100 йил яшаш сири очилмоқда, олимлар янги йўл кўрсатди

Бугунги кунда инсон умри аввалги авлодларга нисбатан анча узайиб бормоқда. Замонавий тиббиёт, технологиялар ва соғлом турмуш тарзига бўлган эътибор туфайли одамлар нафақат кўпроқ яшаш, балки узоқ йиллар давомида фаол ва бақувват бўлиб қолиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу ҳақда Good Housekeeping нашрида қизиқарли таҳлил эълон қилинди.
Журнал маълумотларига кўра, ношир ва тадбиркор Майкл Клинтон ўзининг «Longevity Nation» номли китобида инсоният қандай қилиб узоқ ва сифатли ҳаёт кечириши мумкинлиги ҳақида фикр юритган. Муаллифнинг таъкидлашича, замонавий дунёда 50 ёш энди қарилик эмас, балки ҳаётнинг янги босқичи сифатида қабул қилиниши керак.
— «Агар инсон 50 ёшга келиб ҳам соғлом бўлса, у яна 40 йил ёки ундан ҳам кўпроқ яшаши мумкин. Бу эса ҳаётнинг иккинчи ярмини қайтадан бошлаш имконини беради. Инсон янги муносабатлар қуриши, янги касб ўрганиши ёки умуман бошқача ҳаёт йўлини танлаши мумкин», — дейди Майкл Клинтон.
Муаллиф соғлом узоқ умр кўришнинг асосий калитларидан бири ҳаракат ва жисмоний фаоллик эканини алоҳида таъкидлайди. Унинг фикрича, инсон ҳафтасига камида 150 дақиқа аэробик машқлар билан шуғулланиши ва ҳафтасига икки марта куч машқларини бажариши керак.
Китобда яна бир қатор кутилмаган ва қизиқарли хулосалар ҳам келтирилган.
Муаллифнинг таъкидлашича, ҳатто 70, 80 ёки 90 ёшда ҳам таълим олишни давом эттириш кеч эмас. Инсон умри давомида янги билимлар олиши мия фаолиятини сақлаб қолиш ва ҳаётга қизиқишни йўқотмасликка ёрдам беради. Айрим инсонлар учун университетга қайта бориш ёки янги соҳани ўрганиш ҳаётга янги маъно бағишлайди.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, келажак тиббиёти эса ҳар бир инсонга индивидуал ёндашувга асосланади. Яъни ҳар кимнинг организми, генетикаси ва ҳаёт тарзи турлича бўлгани учун даволаш усуллари ҳам шахсийлаштирилиши керак. Бу ёндашув «аниқ тиббиёт» деб аталади ва келажакда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ўзгартириши мумкин.
Шунингдек, китобда сўнгги йилларда кенг муҳокама қилинаётган GLP-1 препаратлари ҳақида ҳам сўз юритилган. Муаллифнинг фикрича, ушбу дорилар семизлик, юрак-қон томир касалликлари ва уйқу билан боғлиқ муаммоларни даволашда ҳақиқий бурилиш ясаган. Агар бу препаратлар янада оммалашса ва арзонлашса, кўплаб инсонлар узоқ ва сифатли ҳаёт кечириш имконига эга бўлади.
Китобда яна бир муҳим масала — инсоннинг фикрлаш тарзи ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Майкл Клинтоннинг таъкидлашича, агар одамлар 90-100 йил яшашни режалаштираётган бўлса, молиявий режаларини ҳам ўзгартириши керак бўлади. Чунки ҳозирги иқтисодий тизимлар анча қисқа умр давомийлиги учун мўлжалланган.
Мутахассислар соғлом қариш учун нафас олиш машқларининг ҳам катта аҳамияти борлигини айтмоқда. Хусусан, эксперт Манжит Девгун чуқур нафас олиш ўпка фаолиятини яхшилаши, иммунитетни мустаҳкамлаши ва стрессни камайтиришини таъкидлаган.
Унинг фикрича, ҳатто кунига уч дақиқа чуқур нафас олиш машқлари ҳам инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Айрим тадқиқотларда эса бундай оддий одат инсон умрини бир неча йилга узайтириши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Мутахассислар бир фикрда якдил: узоқ умр кўришнинг асосий сири — фаол ҳаёт, тўғри овқатланиш, руҳий хотиржамлик ва доимий ҳаракатда. Энг муҳими эса инсон ёшидан қатъи назар, ҳаётга қизиқишни йўқотмаслиги керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!