08:30 / 02.04.2019
3 374

“Жуфтимизнинг қалбини ҳис қилардик”

“Жуфтимизнинг қалбини ҳис қилардик”
Бу гал жон-жонимдан ўтиб кетди. Одам фарзандининг туғилган кунини ҳам унутиши мумкинми? Ёлғизгина боласининг таваллудини унуттирадиган қандай муҳим иш бўлиши мумкин? Мен-ку, майли, ўғлим... Эрталаб, “Бугун эртароқ келинг, Беҳрузнинг туғилган куни. Шу иш ўлгурингиз бир кун қолса қолибди”, деб огоҳлантирган эдим. Атайлаб қилгандай яна кечга қолди. Ўғлимга худди қўнғироқ қилаётгандай кўрсатиб, телефонни қулоғимга олиб бориб, “Жавоб бермаяптилар” деб қўйяпман. Қўнғироқ қилсам, нима дейишини биламан: “Мен ҳам ўйнаб ўтирганим йўқ, ишдаман, иш кўп!” Болагинам, “Дадамга қўнғироқ қилинг” деб жавдирайвериб, охири ухлаб қолди. Дадасини кутавериб, туғилган куни учун тайёрлаган тортим ҳам кўзига кўринмади, бир ой интернет сайтларини титкилаб рецептини топиб пиширган овқатимга ҳам қизиқмади.

Юрак-бағрим ўртанди; бу одам масъулиятсизми ёки бемеҳрми? Қишлоқдан ота-онам келишганида ҳам шундай қилган эди. Топгани: “Нима қилай, ишим кўп-да! Биласан-ку, уйимизнинг бошланғич тўловини ишхонам тўлаган. Қўшимча иш чиқиб қолса менга юклашади, йўқ деёлмайман...” Топгани шу баҳона. Қачон эътирозга лаб очсам, шу гап билан оғзимга уради. Рўзғорнинг бозар-ўчари, коммунал тўловларни навбатда туриб тўлаш, меҳмон кутиш, қишлоқдан шаҳарга иш билан келадиганларни кутиб олиш-кузатиш, касалхонага борадигани билан дўхтирма-дўхтир юриш, боласининг ўқиши учун келганлари билан шаҳар ичида изғиш ва албатта, бу орада ишга қатнаш, ишлаш ҳаммаси менинг зиммамда.

Баъзан жон-жонимдан ўтиб кетиб “замонавий уйда яшамай мен ўлай, қайтанга ижарада яшаётган пайтларимиз яхши эди, шу уйга кўчдик-у, аёллигимни унутдим!”, деб алам билан ёзғираман. “Ношукр”га чиқади номим. Уйи бошида қолсин, эртагаёқ боламни олиб чиқиб кетаман! Боласи уйғонмасдан чиқиб кетиб, ухлаётганида ишдан қайтадиган, ўқиши, тарбияси, муаммоси билан қизиқмайдиган отанинг ўғлимга кераги йўқ. Бундай масъулиятсиз, тошбағир одам билан яшамайман!..

Хўрлигим келди. Болагинам қўл урмаган дастурхону ноз-неъматларни йиғиштириб жой-жойига қўйдим. Дадасининг одатини яхши билганим учун меҳмон таклиф қилмаган эдим. Жаноб ишли одамнинг иши боласидан ҳам муҳим! Аламим тошиб, бир неча бор телефонга қўл чўздим. Ғазабимни смсда сочиб қутулмоқчи эдим. Қўлимни тортдим. Нафратимга ҳам арзитгим келмади. Овозсиз йиғладим. Ўзим учун йиғламайман. Қадр-қиймат талашмайман. Болам учун ўкиндим. Отаси бўла туриб, отаси билан бир уйда яшаб, ота меҳрига зор ўсаётган ўғлим учун ўксиндим.

Эшикдан кирган заҳоти юзинг-кўзинг демай нафратимни сочиб-сепмаслик учун бироз чалғишим керак. Телевезорни ёқдим. Хаёлим тарқоқ, экрандаги тасвирлар кўзимга хира кўриниб, овозлар узуқ-юлуқ эшитиляпти. Чиройликкина журналист қиз нуроний чол-кампир билан суҳбатлашаяпти, чоғи.

– Бахтли турмушнинг сири нимада, моможон? – Бошловчи қиз онахонга савол берди. Кампир чолига бир қур жилмайиб қаради-да, саволга дона-дона жавоб қайтарди:

– Бахтли турмушнинг сирини билмайман-ку, қизим, бизнинг пайтимизда синган нарсалар таъмирланиб, яна фойдаланиларди. Синди, деб ахлатга ташлаб юбормасдик. Биз ҳам аразлардик, лекин воз кечмасдик. “Мени ҳеч ким тушунмайди!”, деб иддао қилмасдик. Жуфтимизнинг қалбини ҳис қилардик. Ҳақ бўлишни эмас, бахтли бўлишни афзал билардик. Бизга шундай ўргатишган эди...

Юзим уятдан лов-лов ёниб, чап кўксимга ҳаво етмаётгандек бўғилаяпман. Эшик қўнғироғи устма-уст босиляпти. Юриб эмас, судралиб бораётгандекман. Эримдан аввал велосипедга кўзим тушди. Болагинам бир йилдан бери шу велосипеддан олиб беришимизни айтиб илтижо қиларди.

– Беҳруз қани? Ухлаб қолмадими? Шу бугун шу велосипедни олиб келмасам ўзимни кечиролмасдим. Бунақаси фақат Сергелидаги дўконда бор экан, ишдан чиқиб боргунимча, Беҳруз истаганидан топгунимча вақт ўтиб кетди-да. Ҳа, майли, эрталаб ўғлим бир қувонади-да, иншааллоҳ!..

Йиғлаб юбормаслик учун кўзларимни катта-катта очиб, лабларимни қаттиқ тишлаб олдим...
Умида АДИЗОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » “Жуфтимизнинг қалбини ҳис қилардик”