
Йўқ, менинг ўз режаларим бор эди. Фақат Шалпангқулоққа айтиб ўтирмадим. Ҳозирча кетмай туришга аҳд қилган бўлсам-да, оқ қуш олиб келаётган нонни тежаб, заҳирага олиб қўядиган бўлдим.
Режаларим пишгач, Шалпангқулоққа дедим:
— Бас! Бугун жўнаб кетамиз.
— Мен бормайман! — деди Шалпангқулоқ ортга тисланиб.
— Борасан. Мен билан бирга бўлсанг, фақат яхшилик кўрасан.
Хуллас, у йиғлай-йиғлай, ортимдан эргашди. Биз анча йўл босиб денгиз бўйига етдик. Ундан сўнг қумдан бунёд бўлган тоғлар… Кетидан яна денгиз…
— Шалпангқулоқ, бу нима? — сўрадим шеригимдан.
— Сув-да! — жавоб қилди Шалпангқулоқ.
— Сувлигини биламан. Нима деб аталади?
— Яхшиси, ўзинг айт!
— Денгиз, аҳмоқ, денгиз!
Денгиз бўйида улкан шаҳар қад кўтарганди. Ўша томонга бордик. Шаҳарда жуда чиройли қора уйлар ўрнатилган. Деразалари, балконлари бор.
Бу шаҳарнинг одамлари жуда осойишта яшашар, бир-бирлари билан муштлашишмас, ҳақоратли сўзларни тилларига чиқаришмасди. Шу ерда яшаб қолишга аҳд қилдик.
Ҳеч ким бизга халал бермасди. ГОҳо ўткинчилардан кимдир ўзимиз танлаб жойлашиб олган қора уйчага мўраларди-да, йўлида давом этарди. Биз қўрқмасдик. Негаки, ёнимизда замбилнинг тутқичи бор. Бемалол душмандан ҳимоялана олишимизга ақлимиз етади.
Тез-тез денгиз бўйига бориб сувга тикилишни одат қилдик. Шундай лаҳзаларда оқ қуш денгиз оша учиб келарди-да, нон ташлаб кетарди…
* * *
Кейинги кунларда негадир юрагим ғаш тортадиган, кимларнидир қўмсайдиган бўлиб қолгандим. Сабабини билмасдим. Шалпангқулоқнинг гаплари ҳам, денгиз ҳам, оқ қушнинг меҳр ила нон ташлаб кетишлари ҳам кўнглимга сиғмасди. Фақат кетгим ва кетгим келаверарди.
— Мен кетмасам бўлмайди. — дедим ниҳоят бир қарорга келиб. — Дунёга сиғмай қолаяпман. Кимларнидир кўргим, кимларгадир етишгим келаяпти.
Шалпангқулоқ оғир тин олди. Аммо ҳеч нарса демади. Узоқ муддат денгизни тўлдириб оқаётган кўкимтир сувга тикилганча ўй суриб ўтириб қолди.
Сўнгра беихтиёр бошини кўтарди.
— Кетсанг кетавер! — деди у қовоқ уйиб. — Мен шу ерда қоламан.
— Нега? Очликдан ўлиб кетасан-ку!
— Майли… Бир марта ўлиб кўрдим, ёмон бўлмади. Иккинчи марта ўлсам нима бўпти?..
— Унда билганингни қил!
— Сен қай йўл билан кетмоқчисан? — сўради Шалпангқулоқ. — Йўлда руҳхўрлар тутиб олишса-чи?
— Мен денгизда сузиб кетаман. Ишонаман, барибир ўзим боришим манзилга етаман. Мана кўрасан.
— Чўкиб кетишдан қўрқмайсанми?
— Ўзинг айтдинг-ку! Мен ҳам бир марта ўлиб кўрдим. Нега қўрқишим керак?..
Хуллас, биз Шалпангқулоқ билан йиғлаб хайрлашдик. Ўрганишиб қолган эканмизми, сира бир-биримизни қўйиб юборгимиз келмасди…
Аммо на илож? Қалбим фақат олдинга талпинар, ортиқ бу ерларда туришга бардошим етмасди.
Мен Шалпангқулоқни қўйиб юбордим-у, ўзимни денгиз қаърига отдим.
* * *
Дунёда омад келмаса қийин экан. Сувга шўнғиганимдаёқ ҳушимдан кетгандим.
Ўзимга келганимда, чўлу биёбон ўртасида ётар, тепамдан ҳатто қуш ҳам учиб ўтмас, иссиқдан зўрға нафас олардим. Мендан анча нарида эса денгиз шовқинигина қулоққа чалинарди…
Ажабо! Қандай қилиб шунча жойга ҳушсиз келиб қолдим? Ким мени келтирди бу ерга? Тўлқинларми? Улар денгиз ичкарисидагина мавжудлигини биламан-ку!..
Хуллас, шундай хаёллар билан анча вақт бош қотирдим. Барибир сабабини топа билмадим.
Сал ўтмай, бирдан ҳаво айниб ёмғир томчилай бошлади. Қорним оч, сув ичгим келарди.
Секин ўрнимдан турдим-да, хўрлигим келиб олдинга юрдим. Ажаб эмаски, бирор дарахт учраса ва мен ўша дарахт соясида жон сақласам. Балки, бирор егулик топарман. Эй Худойим, нега меҳрибон оқ қуш учиб келмаяпти? Нега менга нон ташламай қўйди?.. Худойим! Нега мени бу аҳволга солиб қўйдинг? Наҳотки, менга кўмак бермасанг? Менга шафқат қилмасанг?..
Кейин анча хотиржам тортдим. Ахир, мен аллақачон ўлганман! Нимадан қўрқаман? Менга ёқадими-йўқми, қаршимда боқий дунё юз кўрсатиб турибди. Мен шу дунёда яшашга мажбурман. Аслида ўша даҳшатли, музлардан иборат кўл бўйида яшашим, руҳхўрларга қул бўлиб қолиб кетишим, ёки жинлар ҳукмронлик қиладиган жойларда абадий қолиб кетишим ҳам мумкин эди. Зулмат қўйнида жойлашган дўзахнинг қийноқлари ҳақида у қадар тасаввурга эга бўлмасам… Нега шукр қилмаяпман?
Тақдирга тан берганим ҳамоно миямда турли режалар айлана бошлади. Анча йўл босиб майда-майда дарахтлардан иборат бир жойга етдим. Лекин бу ер ҳам иссиқ, аксига олиб ўргимчаклар, калтакесаклар ҳар қадамда дуч келарди. Мен улардан қўрқмасликни ўргандим. Жим ўтирганимда калтакесаклар оёқларимга чиқиб исинишарди.
Майда дарахтлар шохларини синдириб ўзим учун кўрпа ва ёстиқ ясадим. Шундай қилиб ёлғизликдаги ҳаётимни сал бўлса-да, йўлга қўйгандек бўлдим…
* * *
Афсуски, кўнглим ёришмасди. Эрталаб қуёш юз кўрсатиши билан Худога нола қилар, овозимнинг борича фраштамни қошимга чорлардим. Бобомга хаёлан ялиниб, қутқаришларини сўрардим.
Сўнгра қумга чўк тушиб яқин ўтмишим ҳақида ўйлашга тушардим. Нотўғри ҳаёт кечирганимдан, йўл қўйган гуноҳларимдан надоматлар чекардим. Қарангки, тавба қилганим сайин шунча енгил торта борардим. Ҳа, бу ҳақиқат. Ҳаётим шу қадар ифлосликлар чангалида ўтгандики, манави зангори осмон остида ўтиришга, нафас олишга ҳақсиз эканимни юрак-юрагимдан ҳис этардим. Ҳатто, ҳов анави калтакесак, ўргимчаклардек бегуноҳ жониворларни кўришга ҳам ҳаққим йўқ эди. Аммо Худойим менга тағин шафқат қилиб, барча мушкулотлардан халос этди ва шу ерларга келиб қолдим.
Яна тириклигимда ўзим ёқтирган инсонларни ва жаннатда севишга улгурган яқинларимни эсладим. Хаёлан фоний дунёдаги дўстларим, қариндош-уруғларимдан кимларнингдир йўлига юриб кўнгилларига етказган озорларим учун астойдил кечирим сўрадим. Жаннатдаги азиз қондошларимга раҳматлар айтиб, мени дуо қилишларини сўрадим.
Кунлар эса ўтиб борар, мен дарахт баргларини еб, денгизнинг шўр сувидан ичиб ҳаёт кечирардим. Шунга мажбур эдим. Бироқ қалбимни тўрдек ўраб олган ғам, тушкунлик азоби балки ибодатларим сабаб аста-секин бўлса-да, тарқала борарди.
Оҳ, Ольга!.. Бувижоним!.. Сиз ҳам менга катта кўмак бердингиз! Умидни вужуд-вужудимга сингдириб қўйдингиз! Икки минг йил сиз мени кутибсиз-а, бувижоним Ольга!.. Мен аҳмоқ бўлсам, ўзимнинг боқий ҳаётимни эндигина бошлабман-у, вақти келса бардошим тамом бўлгандек дунёга сиғмай кетаман… Худойим сизни раҳматига олгани рост бўлсин!
Боя атйганимдек, қанча кўп ибодат қилсам, шунча осон кечарди. Мен Худойимга тасаннолар айтишдан чарчамасдим. Чунки, у туфайли ўлимни бошимдан кечирдим. Дўзах, жаннат орқали ўтиб, Шайтон кимлигини, аслида Яратган эгам ҳақиқитан борлигини англаб етдим. Бунга амин бўлдим.
Мўъжиза кутилмаганда рўй берди. Бир куни тунда ёмғир ёғди. Бир маҳал димоғимга атиргул ифори урилди. Мен бу ҳидни шамол қаердандир учириб олиб келган бўлса керак деб ўйлагандим. Қум устида чўзилиб ётганча жаннат гулларини кўз олдимга келтиришга ҳам улгурдим. Ольга билан кўрган биллур гулларни эсладим… Шу тахлит уйқуга кетдим…
Тонг отди. Ёмғир тинибди. Атроф жимжит. Мен ўрнимдан турдим. Оёқларим остидаги қум намланибди. Энди бу қум узра бемалол, қийналмасдан юрса бўлади.
Мен соҳил бўйлаб олдинга босдим. Ҳеч қанча юрмай, фариштамга кўзим тушди. Ҳа, у мени кутарди! Қувониб кетдим. Чопиб бориб бағрига ўзимни отдим.
— Мана, Анна, — деди фариштам. — ҳаммаси тугади. Сенга шафқат кўрсатгани учун Худойимга шукрона келтир! Хўш, мўъжизани кўрдингми?
— Албатта. Майда, қуриб қолган дарахтлар бирдан уйғониб, барг ёзиб, гулларга бурканди.
Фариштам мени кўтариб олди ва мен унинг елкасига бошимни қўйиб олдим. Биз самога кўтарилдик.
— Сўнгги бор шаҳарга назар ташлаб олишни истайсанми? — сўради фариштам.
— Ҳа, агар мумкин бўлса.
Фариштам бошқа томонга бурилди. Аммо остимизда ҳеч қандай шаҳар кўринмасди. Фақат уйилиб ётган ахлатлар, пачоқланган машиналар кўзга ташланарди. Кулранг танали яланғоч эркак, аёллар ахлат уюмларини оралаб юришарди. Улар ниманидир қидириш билан овора эди. Қаёққа қараманг, ғалати, кўримсиз қушлар учиб айланар, мушук сингари миёвлашарди.
— Мен тушунмадим. — дедим ҳайрон бўлиб. — Шаҳар қани?
— Ҳамма гап шунда. — бош ирғади фариштам. — Бу шаҳар бир пайтлар бўлган. Аммо одамлари ёлғончи, хиёнаткор, фирибгар бўлишган ва оқибатда Худонинг ғазабига учраган. Мана, бунинг натижасини кўриб турибсан. Қачонлардир шу шаҳарни ер ютган. Ҳов анави яланғочлар эса мен айтган гуноҳкорлар. Улар учун дўзахга киришнинг ҳожати йўқ. Шу ернинг ўзида дўзахдагидан баттар умр кечиришади. То қиёмат куни келиб, Яратганнинг марҳаматига муяссар бўлмагунларича шу тахлит яшашади. Йўқ, кетдик! Кўрадиган нарсанинг ўзи йўқ бу ерда!
Биз бошқа бир тарафга учиб кетдик.
Елена ВОЗНЕСЕНСКАЯ
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди