Абул Ос ибн Робиъ розияллоҳу анҳу
“Абул Ос менга фақат рост гапирди. Ваъда бериб, ваъдасига вафо қилди”.
(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)
Абул Ос ибн Робиъ Абшамий[1] Қурайший барчага бирдай манзур бўладиган, жуда кўркам ва навқирон йигит эди. Тақдир уни барча неъматлар, шу жумладан, олий насл-насаб билан ҳам сийлаган эди. Шунинг учун у виқор, салобат, мардлик, вафо ва ота-боболар меросини эъзозлашда араб ёшларига намунага айланди.
Абул Ос тижоратга муҳаббатни икки сафар, яъни қишки ва ёзги сафар соҳиблари бўлган Қурайшдан мерос қилиб олди. Унинг уловлари Маккадан Шомга тинимсиз бориб келарди. Карвонида юзта туя икки юзта одам бор эди. Маҳорати, ростгўйлиги ва омонатдорлигидан яхши хабардор бўлгани учун одамлар молларини ўзиникига қўшиб тижорат қилиши учун унга олиб келиб берар эди.
Абул Оснинг холаси, Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг аёли, Хадича бинти Ҳувайлид уни ўз боласидек яхши кўрар эди. Уни шунчалар яхши кўрганидан нафақат қалбининг тўридан, балки уйидан ҳам у учун жой ажратганди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг ҳам Абул Осга муҳаббати Хадича бинти Ҳувайлидникидан кам эмасди.
Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг хонадонида кунлар жуда тез ўтиб, катта қизлари Зайнаб балоғатга – муаттар бўйли атиргул каби гўзал бўлиб вояга етди. Қурайш улуғларидан кўпчилигининг ўғли унга совчи қўя бошлашди. Акси ҳам бўлиши мумкинми?!. Ахир у Қурайш қизларининг насл-насаб ва одоб-ахлоқ жиҳатидан энг пешқадами эди. Аммо уларга йўл қайда?! Улар билан Зайнабнинг ўртасини Макканинг энг забардаст йигитларидан бири Абул Ос ибн Робиъ тўсиб турарди.
Зайнаб бинти Муҳаммад Абул Осга турмушга чиққанидан саноқли йиллар ўтиб, Макка водийлари илоҳий нур билан мунаввар бўлди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоят ва ҳақ дин билан пайғамбар қилиб жўнатди ва яқин қариндошларини огоҳлантиришни амр этди. Аёллардан у зотга биринчи иймон келтирганлар аёли Хадича, қизлари Зайнаб, Руқайя, Умму Гулсум ва Фотима эди. Бироқ куёвлари Абул Ос қизлари Зайнабни жуда яхши кўриб, эъзозласа-да, ота-боболарининг динидан воз кечишни хоҳламади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қурайш ўртасида низо кучайиб кетгач, баъзиси баъзисига: “Шўрингиз қурисин, қизларини ўғлингизга олиб бериш билан Муҳаммаднинг ташвишини енгиллатиб қўйдингиз. Агар қизларини қайтариб юборсангиз, улар билан машғул бўлиб, сизни унитади”, – деди. Улар:
– Бу қандай ҳам яхши фикр, – дейишди ва Абул Оснинг олдига бориб таклиф қилишди: – Эй Абул Ос, хотининг билан ажрашиб, уйига қайтариб юбор. Қурайш аёлларидан хоҳлаганингни сенга никоҳлаб берамиз.
У:
– Аллоҳга қасамки, унинг эвазига дунёнинг барча аёлларини таклиф қилсангиз ҳам аёлимдан ажралмайман, – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб, у ерда мусулмонлар сони орта бошлагач, Қурайш у зот билан уришиш учун Бадрда саф тортди. Абул Ос ҳам мажбуран улар билан чиқди. Чунки уни мусулмонлар билан уришишга хоҳиши ҳам, уларга ёмонлик қилиш нияти ҳам йўқ эди. Лекин қавми орасидаги мавқеи уни улар билан сафарга чиқишга мажбур этди. Бадр жанги Қурайшнинг мағлубияти билан якунланди. Бир қисми ўлдирилди, бир қисми асирга тушди ва яна бир қисми қочиб қутилди. Асирга тушганлар орасида Абул Ос ҳам бор эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларга ўзларини озод этишлари учун товон пули белгиладилар. Уни асирнинг қавми орасидаги мавқеи ва бойлигидан келиб чиқиб минг дирҳамдан тўрт минг дирҳамгача қилиб тайинладилар. Элчилар асирларни озод этиш учун Макка билан Мадинани орасида қатнай бошлашди. Зайнаб ҳам элчисини эри Абул Осни озод қилиш учун товон пули бериб Мадинага жўнатди. Юборган моллари орасига Абул Осга турмушга чиқаётганда онаси Хадича бинти Хувайлид совға қилган тақинчоқни ҳам солди. Тақинчоқни кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларини чуқур маҳзунликка бурканган шаффоф парда қоплади. Саҳобаларига қарата:
– Зайнаб Абул Оснинг товонига мана бу молни жўнатибди. Агар асирини қўйиб юбориб, молини қайтариб беришни хоҳласангиз, шундай қилинг, – дедилар.
Саҳобалар:
– Албатта, эй Аллоҳнинг Расули, сиз учун шундай қиламиз, – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абул Осни қўйиб юборишдан олдин, қизлари Зайнабни дарҳол Мадинага жўнатиб юборишни шарт қилиб қўйдилар. Абул Ос Маккага етиб бориши билан ваъдасига вафо қилишга шошилди. Хотинига сафарга таёрланишни буюриб, отасининг элчилари Маккадан узоқ бўлмаган жойда кутиб турганини айтди. Аёли учун озуқа ва уловини тайёрлаб, укаси Амр Робиъга уни бирга олиб бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиларини қўлига топширишни тайинлади. Амр бин Робиъ камонини елкасига осиб, ўқдонини қўлига олди ва Зайнабни ҳавдажга[2] ўтказиб, куппа-кундузи, очиқчасига, Қурайшнинг кўз ўнгида Маккадан чиқиб кета бошлади. Буни кўрган қавмнинг фиғони фалакка кўтарилди ва узоққа кетмасидан уларга етиб олиб, дўқ-пўписа қила бошлашди. Шунда Амр камонини тортиб, ўқдонини олдига қўйди ва:
– Аллоҳга қасамки, ким Зайнабга яқинлашса, кўксига ўқ жойлайман, шу заҳоти тил тортмай ўлади, – деди.
Зотан, Амр бирорта ўқи хато кетмайдиган ўткир мерган эди. Шунда Абу Суфён ибн Ҳарб унинг ёнига келиб:
– Эй биродаримнинг ўғли, гаплашиб олгунимизча камонингни тушириб тур, – деди. У камонини туширди.
Абу Суфён:
– Сен тўғри иш қилмаяпсан... Зайнабни очиқчасига, ҳамманинг кўз ўнгида олиб чиқдинг. Ҳамманинг кўзи сизда. Бадрда мағлубиятга учраганимиз ва отаси Муҳаммад бизга қандай зарар етказганини, не-не улуғларимизни ўлдирганини арабларнинг барчаси билиб турибди-ку. Агар унинг қизини ҳозиргига ўхшаб, очиқчасига олиб чиқиб кетсанг, бошқа қабилалар бизни қўрқоқликда айблашади ва бизни обрўсиз, хор деб билишади. Уни олиб ортингга қайт ва бир неча кун эрининг уйида қолдир. Одамлар Қурайш уни қайтарганини гапира бошлагач, орамиздан яширинча олиб чиқиб, отасига жўнатасан. Ишон, Зайнабни ушлаб туришга ҳеч қандай эҳтиёжимиз йўқ, – деди. Амр рози бўлди ва Зайнабни олиб Маккага қайтди. Орадан саноқли кунлар ўтиб, уни Маккадан олиб чиқди, акаси айтгандай элчиларнинг қўлига топширди.
Абул Ос аёли кетгандан кейин Маккада анча вақт турди. Макка фатҳидан озгини олдин Шомга тижорат билан чиқди. Юзта туя, бир юз етмишта одами билан Маккага қайтаётганида Мадинага яқин жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшинларидан бири унга рўпара келиб, карвонини одамлари билан асирга олди. Абул Ос эса қочиб кетди. Тун тушгач, Абул Ос зулумат қўйнида Мадинага яширинча кириб олди ва Зайнабнинг олдига бориб ундан бошпана сўради. Зайнаб унга омонлик берди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозига чиқдилар. Меҳробда туриб энди такбири таҳримани айтган эдилар, Зайнаб аёлларнинг суфасига чиқиб, баланд овозда:
– Эй инсонлар, мен Зайнаб бинти Муҳаммадман. Абул Осга омонлик бердим. Сиз ҳам унга омонлик беринг, – деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан салом бергач, одамларга қайрилиб қарадилар ва:
– Мен эшитган нарсани сизлар ҳам эшитдингизми?! – дедилар. Улар:
– Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули, – дейишди.
У зот:
– Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар эшитган нарсани эшитмагунимча бу гапларнинг бирортасидан ҳам бехабар эдим. Мусулмонларнинг энг кичиги ҳам омонлик беради, – дедилар. Сўнгра уйларига кирдилар ва қизларига айтдилар: – Абул Оснинг ҳурматини жойига қўй. Аммо билиб қўй, сен унга ҳалол бўлмайсан”.
Сўнгра карвонни эгаллаб, одамларини асирга олган қўшин одамларни чақириб уларга дедилар:
– Бу кишининг бизга ким эканини яхши биласиз. Агар унга яхшилик қилиб, молини қайтариб берсангиз, бизни хурсанд қилган бўласиз.
Улар:
– Молини қайтариб берамиз, эй Аллоҳнинг Расули, дейишди.
У молини олиш учун келганида:
– Эй Абул Ос, албатта, сен Қурайшнинг обрўли одамисан. Шу билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакисининг ўғли ва куёви бўласан. Мусулмон бўлсанг, биз сенга бу молнинг ҳаммасини қайтариб берамиз. Шу ерда Макка аҳлининг молларини олиб қолиб ҳузур-ҳаловатда, биз билан Мадинада яшайсан, – дейишди.
У:
– Мени нақадар ёмон ишга, янги динимни хиёнат билан бошлашга чақираяпсиз, аксинча, мен аввал уларнинг омонатини қайтариб, кейин келаман, – деди.
Абул Ос карвон ва ундаги молларни олиб Маккага қайтди ва барча ҳақдорларга ҳаққини адо қилиб бўлгач:
– Эй Қурайш жамоаси, орангизда мендан молини олмаган бирор киши қолдими? – деб сўради.
– Йўқ, Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин. Сенинг вафодор, улуғ киши эканингга яна бир бор амин бўлдик, – дейишди улар.
– Ҳақларингизни адо қилиб бўлдим. Мана энди Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик бераман... Аллоҳга қасамки, Мадинада Муҳаммаднинг ҳузурида мусулмон бўлишимдан молларимизни еб кетишни ирода қилган деб ўйлашингиз тўсган эди. Молларингизни қайтариб, зиммамдаги масъулиятдан қутилганимдан сўнг мусулмон бўлдим, – деди у.
Сўнгра чиқиб Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жўнади. У зот Абул Ос ибн Робиъни эҳтиром билан кутиб олдилар ва жуфти ҳалоли Зайнабни қайтариб бердилар ва у ҳақида: “Абул Ос менга фақат рост гапирди. Ваъда бериб, ваъдасига вафо қилди”, – дедилар.[3]
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
“Ислом нури” жоме масжиди имом-хатиби А. Собиров
“Ислом нури” жоме масжиди имом-хатиби А. Собиров
[1] Абдушшамс қабиласига мансуб.
[2] Туя устига ўрнатилган аёллар тахтиравони. О Юсупов. Ан-наъим 872-бет.
[3] Доктор Абдурроҳман Раъфат. Суварун мин ҳаятис саҳаба 388-395-бетлар.
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади