Ҳақиқий бахт ва эркинлик инсоннинг ички дунёсида яшайди

Инсон ҳаётида энг кўп изланадиган тушунчалардан бири — бахтдир. Кимдир уни бойликдан қидиради, кимдир обрў-эътибордан, яна кимдир эса муҳаббат ёки катта ютуқлардан топишга ҳаракат қилади. Аммо машҳур ёзувчи ва мутафаккир Лоран Гунел таъкидлаганидек, ҳақиқий бахт ташқи омилларда эмас, инсоннинг ички дунёсида яширинган бўлади.
Кўпчилик инсонлар бахтни келажак билан боғлайди. “Фалон нарсага эришсам бахтли бўламан”, “катта пул топсам ҳаётим ўзгаради” деган фикрлар одамни доимо ортдан қувишга мажбур қилади. Лекин вақт ўтиши билан инсон бир ҳақиқатни англайди: агар қалбда хотиржамлик ва ички қониқиш бўлмаса, ташқи ютуқлар ҳам узоқ давом этадиган бахтни бермайди.
Лоран Гунелнинг яна бир муҳим фикри — ҳақиқий эркинлик ҳақида. Унинг таъкидлашича, эркин инсон — бу бошқаларнинг фикридан қўрқиб яшамайдиган одамдир. Чунки жамиятда кўпчилик ўз орзулари эмас, атрофдагиларнинг баҳоси асосида яшайди. Кимдир танқид қиладими, кимдир кулмайдими, деган хавотир инсонни ҳақиқий ҳаётидан узоқлаштириб қўяди.
Аслида эса инсоннинг ҳаёти унинг фикрлари билан бевосита боғлиқ. Қандай ўйласангиз, ҳаётингиз ҳам шундай шаклланади. Доимий қўрқув, норозилик ва тушкунлик инсонни секин-аста ичидан емирса, ижобий фикрлаш ва ишонч инсонга янги имкониятлар эшигини очади. Шунинг учун ҳам ҳаётни ўзгартиришни истаган одам аввало ўз қарашлари ва ишончларини қайта кўриб чиқиши керак бўлади.
Ҳар бир инсон ҳар куни танлов қилади. Кимдир бор имкониятлар учун шукр қилиб, бахтли яшашни танлайди. Яна кимдир эса доимий нолиш, шикоят ва ўзини қурбон қилиб кўрсатиш йўлини танлайди. Вақт ўтган сари бу танлов инсон тақдирини белгилаб боради.
Муаллифнинг энг таъсирли фикрларидан бири — инсон ўзини кечиришни ўрганиши кераклиги ҳақида. Чунки кўпчилик ўз хатоларини йиллаб кўтариб юради. Ўтмишдаги хатолар учун ўзини айблаш эса инсонни руҳан чарчатади ва янги ҳаёт бошлашга тўсқинлик қилади.
Ишонч эса барча муваффақиятларнинг биринчи қадами ҳисобланади. Ўзига ишонмаган инсон ҳеч қачон катта орзулар сари дадил юра олмайди. Ишонч бор жойда ҳаракат бўлади, ҳаракат бор жойда эса ўзгариш ва натижа пайдо бўлади.
Лоран Гунелнинг ушбу фикрлари инсонни чуқур ўйлашга ундайди. Чунки ҳақиқий бахт ҳам, эркинлик ҳам, муваффақият ҳам аввало инсоннинг ўз қалби ва тафаккуридан бошланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!