23:04 / 26.02.2020
4 944

Ортиқча вазннинг хатарлари...

Ортиқча вазннинг хатарлари...
“Ёшим 32 да, оилалиман. Икки нафар фарзандим бор. Охирги туғруқдан сўнг, гормонлар ўзгариши натижасида семириб кетдим. Бу ҳолатни бартараф қилиш учун, икки хил оздирувчи воситаларни қабул қилишни бошладим. Натижа бир ҳафтадаёқ сезилди, аммо препаратларни тўхтатганимдан сўнг, яна семиришни бошладим. Шу билан бирга, дорилар натижасида уйқусизлик касали ҳам пайдо бўлди”.
(“Маҳаллада дув-дув гап” кўрсатувидан)

Аёл нозик ҳилқат ҳисобланади. Гўзалликка ва нафосатга талпиниш аёлларга хос ажойиб хислат. Бугунги кунда аксарият аёлларни қийнайдиган муаммолардан бири бу вазннинг ортиқчалигидир.

Хўш, семизлик нега кўпроқ аёлларда учрайди ва у қандай пайдо бўлади? Ортиқча вазндан халос бўлиш учун турли хил дори дармонлар ва чойларни истеъмол қилиш шартми? Мақола давомида ана шу саволларга мутахассис фикри орқали жавоб топишингиз ва шу билан бирга мавзуга алоқадор қизиқарли маълумотлар билан ҳам танишишингиз мумкин.

Семизлик, бу – органларда тўқималар ва ортиқча ёғларнинг пайдо бўлишидир. Тана вазни нормадан 20 фоиз ва ундан кўпга ошиб кетиши бу касаллик ҳисобланади.

Семизлик нима сабабдан келиб чиқади?
Бунинг энг кенг тарқалган сабаби – ортиқча таом истеъмол қилишдир.

Яҳё алайҳиссалом Иблисдан: “Ҳеч менга ғалаба қилган лаҳзанг борми?” деб сўрабди. Иблис: “Йўқ, ҳеч сенга ғолиб келмаганман. Лекин сенинг бир хислатинг бордирки, ундан мен жуда хурсандман”. Яҳё алайҳиссалом: “Бу қандай хислат экан?” Иблис айтибдики: “Сен кўп овқат ейишни хушлайсан. Шунинг учун оғир бўласан, натижада мустаҳаб намозларингни тарк қиласан. Мен ана шу кўп овқат ейишингдан хурсанд бўламан”, дебди. Яҳё алайҳиссалом шундай дедилар: “Мен бугундан бошлаб то Парвардигорим билан мулоқот қилмагунимгача (умрим борича) овқатни тўйиб емасман!”

Семизлик нима сабаб эркакларда кам кузатилади?
Семириб кетишнинг яна бир неча сабаблари бор: кам ҳаракатли ҳаёт тарзи, антидепрессантлар ва гормонлар ичиш, жисмоний аҳволи, яъни ҳомиладорлик, эмизиш, жисмоний салоҳият камайиши, генетик мойиллик... Буларнинг деярли барчаси аёлларда учраб туради. Шу сабабли ҳам семизлик эркакларга нисбатан аёлларда кўпроқ кузатилади.

Бугунги кунда аёлларимиз бу муаммони бир неча усуллар билан бартараф қилмоқда. Масалан, кимдир тўғри овқатланишга амал қилиш ва спорт билан шуғулланиш орқали ортиқча вазндан халос бўлса, кимлардир турли хил оздирувчи дори-дармонлардан фойдаланишни афзал кўради.

Бир ҳафтада 5 кг, ҳатто 35 кг гача вазн ташлашга ёрдам берадиган дорилар, турли хил чойларнинг рекламасига кўзимиз тушади. Уларнинг аксарияти машқларсиз, парҳезсиз ва безарар озиш мумкинлигини таъкидлашади. Хўш, бу ҳақиқатми?

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда ҳар қандай соҳага оид каналларни топиш мумкин. Айнан ортиқча вазндан халос бўлишни истовчилар учун ҳам каналлар жуда кўп. Уларнинг деярли барчаси чет элдан келган дори-дармонлар билан озишни тавсия қилмоқдалар. Каналлардаги оздирувчи дориларнинг хилма-хиллигидан танловни амалга ошириш бир оз қийин.

Бу воситаларнинг инсон саломатлигига ножўя таъсири йўқми, деган савол барчамиз учун қизиқ. Мутахассисларнинг фикри қандай?

Илҳом Отажонов, диетолог:
“Мазкур дори воситаларининг аксарияти вақтинчалик ёрдам бериш таъсирига эга. Аммо, ачинарлиси, аёллар кўпинча бу дориларнинг фойдаси ҳақида бир-биридан эшитиб, истеъмол қила бошлашади. Асосан хориждан келтирилган, аммо «оздирувчи дори» деган номдан бошқа ҳеч қандай маълумот ёзилмаган бу препаратлар инсон саломатлиги учун хавфли бўлиши ҳам мумкин. Тажрибамга асосланган ҳолда айтишим мумкинки, бу каби оздирувчи дориларни қабул қилиш натижасида аёлларда қош, киприк, соч тўкилиши ҳолатларини кузатганман.

Шунингдек, аёл организмининг гормонал фони бузилиб, руҳий ўзгаришлар ҳам рўй бера бошлайди. Дори кутилганидек оздиради, лекин шу билан бирга, қоринда шиш ҳам пайдо бўла бошлайди. Баъзи аёлларда киста, турли гижжа ва қуртлар ҳам юзага келади. Қолаверса, аёлда бу дориларга кўникма ҳосил бўлади.

Яъни дори ичаётган фурсатда аёл озади, дори ичишни тўхтатиши билан яна семириб кетади. Айрим қизлар ҳам тўйидан аввал мана шундай дорилардан ичишади. Натижада уларда ҳомила тушиб қолиш каби салбий ҳолатлари ҳам кўп кузатилади. Оздирувчи дориларни фақатгина диетолог-шифокор билан маслаҳатлашиб, тана хусусиятларини ўрганган ҳолда ичиш лозим”.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ортиқча вазн саломатлик учун хавфли, аммо ундан қутилиш учун ўз саломатлигимизни баттар хатарга қўймаслигимиз керак. Энг асосийси, нафсни жиловлаш, яъни режали парҳез ва жисмоний ҳаракатни кўпайтириш орқали ортиқча вазндан халос бўлиш фойдали ва айни пайтда безарардир. Ислом дини ҳам бежиз оз ейишга тарғиб қилмаган

Нозима Умарали қизи

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ортиқча вазннинг хатарлари...