Инсон қалби нақадар нозик, янги ёққан қор парчасига қўл теккизганда эриб кетгани каби.
Насибахоннинг уйига одатдагидек меҳмон келган эди. Ўзи ошхонада пирог пишираётганди. Қўшни хотин чиққанини билгач ҳаракатини тезлатди. Меҳмонга келган эрининг жиянидан дастурхонга ул-бул бердирди, чой дамлатди. Пирог ҳам печга қўйилди, унгача Насибахон соғлом киши қиладиган ҳаракатдан неча баробар ортиқ уринди, бу фақат ўзига ва Яратганга аён.
Ҳар куни шундай, ётиб қолмайин деб ҳеч тинч турмайди, қайнонаси тайёрлаган овқатдан борлигига қарамай, нимадир пиширади, гарчи масаллиқларни тўғраётган пайтида пичоқ бир неча марта ерга тушиб кетишига қарамай, қўлларини кесиб олишига қарамай, уйда баъзан овқат ейиш учун деярли ҳеч ким бўлмаганда ҳам пишираверади.
Идишларни ҳам куймаланиб ўзи ювишга ҳаракат қилади, гарчи ўтирган ҳолатда раковенага бўйи базўр етса ҳам. Ҳар куни ўзига қараб, ясанади, сочларини бинойидек турмаклаб олади, ётоқхонаси, қизининг хонасини ҳам судралиб, хоналарни айланиб саранжом-саришта қилишга уринади, фақат тозалашга келганда чангютгични тортқилашга кучи етмайди, бўйсунмас оёқлари туришга имкон бермайди.
Aҳволига қараб, ўтирган ҳолатда қўлидан келганча намоз ҳам ўқийди. Мени ҳаракатга ундайди, умид беради, дейди. Уйда ўзининг борлигини ҳис қилишларини истайди. Бу йўлдаги уринишлардан қўллари қавариб, оғриб, тиззалари қизариб, қотиб кетади. Баъзан тушкунликка тушиб қолади, охири нима бўларкин, қизимнинг бахтли кунларини кўра олармикинман, оқ либосда ўзга уйга кузата олармикинман, деб. Балки бу саволлар ҳар куни ўз-ўзига бериларда, яна тақдирга кўникилар...
Шундай қилиб меҳмон қиз тайёр бўлган пирогдан хотинларнинг олдига олиб кирди. Насибахон қизга дастурхонни тузатиб, чойни янгилаб беришни ҳам тайинлади. Қиз ҳар меҳмонлар олдидан чиққанида пирогдан ейишяптими, деб сўрарди. Бироздан сўнг қўшни хотиннинг овози, ортидан қайнонасининг: “борардингиз ҳалироқ” деган овозлари эшитилди.
Насибахон қизга ошхонанинг эшигини очиб қўйишни буюрди ва меҳмон билан хайрлашиш учун ўзига қулай қилиб стулга ўтириб олди. Беихтиёр қўллари келинлик ҳурмати билан ёқасига югурди, кўзлари жавдиради, хайр-хўшлаш учун оғиз жуфтлади. Aммо минг афсуски, қўшни хотин гап билан бўлиб, ичкаридаги Насибахонни пайқамади, дарвозадан чиқиб кетди.
Ким билади, Насибахон ҳозир унинг пирогини мазали чиққанини айтиб, мақтаб қўйишини, у билан очиқ чеҳрада хайрлашишини кутганмиди. Қўллари ёқасида қолди, толеъидан бўғзига тиқилган кўз ёшни ичига ютди, денгиз тубига чўкиб кетгандек бўлди. Бу ҳолатни ихтиёрсиз гувоҳи бўлган, улғайиб қолган меҳмон қиз бир қадар тушунгандек бўлди...
Бу оламда минглаб турфа тақдирлар бор,
Инсон учун юборилган синовлар бисёр,
Яратганнинг неъматларин кўзга суриб
Шукроналик билан яшамоқ даркор. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди