
Замонавий ота-оналар фарзандларининг тозаликка риоя қилиши ва гигиена қоидаларига қатъий амал қилиши тарафдори. Асфальтда сайр қилиш, дезинфекция қилинган ўйинчоқлар, қўлни кунига ўн марталаб ювиш каби одатлар болаларни турли бактериялардан ҳимоя қилгандек туюлади. Аммо сўнгги йилларда мутахассислар айнан тупроқ, қум ва табиат билан бевосита алоқа болаларнинг соғлиғига фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Тупроқдаги микроблар: зарарлими ёки фойдалими?
Кўпчиликка микроблар фақат касаллик манбаи сифатида таниш. Аслида эса тупроқдаги кўплаб бактериялар инсон организми учун фойдали бўлиши мумкин. Айниқса, “Мйcобаcтериум ваccае” номли фойдали бактерия психологик ҳолатни яхшилаш, иммунитетни мустаҳкамлаш ва яллиғланишга қарши курашиш хусусиятига эга.
Болалар табиий муҳитда – масалан, боғда, далада ёки ҳовлида тупроқ билан ўйнаганда бу микроорганизмларни нафас йўли орқали ёки тери орқали организмига қабул қилади. Бу эса уларнинг иммун тизимига “тренинг” бериб, турли касалликларга қарши курашиш қобилиятини оширади.
“Гигиена гипотезаси” нима дейди?
1990-йилларда илгари сурилган “гигиена гипотезаси” га кўра, болалик даврида ҳаддан ташқари тоза муҳитда ўсиш аллергиялар, астма ва аутоиммун касалликлар хавфини оширади. Оддий қилиб айтганда, организм микробларга қарши “курашишни ўрганмасдан” улғаяди ва натижада, ўз танасига қарши нотўғри реакция берувчи иммун тизими шаклланади.
Шу боис, баъзи олимлар табиий муҳит билан алоқада бўлган болаларда астма ва экзема каби муаммолар камроқ учрашини айтишмоқда.
Қандай қилиб хавфсиз тарзда тупроқ билан ўйнаш мумкин?
Албатта, бу дегани бола ҳар қандай ифлос жойда ўйнаши керак дегани эмас. Қуйидаги тавсиялар ота-оналарга ёрдам беради:
Боғ ва ҳовли танланг: Кимёвий ўғит ишлатилмаган, тоза муҳитда ўйнаш маъқул.
Янги ўрганаётган чақалоқларни назорат қилинг: Улар тупроқни оғизга солмасин.
Қўл ювиш одатини ўргатинг: Ўйин тугагач, қўлни совунлаб ювиш керак.
Тирик ҳайвон нажасига эътибор беринг: Чорва ҳайвонлари юрадиган жойларда ўйнашдан сақланинг.
Тупроқ ўйини қандай фойда келтиради?
Иммунитетни кучайтиради. Боланинг организми турли микроблар билан танишади ва уларга қарши табиий иммун жавоб ҳосил қилади.
Стрессни камайтиради. Табиат билан алоқа қилиш асаб тизимини тинчлантиради.
Ижодий фикрлашни рағбатлантиради. Қумдан қалъа қуриш, лойда тасвир чизиш — булар барчаси боланинг фантазиясини ривожлантиради.
Ҳаракат фаолиятини оширади. Ташқарида ўйнаш — югуриш, сакраш, қазиш орқали болани фаол ҳаракатга ундайди.
Ижтимоий кўникмалар шаклланади. Гуруҳда бирга ўйнаш, навбат кутиш, келишиш — буларнинг барчаси бола шахсиятининг ижтимоий жиҳатларини мустаҳкамлайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар