date

Эрта қаримаслик учун терини ва танани сақлаш сирлари

Эрта қаримаслик учун терини ва танани сақлаш сирлари

Қариш – ҳаётнинг табиий ва тўхтаб бўлмайдиган жараёни. Лекин баъзи инсонларда организм ёшига нисбатан тезроқ қарий бошлайди, бу эса теридаги ажинлар, сочларнинг оқариши, мушак кучининг камайиши, ички аъзолар ва асаб тизимининг сустлашиши билан намоён бўлади. Шунингдек, тез чарчаш, иммунитетнинг пасайиши ва метаболизмнинг секинлашиши ҳам кузатилади.

Хўш, нима сабаблар танани эрта қаритишга олиб келади ва қайси одатлар соғлом қаришга йўл қўймайди? Келинг, бунинг асосий сабабларини ва улардан сақланиш йўлларини кўриб чиқамиз.

Қаришни тезлаштирувчи одатлар

Нотўғри овқатланиш. Шакар, оқ нон, транс ёғлар ва қайта ишланган маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш организмда эркин радикаллар миқдорини оширади. Бу радикаллар ҳужайра мембраналари ва ДНК’га зарар етказиб, тери эластиклигини йўқотади, ажинларни эрта пайдо қилади ва метаболизмни секинлаштиради. Шакар қондаги глюкоза даражасини кўтариб, глиация жараёнини тезлаштиради, коллаген толаларини мустаҳкамлигини йўқотади ва терини қуритади.

Чекиш ва алкогол истеъмоли. Никотин қон томирларини торайтириб, кислород ва озуқа моддаларини терига етказилишини камайтиради. Бу тери эластиклигини пасайтиради ва ажинларни эрта пайдо қилади. Алкогол эса жигарни зарарлайди, токсин чиқариш жараёнини сустлаштиради ва терини қуритади.

Уйқу етишмовчилиги. Сифатли уйқу ҳужайраларни тиклайди ва терини соғлом сақлашга ёрдам беради. Уйқу етишмаса, мелатонин гормони кам ажралади, тери эластиклиги пасаяди ва иммунитет заифлашади. Доимий уйқусизлик стресс гормонларини кўпайтиради, метаболизм секинлашади ва қариш жараёни тезлашади.

Кундалик стресс. Доимий тушкунлик организмга зарар келтиради. Кортизол гормони кўпайганда, яллиғланиш жараёнлари кучаяди, ички органлар ва тери тезроқ қарий бошлайди. Бунга нотўғри овқатланиш, кам ухлаш ва зарарли одатлар ҳам қўшилади.

Қуёш нурлари. Ультрабинафша нурлари коллаген ва эластин синтезини пасайтиради. Терининг тонуси йўқолади, ажинлар пайдо бўлади ва пигментация бузилади. SPF кремлардан фойдаланмаслик эрта қариш белгиларини кучайтиради.

Камҳаракатлик. Жисмоний фаоллик қон айланиши ва метаболизмни қўллаб-қувватлайди. Машқларсиз организмда мушаклар заифлашади, ҳужайра оксидланиши кўпайади ва қариш тезлашади.

Эрта қаришга қарши самарали чоралар

Соғлом овқатланиш. Мева ва сабзавотлардаги антиоксидантлар (C ва E витамини, бета-каротин) ҳужайраларни ҳимоя қилади. Балиқ, ёнғоқ ва авокадо каби омега-3 ёғ кислоталари терининг эластиклигини сақлайди. Оқсиллар мушак массасини қўллаб-қувватлайди ва метаболизмни фаол сақлайди.

Жисмоний фаоллик. Ҳафтасига камида 150 дақиқа югуриш, юриш ёки сузиш юрак ва қон томир тизимини мустаҳкамлайди. Машқлар мушак ва тери тонусини сақлайди.

Уйқу гигиенаси. Ҳар кеча 7–8 соат сифатли уйқу ҳужайраларни тиклайди. Электрон қурилмалардан узоқлашиш ва сокин муҳит уйқу сифатини оширади.

Стрессни камайтириш. Медитация, нафас машқлари ва йога стресс гормонларини пасайтиради. Ижтимоий алоқалар психологик қаришни кечиктиради.

Тери парвариши ва қуёшдан ҳимоя. SPF кремлар ва намловчи воситалар терини қуришдан сақлайди, ажин ва пигмент доғларини олдини олади.

Зарарли одатлардан воз кечиш. Чекиш ва алкоголни камайтириш жигар ва тери саломатлигини сақлайди.

Тиббий профилактика. Йиллик текширув ва лаборатория тадқиқотлари касалликларни эрта аниқлашга ёрдам беради. Витамин D, магний ва цинк етишмовчилиги ҳам қариш жараёнига таъсир қилади.

Қариш жараёнини секинлаштириш нафақат ташқи кўринишни сақлайди, балки руҳий ва жисмоний соғлиқни яхшилайди. Мунтазам жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш, сифатли уйқу, стрессни бошқариш, терини парвариш қилиш ва зарарли одатлардан узоқлашиш инсонни фаол, соғлом ва сермаҳсул ҳаёт кечиришга йўналтиради.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Эрта қаримаслик учун терини ва танани сақлаш сирлари