Баъзилари шкаф бурчагида ётган бўлса, бир нечтаси кўз олдингизда турган бўлиши ҳам мумкин.
1. Ҳаво спрейи
Нимаси билан хавфли?
Ҳаво спрейлари хонадаги нохуш ҳидлардан халос бўлишга ёрдам беради. Кўпинча биз улардан ҳаво айланмайдиган бурчаклар ҳавосини мусаффолаштиришда фойдаланамиз. Бу жуда тўғри ечим эмас. Ҳаво спрейлари таркибида фталат моддалари бор — хушбўйликнинг давомийлигини оширишни таъминловчи ва моддага пластиклик хусусиятини берувчи кимёвий қўшимча.
Фталатларни, шунингдек, тирноқ лаклари, косметика воситалари, болалар ўйинчоқлари ва пластикларда учратиш мумкин. Кўп ҳолларда ишлаб чиқарувчилар уларни очиқ тарзда баён қилишмайди ва шунчаки «ароматизатор» деб ёзиш билан чекланишади. Шундай қилиб, зарарли фталатлар қўшилгани қадоғида акс эттирилмаган ҳаво спрейларининг 14 тадан 12 тасида уларни учратиш мумкин.
Фталат моддалари организмдаги гормонлар даражасига ўз таъсирини кўрсатади: эркакларда тестостерон тушишига ва репродуктив саломатлик тизими ишлашида бузилишлар юзага келишига сабабчи бўлади.
Спрейни ёпиқ майдонга сепганингизда унинг томчилари терингизга ўрнашиб қолади ёки нафас олиш билан ичингизга тушади. Организмда эса улар билан биргаликда хавфли бирикмалар тарқалади.
Нима қилиш керак?
Нохуш ҳолатга кўз юмиш ҳам мақбул ечим эмас. Ўз қўлингиз билан табиий маҳсулотлардан фойдаланиб ҳаво спрейи тайёрлашга ҳаракат қилинг.
100 мл ҳажмидаги спрей учун сизга керак бўлади:
- 15- 20 томчи эфир мойи, исталган турини танлашингиз ёки бир нечтасини аралаштиришингиз мумкин;
- 1 чой қошиқ спирт;
- пуркагичли идиш;
- дистилланган сув.
Идишга эфир мойи ва спиртни қуйинг, айланма ҳаракат орқали яхшилаб аралаштиринг. Сув қуйинг ва идиш қопқоғини ёпиб, етарлича аралаштиринг. Тайёр!
2. Куяга қарши шарчалар
Нимаси билан хавфли?
Кийимлар куя емаслиги учун шкафга махсус шарчалар жойлаштирилади. Унинг фаол моддалари таркибида нафталин ёки парадихлорбензол мавжуд — нафақат зарарли ҳашаротларни, балки инсонни ҳалок қилувчи модда.
Саратон чақирувчи деб тан олинган нафталин ёки парадихлорбензол таъсирида бош оғриғи, кўнгил айниши, диарея ёки тери қичишиши кузатилиши мумкин. Шарчалар айниқса ёш болали хонадонларда хавфли ҳисобланади, болалар уни конфет деб ўйлаб оғизга солишлари ҳам мумкин.
Нима қилиш керак?
Яқин кунларда кийиш эҳтимоли кам бўлган либос ва кийимларингизни герметик (зич ёпиладиган) пакетларга солинг. Олиб қўйишдан аввал уларни тозалашни ҳам унутманг.
3. Ёғоч парахали плитадан (ДСП) тайёрланган мебел
Нимаси билан хавфли?
Сифатсиз материаллардан тайёрланган арзон мебел таркибида формальдегид, яъни инсон саломатлиги учун таҳликали бўлган заҳарловчи моддалар учраши мумкин. Ушбу таркибга алоҳида сезувчанлиги бўлган инсонларда кўз, бурун ёки томоқда ачишиш, йўтал, кўнгил айниши ва тери қичишиши кузатилиши мумкин.
Нима қилиш керак?
Маҳсулот ишлаб чиқарувчи мамлакатнинг сифат стандартлари билан танишиб чиқинг ва сертификатларни аҳамият билан кўздан кечиринг. Ташқи кўриниш ва унинг ҳидига эътибор беринг: Бурунни ачитадиган ҳидга эга янги диван ёки столни сотиб олиш фикридан, яхшиси, воз кечган маъқул.
4. Касса чеклари
Нимаси билан хавфли?
Бизга ҳар бир харидимиздан сўнг ёки банкоматдан фойдаланишдан кейинги тақдим этиладиган чекларнинг катта қисми термоқоғозда чоп этилади. Унинг таркибида бисфенол А (BPA) мавжуд.
