Этикдўз бола ибрати

  • 13 декабрь 2019, 08:30
  • 1 453
  • Ҳаёт тарзи
  • Этикдўз бола ибрати
    Эски шаҳардаги этикдўзлар тизилишиб ўтирган йўлакдан ўтиб борардим.
    — Тоға, пойабзалингизни тикиб берайми?

    Ўгирилдим. Ён тарафда 13-14 ёшлардаги ўсмир оёғимга қараб турарди.
    — Ботинкамнинг ночорлигини қандай сездинг? — Ажабланиб сўз қотдим. Болакай дув қизариб кетди.
    — Шимингизнинг пойчаси кўтарилиб қолибди, шундан...
    — Ҳай, майли-ю, эплай олармикансан?

    У орқасидаги ёғоч ўриндиқни ёнига сурди.
    — Ўтирволинг, тоға.

    Ботинкамнинг халқаси узилиб кетганди. Ўсмир оёғим остига қалин қоғоз қўйиб, ўзи ишга уннаб кетди.
    — Ота-онанг борми? — беихтиёр сўроққа тутдим.
    — Бор, — деди суҳбатдошим хушламайгина. Унинг ҳолати қизиқишимни орттирди.
    — Нима, улар билан аразмисан, дейман?

    У пойабзалдан бош кўтармай:
    — Йўғ-е, ҳеч жаҳонда ота-онадан аразлаб бўларканми, — деди.
    — Айтдим-қўйдим-да...

    Мен уни кузатишда давом этдим. Ёш ҳунарманднинг ҳаракати чаққон, қўли енгил эди. У бир зумда тасмани янгилади. Кейин таг чарми очилиб қолганлигини кўриб, савол назари билан қаради.
    — Янгисидан қўйиб берайми?
    — Бошқа чораси йўқ-ку, — дедим кулиб.

    У темир сандиқчасидан тагчарм олиб, майда мих билан ботинкамга қоқа бошлади.
    — Бояги саволингизга жавоб бермаганимга хафа бўлмадингизми, тоға — деди мўъжазгина болғасини енгил ураркан.
    — Нега энди, лозим топсанг, жавоб берардинг-да.

    У бир оз тин олиб, ер остидан нигоҳ ташлади.
    — Онам аразлаб кетиб қолди. Дадам бошқасига уйланди.
    — Демак, сен онанг билан...
    — Йўқ, мен отам билан қолдим.
    — Қизиқ-ку. Бу ҳолатларда болалар онасини ёлғизлатиб қўйишмасди...
    — Ахир, онамнинг ўзи отамни ёлғиз ташлаб кетди-ку. Онамнинг авлоди бадавлат. Аммамнинг турмуши бузилиб, бизникига келиб қолганди. Онам уларни оғир олди. Дадам эса опасидан воз кечолмади. Шўрликка қийин...
    — Онангга-чи, онангга ачинмайсанми?
    — Нега ачинмас эканман. Бироқ айб ўзида, бир оз чидаса, аммамга янги уй қуриб берардик. Аммо қаноат қилмади-да.
    — Онанг ёлғиз қолибди-да?
    — Йўқ, акам, опам бор. Очиғи, онам тижорат билан шуғулланади, топиш-тутиши яхши.
    — Сен нега онанг билан кетмадинг?

    Суҳбатдошим сукутга чўмди. Худди садаф каби териб қоқилган михлардан бири қайрилиб кетганди. Омбур билан суғуриб, бошқасини михлади.
    — Мана, тоға, яна камида уч йилга етади. Энди чап оёғингиздагини ҳам кўриб қўяй.

    У бунисига ҳам янги тагчарм қоплади. Қулфи-дили очилдими, ҳар қалай тиш ёрди.
    — Менсиз отам қийналиб қоларди...
    — Барибир, рўзғор қурибди-ку.
    — Шундай. Аммо мени бошқача кўради.
    — Сен-чи?
    — Қизиқ савол бердингиз-ку. Отани яхши кўрмаган фарзанд, фарзандми?
    — Она меҳри-чи? У ёқда онанг ҳам ўз ёғига қовурилаётгандир?
    — У киши шуни танлади. Ниятига етди.
    — Бу гапларинг ноўрин. Ҳеч ким ёлғизликни ёқтирмайди.
    — Билмадим. Ёлғизликни хоҳламаган одам кўпчиликка чидаши керакми?! Сиз ўйламанг, онасини ҳурмат қилмас экан, деб. Аксинча, жуда соғинаман, тез-тез кўргани бораман. Бораман-у, нуқул савдодан, пулдан, тижоратдан гапиравериб, хун қилиб юборади.
    — Даданг-чи?
    — Дадамнинг феъли кенг. Ўзи киймаса ҳам менга, аммамнинг болаларига кийдиради, оғзидагини узиб беради, “Қанча топдинг, бугун тушум нега оз?”, деганини эшитмаганман. Дадам — жуда яхши одам.

    Бола қалбининг нозик торларига тегиб қўйганимдан унинг дил қулфи очилганди. Мен эса хаёлга берилгандим. Ўсмир ҳолатимни сезди.
    — Тоға, ўзингиз қаерда ишлайсиз?
    — Мен рассомман, сурат чизаман.

    У ялт этиб менга қаради. Кўзларидан олов сачради.
    — Ростданми? Унда сиз ҳам роса пул топар экансиз-да.
    — Йўғ-е, мазаси йўқ. Тирикчиликка зўрға етиб турибди.

    Боядан буён тинмаётган болғача дафъатан тўхтади. Йигитча ийманибгина менга қаради.
    — Бир гап айтайми, тоға?
    — Айтавер, болам, ахир гаплашиб ўтирибмиз-да.

    — Хафа бўлманг-у, отамнинг айтишича, кимки касбини ҳурмат қилмаса, ундан нолиса, косаси оқармас экан. Аксинча, ҳунарни хорламаган, ишга меҳр билан киришган одамнинг ҳаёти яхшиланиб кетаркан. Сиз ҳам касбингиздан нолиманг, тоға...

    Болакайнинг катталарга хос теран фикри руҳимни кўтариш, далда бериш учун айтилган бўлса-да, гўё ботинка ўрнига мени ўриндиққа михлагандай туюлди...
    Абдумутал АБДУЛЛАЕВ

    Манба: Халқ сўзи

    » » Этикдўз бола ибрати