18:00 / 09.10.2021
1 657

Адабиёт бўйича Нобель олган Абдураззоқ Гурна ҳақида

Адабиёт бўйича Нобель олган Абдураззоқ Гурна ҳақида
Абдураззоқ Гурна
Фото: Мартина Боччио/Аwаkening/Alamy

Адабиёт йўналиши бўйича 2021 йилги Нобель мукофотига Буюк Британияда яшаб, ижод қилаётган танзаниялик ёзувчи Абдураззоқ Гурна лойиқ кўрилди. Мукофот унга «Мустамлакачиликнинг муросасиз оқибатлари ҳамда маданиятлар ва қитъалараро сарсон бўлаётган қочоқлар қисматини ўз асарларида ёритгани учун» берилди. Хўш, бу янги ном ким ўзи?

Абдураззоқ Гурна 1948 йилда Занзибарда туғилган. 1963 йилги инқилобдан сўнг, Занзибар Британия мустамлакасидан халос бўлган вақтда, мамлакатда оммавий қирғинлар юз беради. Гурна бу тала-тўпларда жабр кўраётган этник гуруҳга мансублиги сабабли 18 ёшида оиласини ташлаб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади. У фақат 1984 йилда, отасининг вафотидан сал олдинроқ, ватанига қайтиб, яқинлари билан учрашишга муваффақ бўлган.

1960 йилларнинг охиридан то ҳозирги вақтга қадар қочқин мақомида қолаётган ёзувчи Англияда яшаб, ижод қилиб келмоқда. У 1982 йилда Кент университетида докторлик даражасини олди ва шу ерда постколониал адабиёт ўқитувчиси сифатида ишга жойлашди. Ҳозир у ўзи ишлаётган ўқув юртида инглиз тили кафедрасининг аспирантура бўлимини бошқармоқда.

Унинг она тили суахили эди. Бироқ у ўзининг биринчи асарларини юртидан узоқда чет тилида ёза бошлайди. Гурнанинг айтишича, Занзибарда бу тилда адабий асарлар яратиш мушкул бўлиб, ўша вақтларда Қуръон суралари, араб, форс шеърияти, шунингдек, «Минг бир кеча» эртаклари унинг учун илҳом манбайи вазифасини ўтаган. Буларнинг ҳаммаси — у яшаган мамлакат, сўнгсиз таъқиб ва жудоликлардан иборат ҳаёт — асарларидаги асосий мавзуга айланди. Гурна ўз романларида европаликларнинг мустамлакачилик тажрибалари Шарқий Африка аҳолисига ҳар қандай ички низолардан кўра кўпроқ зарар етказгани тўғрисида ҳикоя қилади.

Адабий танқидчи, Storytel халқаро аудиокитоблар хизмати бош муҳаррири Константин Милчин ёзувчи ҳақида шундай дейди: «Уни, энг камида, анчагина иқтидорли ёзувчи дейишимиз мумкин. Саккизта романи бор, романларидан бири Booker’нинг қисқа рўйхатига киритилган, шунингдек, унинг ижоди ҳақида бир қанча монографиялар ва ўнлаб илмий мақолалар ёзилган. Рус тилида ушбу Нобель мукофоти совриндорининг асарлари йўқ, лекин келаси олти ой ичида қайсидир романи таржима қилинса керак. Гурна ижодидаги асосий мавзу — абадий қочқинлик мақоми, мангу бегоналик — ўз юртида ҳам ўзга юртда ҳам. Ишончсизлик, оёқ остидаги ернинг омонатлиги, мангу дарбадарлик — ёзувчи шу мавзуларни қаламга олади».

73 ёшли профессорнинг ижодий қизиқишлари, юқорида айтиб ўтилганидек, Африка қитъасининг мустамлакачилик ўтмиши билан боғлиқ: унинг «Paradise» («Жаннат») ва «After lives» («Охират») номли энг машҳур романларида Шарқий Африкадаги, инглизлар мустамлакасидан ҳам оғирроқ ва шу билан бирга адабиётда деярли ёритилмаган немис ҳукмронлиги даври тасвирланади.

Нобель қўмитаси таъкидлаганидек, Гурнанинг романлари ўзига хос постколониал адабиётдир. У ўз асарларида қаҳрамонлар билан нималар содир бўлаётганини ҳар томонлама, ҳамдардлик билан тасвирлашга ҳаракат қилади. Масалан, «Piligrims way» («Ҳожилар йўли») асарида бош қаҳрамон, танзаниялик муҳожир, Англияда яшайди. У камбағал, маҳаллий шифохонада санитар бўлиб ишлайди ва турли қийинчиликлар, адолатсизликлар, ирқчилик, қўрқув, камситишлардан ўз тасаввуридаги оламга қочишга уринади. У янги мамлакатда янги ҳаёт қуриб, уни уй деб атай олмайди, лекин Танзанияга ҳам қайта олмайди.

Ёзувчининг яна бир асосий асарларидан бири «Paradise» («Жаннат») романидир. Роман 1994 йилда ёзилган бўлиб, ундан тўрт йил аввал Гурна Шарқий Африкага сафар қилганди. Китобда Танзаниядаги Кава номли хаёлий шаҳарда туғилган Юсуф исмли болакай ҳақида ҳикоя қилинади. Унинг отаси ательеда ишдайди, Азиз исмли араб савдогаридан катта қарзи бор. Қарзни тўлаш учун Юсуф Азизнинг қўлида хизматкор бўлиб ишлашга мажбур бўлади ва у билан Марказий Африкага саёҳат қилади.

Ёзувчининг ҳозирча сўнгги бўлиб турган романи «After lives» («Охират») 2020 йилда нашр этилган бўлиб, ундаги воқеалар «Paradise» («Жаннат») тугаган жойдан бошланади: ХХ аср бошида, немис аскарлари тез орада тарихга Биринчи жаҳон уруши номи билан кирадиган қирғинбаротга тайёргарлик кўраётган вақтда. Романда немислар томонда хизмат қилишга, уларнинг хўрлашига, зўрлашига дош беришга мажбур бўлган Ҳамзанинг мураккаб ва чалкаш ҳаёти акс этган. У жароҳат олганидан сўнггина қишлоғига қайтишга муваффақ бўлади, бироқ оиласи унгача қишлоқни тарк этиб бўлганди.

Абдураззоқ Гурнанинг шу кунгача қўлга киритган энг асосий ютуқлари Британиянинг Booker мукофоти ҳамда «Paradise» («Жаннат») романи учун 1994 йилги Costa мукофоти бўлиб қолаётган эди. Адибнинг китобларига (жуда осмонга кўтариб юбормаган, аммо ижобий) муносабат билдирган Британия матбуоти эса уни Жозеф Конрадга, ёзувчининг «Heart of darkness» («Зулмат юраги») номли қиссасини назарда тутган ҳолда, қиёслайди – ўша қиссада ҳам занзибарлик қора танли йигит, «Paradise» («Жаннат») романи қаҳрамони каби, Марказий Африкага (ҳам жисмоний ҳам руҳий жиҳатдан) мураккаб саёҳатни амалга оширишга мажбур бўлади.

Қуйида унинг ҳаёт ва ижод борасидаги айрим фикрларидан иқтибослар келтирамиз:
«Тарихий воқеаларга бағишланган, бизга умумий маънода таниш бўлган, бадиий асарлар воқеани баъзан қуруқ далиллардан кўра яхшироқ тушинишга ёрдам беради. Мен воқеанинг ўтмишда ёки айни дамда содир бўлаётгани муҳим эмас деб ҳисоблайман — мавзунинг ўзи ва унинг талқини муҳим».

«Менга уруш ёки мустамлакачилик даҳшатлари ҳақида ёзиш қизиқ эмас. Бунинг ўрнига мен уруш ва мустамлакачилик мавжуд бўлган контекстни ва ундаги одамлар тирик бўлганини кўрсатишни истайман».

«2001 йилда Америкага ҳужум уюштирилиб, терроризмга қарши уруш бошлангандан бери бутун дунёда исломофобия тарқалди. Афғонистон ва Ироқдаги урушлардан аввал мусулмонлар ‘Даҳшатга солувчи‘ ёки ‘Террорчи’ эди, лекин энди улар ‘Душман’га айланишди. Мусулмонларни хавфли ва беқарор одамлар деб ҳисоблашади. ОАВ мусулмонларни — албатта, радикал мусулмонни, лекин ҳар доим ҳам шундай эмас — ақлдан озган мутаассиблар сифатида талқин қилаётган ҳолларга тобора кўпроқ дуч келмоқдамиз».

«Баъзан ғоялар пишиб етилиши учун вақт керак бўлади. Мен Booker’нинг қисқа рўйхатига кирган «Жаннат» номли романим устида ўн йил ишладим. Шу вақт оралиғида яна учта китоб нашр эттиришга муваффақ бўлдим. «Шағал юрак» дастлаб онамнинг ўлими тўғрисида ёзилган қисқача ҳикоя эди, кейин эса мен бу ҳикояда кенгайтирилиши, бош қотирилиши зарур бўлган ҳолатлар борлигини тушундим».

«Ҳар бир ёзувчи умр бўйи бир унча катта бўлмаган ер парчасига ишлов бериб ўтади, фақат ҳар сафар унга бошқа томондан қарайди. Буни атайин қилмайди — бизни шунчаки умр бўйи бир хил нарсалар безовта қилади. Бошқа мавзуларга ўтиш истаги туғилса ҳам, муаллиф учун муҳим бўлган саволлар қайта ва қайта бўй кўрсатаверади. У ёзувчининиг фикрлаш тарзини акс эттириб, баъзан ҳатто уни шакллантиради ҳам».

«Ёш ёзувчиларга: ‘Ёзишда давом этинг’, — дейишдан бошқа маслаҳатим йўқ».

Рафиқ Ўзтурк тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Адабиёт бўйича Нобель олган Абдураззоқ Гурна ҳақида