23:02 / 19.01.2019
5 572

Таназзул

Таназзул
Мусулмонлар Ислом илм ва маърифати гуллаган даврда бутун жаҳонга устоз бўлдилар. Зеро Парвадигори оламнинг илк нозил қилган ояти “Ўқи” ояти эди. Бу оят Расулуллоҳга нозил бўлган бўлсада қиёмат кунигача келадиган мусулмонларга илм излашга бўлган илоҳий ҳукмдир. Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун омма мусулмонлар ўзларини илмга урдилар. Тоғу тошда ўсган ўқиш ва ёзиш нималигини билмайдиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом умматини илм ўқишга буюрдилар. Илмни бешикдан лаҳадга киргунча, ўлим келгунча ўрганишга буюрдилар. Аллоҳ таолонинг ҳукмига итоатли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севган мусулмонлар илмда дунёга устоз бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин илм исташдан тўймайди, токи жаннатга кирмагунча”, дедилар.

Салафи солиҳлардан: “Қачонгача илм излайсизлар?”, деб сўраганларида, “Ўлгунча” жавобини берганлар. Муҳаммад ибн Исмоил ас-Соврағ: “Мен отам билан заргарлик қилар эдим. Бир куни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал икки калишини икки қўлига олиб, югурганча бизнинг олдимиздан ўтдилар. Отам унинг этагидан тутиб: “Эй, Аҳмад! Ҳаё қилмайсанми, қачонгача толиби илмлар билан илм талабида югурасан?”, деди. Имом Аҳмад: “Ўлгунимча!”, деб жавоб берди.

Шундай улуғ мазҳаб соҳиби умрим ўтиб кетмасин, ўлим келиб қолмасидан илм ўргатиб, илм ўрганай деб толиби илмлар билан илм даргоҳига югурган бўлсалар. Биз нима қиляпмиз? Бир кунлик умримизнинг неча дақиқасини илмга ажратдик. Бизга олий мақом жаннат керак эмасми?

Охирги вақтларда одамлар илмни қўйиб дунё қувдилар. Бой ва амалдорлар илм даргоҳларига сармоя ажратишмасдан айшу ишратга берилдилар. Дунё тамаддунидан ортда қолиб, манманлик отига миндилар ва саховатни унутдилар. Аҳли илм риёга ботди. Натижада илм кўтарилди. Ғайридинлар илмда ўзиб кетдилар. Мусулмон бой, амалдор ва аҳли илмни қириб ташладилар. Ислом ва мусулмонларни илмсизлик, жоҳилликда айбладилар. Исломни ёмон отлиқ қилдилар. Ваҳоланки, биринчи тушган ваҳий “Ўқи” ояти эмасмиди. “ъаллама бил қолам” У қалам билан илм ўргатгандир, деб ўқиш ва ёзишга буюрган биринчи оятлар нозил бўлмадими? Юксалиш илм, ўқиш ва ёзиш билан эканига Аллоҳ таоло буюрмадими? Дунё илмсизлик ботқоғига ботиб, чириб ётганда бутун жаҳонга мусулмонлар маданият, илм, ўқиш ва ёзишни ўргатмадими? Нега унда ортда қолиб кетдик?

Жоҳил раҳбарлар аждодларимиз илмларига соя солиб, тўсиқ бўлишди. Илм аҳлига шароит яратиш ўрнига уларни қийтардилар ва мусулмонлар ортда қолиб кетишди. Бугунги кунга келиб китоб ўқимаслик ортидан келиб чиқаётган муаммолар, илмсизлик ва иймонсизлик боис одамлар нафсига қул бўлишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Агар аждодларимиз каби Аллоҳ учун илм ўрганиб, илм ўргатмасак, нафсимизни жиловламасак, қўлимизда бўлган мусулмонлик ва Ислом ақидасини йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Чунки бугун асл иймон ва соф илмни билмаслигимиз боиси зино, ҳаёсизлик, ўғрилик, пора ва шу каби ўнлаб гуноҳлар ботқоғига ботдик. Бугун ўзимизни ўнгламасак, китоб ўқиш, ёзиш, маърифат сари интилмасак жуда кўп нарсани қўлдан бой беришимиз аниқ. Оломон маданияти жаҳонни эгаллаётган даврда, унга аралашиб аслимиз, мусулмонлигимизни йўқотишимиз ҳеч гап эмас. Шу боис Аллоҳ таолонинг розилиги ва жаннатини истаб жон омонатини топширгунча илм излайлик. Ўтган салафи солиҳлар йўлини тутайлик шунда нажот топамиз, соф дин ва миллатимизни сақлаб қоламиз.
Шермурод ТОҒАЙ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Таназзул