Бисфенол А — кимёвий модда, у эндокрин тизими, қалқонсимон без ва репродуктив саломатлик тизимига салбий таъсир кўрсатади.
У организмга тери орқали ўтиши мумкин, чекни қўлга олиш жараёнида бундан қочиш имконсиз.
Ваҳоланки, ҳозирда кўплаб мамлакатлар ушбу моддани тақиқланган моддалар рўйхатига қўшаётгани ва экологлар тавсиясига биноан ишлаб чиқарувчилар ундан фойдаланиш кўрсаткичларини минимум даражагача пасайтиришга ҳаракат қилаётганига қарамай, бисфенол А пластик идишлар таркибида сақланиб турибди.
Нима қилиш керак?
Қоғоз чеклардан воз кечинг ва ойлик харажатларни ҳисоблаш баҳонаси билан уларни уйингизда сақлаб ўтирманг. Ҳозирги кунда деярли барча ҳисоб-китобларни смартфон орқали юритиш мумкин.
Банк иловасини ўрнатинг ва балансингиз қолдиғидан онлайн хабардор бўлинг. Дўкон ва дорихоналар иловалари ҳам оммалашмоқда.
Агар сотувчи ортиқча тўлов ҳисоблаб юборишидан хавотир олсангиз, электрон ойнадаги нархларга диққатинизни қаратиб боринг. Маҳсулот устидаги ва экрандаги нарх ўртасида тафовутни сезсангиз, дарҳол буни билдиринг. Бу чек билан текширишдан анча осон.
5. Батарейкалар
Нимаси билан хавфли?
Ишлаб турган янги батарейка ва аккумуляторлар тўғри фойдаланиш жараёнида саломатлигингизга хавф солмайди. Гап муддати ўтганига кўп вақт бўлганлари ҳақида. Батарейка ва аккумулятор таркибидаги қўрғошин ва кадмий элементлари буйрак, жигар ва асаб тизимига салбий таъсир ўтказа олади. Бундан ташқари кадмий саратон қўзғатувчи деб тан олинган.
Бир бурчакда унутиб қолдирилганича ётган батарейка коррозияга учраши мумкин. Унинг ташқи корпуси зарарланади, токсин моддалар эса ҳавода тарқалади.
Нима қилиш керак?
Фойдаланилган батарейка ва аккумуляторлар ишдан чиққач зудлик билан утилизацияга топширилиши керак. Уларни йиллаб фойдаланмайдиган гаджетларингиз ичида қолдирманг. Уйингизда кичик текширув ўтказинг ва ишдан чиққан батарейкаларни яқин ҳудуддаги чиқиндихоналарга ташлаб келинг.
6. Қуёшдан сақловчи воситалар
Нимаси билан хавфли?
Ҳаммаси ҳам эмас. Олимларнинг аниқлашича, таркибида оксибезон моддаси мавжуд воситалар ушбу модда организмда тўпланишига сабаб бўлади ва эндокрин тизимига зарарли таъсир кўрсатади.
Бундан ташқари, сувга шу таркибли қуёшдан сақловчи крем билан тушиш натижасида оксибезон ҳавзадаги коралл маржонларни ўлдиради. Модданинг энг юқори концентрацияси туристлар кўп ташриф буюрувчи дам олиш зоналарида аниқланган.
Нима қилиш керак?
Қуёшдан сақловчи восита таркибини ўрганинг ва цинк оксиди ёки титан диоксидлисидан харид қилинг.
7. Пластик идишлар
Нимаси билан хавфли?
Биз юқорида эслатиб ўтган фталатлар ва бисфенол А пластик идишлар таркибида учраши эҳтимоли юқори. Хавфли бирикмалар шу турдаги идишда сақланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан биргаликда организмга тушиши мумкин. Бисфенол А дан фойдаланмасликка ҳаракат қилаётган пластик ишлаб чиқарувчилар энди таркибга олимларни хавотирга солаётган бошқа компонентлар қўшишмоқда. Хавфлилик даражаси эса олдингисидан фарқ қилмайди.
Нима қилиш керак?
Америка педиатрия академияси пластик идишлар ва ёрлиғида 03, 06 ва 07 маркировкали маҳсулотлардан воз кечиш кераклигини маслаҳат бермоқда. Уларнинг ўрнини шиша ёки металл маҳсулотлар босиши мумкин.
Афсуски, атрофимизда таъсири ҳозир сезиларли бўлмаган, аммо кейинчалик салбий оқибатларга етакловчи заҳарли ва зарарли буюмлар жуда кўплаб топилади. Ваҳимага тушиш шарт эмас, ахир ҳаммаси ўз қўлимизда. Ҳеч бўлмаса кичик имконият топилса ҳам, уни қўллаш фойдадан холи эмас. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади