00:40 / 24.01.2019
5 835

Сўнгги сўз

Сўнгги сўз
У билан бир неча йиллик ён қўшни эдик. Лекин уни қаҳвахонасида кўрардим. Бир гуруҳ дўстлари билан дераза олдида ўтириб, эртадан кечгача қарта ўйнарди.
Бир куни мени ҳам чақириб:
– Кел, сени ҳам бир чойга таклиф қилай, – деди. – Шунчаки салом бериб ўтиш ярамайди.

Столда ёлғиз ўтирганди. Таклифини қабул қилиб, ёнига бордим. Қўл сиқишиб кўришаётганимизда “Сигарет ҳидини ёқтирмайман, шунинг учун ҳам бунақа жойларга кўп кирмайман. Қолаверса, ишларим ҳам жуда кўп” дедим.

Кўнгли нозикроқ экан, оғринганини сездириб:
– Тўғри, – деди. – Бизнинг ишимиз йўқ.
– Аслида ҳаммамизнинг ишимиз кўп, – дедим, нима демоқчилигимни очиқроқ ифодалашга уриниб.

– Охиратдаги абадий ҳаётимизни шу қисқа дунё ҳаётида қозонишимиз керак.
– Ҳақсан. Лекин ёш пенсияга чиқиб, бу ерда маҳкумлардай боғланиб қолдим.

– Абадий ҳибсда эмассиз, – дедим. – Бу ерда ҳеч ким сизни мажбуран ушлаб турмайди.
– Дўстларимни ранжитишни истамайман. Ҳар куни қайта-қайта чақиришади.

Сал нарироқдаги масжидга ишора қилдим:
– Муаззинни танийсанми?
– Йигирма йиллик муаззинни қандай танимаслигим мумкин? – деди. – Бунинг устига оилавий дўстимиз бўлади.
– Ҳа-а, шунчаки эсимга тушди-да. Уям бир кунда беш маҳал чақиради, – дедим.

Бу танбеҳимдан хафа бўлгани, қизаринқираган ёноқларидан кўринди.
– Авваллари унақа эмасдим, – дея ғудранди. – Ора-сирада жумага ҳам чиқиб турардим ҳатто. Кейинчалик ибодатга танбаллашиб қолдим.
Шу учрашувдан икки ой ўтиб бетоблигини эшитдим ва зиёратга бордим.

Салом-аликдан кейин ўғли:
– Отамнинг аҳволи жуда, оғир, домла, – деди. – Ўзини билмайди. Ҳар замонда бир “Санзоту” деб алаҳсираб бақирадилармией. Хуллас, шунга ўхшаш нималардир деб ғудранадилар...

– Нима дегани экан?
– Ким билади? Лекин яхши эшитдик, санзоту деб бақирадилар.

– Балки семизўти дегандир? Яхши кўрармиди?
– Умуман оғизларига олмасдилар ҳатто! – деди хотини. – Мен ҳам шунақамикан деб ўйлагандим лекин…

– Бу санзоту дегани бирор доридир, мен бир излаб кўрайчи... – деб тезгина уйидан чиқиб кетдим.
Гузардаги дорихонадан қуруқ қайтганимда оила аъзоларининг фиғони юракни ўртарди.

Катта ўғил бағримга бошини қўйиб:
– Отамдан айрилиб қолдик, – деди. – Ўша дорининг номини айтиб-айтиб жон бердилар... Сиз тополдингизми?

– Энди аҳамияти йўқ, – деб қўя қолдим. Дорихонада менга “Санзоту” дегани қарта ўйинларида ишлатиладиган сўз деб айтиб кулишганини отасидан айрилиб эзилаётган ўғилларга айтишнинг ҳожати йўқ эди...
Жунайд СУАВИ
Умида АДИЗОВА таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Сўнгги сўз