Роберто Мартинес Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида фикр билдирди...

АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонлари мезбонлик қиладиган 2026 йилги Жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолаётган бир пайтда, Португалия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес бўлажак баҳслар олдидан ўз режалари ва фикрлари билан ўртоқлашди. Лиссабон яқинидаги Оейраш шаҳарчасида ташкил этилган расмий матбуот анжуманида испаниялик тажрибали мутахассис гуруҳ босқичидаги рақиблар ҳақида тўхталиб ўтди.
Мартинес гуруҳдаги энг номдор рақиблардан бири ҳисобланган Колумбия терма жамоаси ҳақида ҳозирча фикр билдиришни истамади. Жамоа устози бор эътиборини дастлабки турлардаги рақиблари — Конго Демократик Республикаси ва Жаҳон чемпионатида дебют қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасига қаратганини алоҳида урғулади.
«Биз Конго ДР ва Ўзбекистон терма жамоаларига қарши бўладиган ўйинларни жуда юқори даражада ҳурмат қиламиз. Фақатгина ушбу икки муҳим баҳсни якунлаб олганимиздан кейингина, учинчи турдаги жуда жиддий рақибимизга қарши қандай тактикада майдонга тушиш ҳақида бош қотиришни бошлаймиз», — дейди Мартинес.
Мураббий Конго терма жамоаси футболчиларининг яккама-якка курашлардаги маҳоратини юқори баҳолаш билан бирга, мундиалга илк бор ташриф буюраётган терма жамоаларнинг (жумладан, Ўзбекистоннинг) ички куч-қудратига алоҳида тўхталди:
«Жаҳон чемпионати йўлланмасини илк бор қўлга киритган жамоаларда шундай бир омил борки, уни на ўлчаб, на назорат қилиб бўлади. Бу — футболчиларнинг қалбидаги улуғвор орзу ва чексиз иштиёқдир. Улар ушбу нуфузли мусобақада ўз мамлакатлари шарафини ҳимоя қилишни ва бор кучларини кўрсатишни жуда-жуда исташади».
Суҳбат якунида Роберто Мартинес замонавий футболда ФИФА рейтинглари ёки қоғоздаги «фаворит» мақоми ҳеч қандай рол ўйнамаслигини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, мундиалда ҳар бир учрашув янги тарих бўлиб, жамоа учун энг асосий вазифа — мусобақани ғалаба билан бошлаб олишдир.
Эслатиб ўтамиз, Португалия терма жамоаси «K» гуруҳидаги юришини 17 июнь куни Хьюстонда Конго ДР терма жамоасига қарши баҳс билан бошлайди. Шундан сўнг улар иккинчи турда ҳамюртларимиз — Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши майдонга тушишади. Гуруҳ босқичининг сўнгги учрашуви эса 28 июнь куни Майами шаҳрида Колумбияга қарши бўлиб ўтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!