19:07 / 26.02.2023
161

Янги конституцияда солиқлар адолатли бўлиши шартлиги белгиланмоқда

Янги конституцияда солиқлар адолатли бўлиши шартлиги белгиланмоқда

Айни кунларда “Ўзбекистон Республикасининг конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳага кўра, ҳозирги конституциянинг 51-моддасига ўгартириш киритилмоқда.

Конституцияга киритилаётган ўзгариш

Ҳозиргиси — “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт.”

Киритилаётган ўзгариш — “Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак.”



Кўпчилик яхши билади, ҳар қандай давлатнинг асоси — унинг иқтисодий қудрати, оддий тилда айтганда, давлат бюджети ҳисобланади.

Бюджетнинг асосий қисмини эса солиқлар ташкил этади. Солиқлардан тушган пуллар эса мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга сарфланади.

Шу сабабли ҳар бир фуқаро қонун билан белгилаб қўйилган солиқларни тўлаши шарт. Бу давлат равнақига, халқ фаровонлигига хизмат қилади.

Шу билан бирга, давлат ҳам фуқаролар учун ортиқча ва оғир бўлган солиқлар ёки бошқа йиғимларни жорий этмаслик бўйича кафолат бериши, бу кафолат эса қонун билан мустаҳкамланиши керак бўлади.

Бу — давлат солиқ ва йиғимлар жорий этаётганда аҳоли ёки тадбиркор уни тўлай олишига қурби етишини, албатта, инобатга олади. Ортиқча ва мантиқсиз солиқлардан, турли йиғимлардан воз кечилади. Солиқ сиёсати эса йилдан йилга соддалаштирилади, одамлар учун манфаатли бўлиши таъминланади.

Охирги йилларда тадбиркорлар тўлайдиган солиқ турлари сони қисқартирилди, аҳолига, бизнесга солиқ имтиёзлари қўлланди, айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори туширилди. Айрим йиғимлар 5 бараваргача (масалан, автомобиль ойналари тусини ўзгартирганлик учун тўловлар) камайтирилди.

Конституцияга киритилаётган ўзгариш эса ана шундай ижобий ўзгаришлар изчил ва тизимли давом эттирилиши учун ҳуқуқий асос бўлади.

Солиқлар ва йиғимлар ортиқча юк бўлмаслигига эришилади. Ўз навбатида фуқароларни ҳам солиқларни Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги учун қўшиладиган ҳисса, дахлдорлик ҳисси дея қабул қилишга эришиш лозим.



Конституцияга “адолатли солиқлар” атамасининг киритилиши келгусида халқ учун манфаатли бўлиши кутилмоқда.

Мазкур модданинг конституцияга киритилиши нимаси билан ўзига хос ва бу жамият учун қай даражада аҳамиятли экани хусусида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директор ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов “Дарё” нашрига берган интервьюсида тушунтириш берди.

Киритилаётган ўзгаришнинг асосий ғояси солиқ соҳасида камситишнинг олдини олиш, солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзларга табақалаштирилган ёндашувни ўрнатиш мақсадида солиқ ва йиғимларнинг адолатлилигини таъминлашдир.

Шаффоф ва адолатли солиқ тизими иқтисодиётни ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бироқ шу кунга қадар амалда бўлган солиқ маъмуриятчилигида кўплаб ноаниқликларнинг мавжудлиги бизнес, тадбиркорлик ва инвестисия соҳасининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Солиқ ставкаларининг юқори даражаси виждонли солиқ тўловчиларга қарши ишлаб келди.

Масалан, тадбиркорлик субъектлари корхона қанча фойда олганидан қатъи назар, давлат мақсадли жамғармаларига товар айирбошлаш ҳажмининг 3,2 фоизини ўтказади. Ушбу солиқ юки корхона даромадининг камида 21 фоизини ташкил этиб, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга тўсқинлик қилади.

Бундай муаммоларни бартараф этиш, солиқ юкини енгиллаштириш ва чинакам бозор иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида давлат раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилди.

Шундай қилиб, янгиланган Солиқ кодексининг 10-моддасида “Фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилувчи солиқларни белгилашга йўл қўйилмайди” деб белгиланган.

2022 йил якунига кўра Ўзбекистонда 162 мингдан ортиқ қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчилари мавжуд. Уч йил ичида уларнинг сони икки баробарга — 85,4 мингдан 162,9 мингга, 2016 йилдан буён эса 19,6 баробарга ошган. Бу ўсиш, биринчи навбатда, солиқ юкининг адолатли тақсимланиши ва камайиши билан изоҳланади.

Шу ва бошқа енгилликлар туфайли Халқаро валюта жамғармаси солиқ тизимини ислоҳ қилишни Ўзбекистоннинг энг катта муваффақиятларидан бири сифатида тан олди.

Шунга ўхшаш қоида Испания (31-модда), Италия (53-модда), Швейцария (130-модда), Лихтенштейн (24-модда) каби давлатларнинг конституцияларида ҳам ўз аксини топган бўлиб, уларда солиқ тизимининг ижтимоийлик ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлиги акс эттирилган.

Кутилаётган умумий натижалар аҳоли фаровонлигини ошириш, жамиятда ишбилармонлар синфининг мавқеи ва таъсирини кучайтириш, ўрта синфни шакллантириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш орқали ривожланган давлатлар сафига қўшилиш имконияти бўлади.

Солиқ ставкаларининг ижтимоий йўналтирилгани, жумладан, кам таъминланган фуқароларга нисбатан қўлланадиган солиқ турларига имтиёзларнинг киритилиши аҳолининг турли тоифалари ўртасидаги тенгсизлик ва даромадлар ўртасидаги фарқни камайтиришга хизмат қилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори 

ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Янги конституцияда солиқлар адолатли бўлиши шартлиги белгиланмоқда