21:22 / 22.03.2023
273

Иҳоталанган Россия ва Хитой валютаси: юан авторитар давлатлар «қутқарувчиси» бўла оладими?

Юан янги минтақавий валюта бўла оладими? Фотограф: Кирилл Кудрявцев / AFP/Getty Images

Хитой валютаси ўз таъсир доирасини кенгайтирмоқда. Вашингтон глобал молия тизимининг қуролига айланиб борар экан, унга қарши юандан восита сифатида фойдаланиш тобора имконли бўлиб бормоқда.

Берлиндаги Россия-Евросиё Карнеги маркази биринчи директори Александр Габуев Bloomberg нашрига янги шароитларда Хитой валютасининг кейинги истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.

Хитойнинг Россия бозорига таъсири янада кучайиб бормоқда. Москва биржаси тарихида илк марта Хитой юани энг кўп сотилаётган валюта сифатида АҚШ долларини ортда қолдирди. Ўтган ойда юан бозордаги улушини савдо ҳажмининг қарийб 40 фоизига яқинлаштирди.

Бу ҳол нечоғлик эътиборга молик бўлмасин, молия бозорларида умумқабул қилинган фикрларга кўра, токи Хитой ўз валютасини тўлиқ конвертланадиган қилмас экан, у доллар ва евро билан жаҳон валютаси сифатида баслаша олмайди. Бу фикрга қўшилмаслик қийин, SWIFT маълумотлари ҳам халқаро тўловларда 2016 йилдан буён Хитой валютаси Халқаро валюта фондининг махсус қарз ҳуқуқларига қўшилганидан сўнг ҳам юан улуши ўртача ўсишга эришганини кўрсатмоқда.

Бироқ, минтақа бўйича олиб қаралганда, юаннинг халқаролашуви жуда мураккаб манзарани яратади. Кремлнинг Украинадаги уруши ва ғарб давлатларининг Россияга нисбатан санкциялари туфайли хитой юани шимолий Евросиёда етакчилик қилувчи валюта бўлиши мумкин бўлган йўлга тушиб олди.

Владимир Путин қўшни давлатга кенг миқёсда ҳужум қилгач, валюта борасидаги қийинчиликлар бозор мантиғи кўп ҳолда геосиёсатдан устун келишини намойиш этиб берди. Кремл томонидан 2014 йилда Қрим аннексия қилингач, Россия иқтисодиётини доллардан халос этиш ҳам силлиқ кечмади. Москва маҳаллий компанияларни Хитой билан савдо-сотиқда рубл ва юандан фойдаланишга чақирди. 2017 йилда АҚШ Конгресси Америка рақибларига қарши санкциялар воситасида курашиш тўғрисида қонун қабул қилгач, Россия Марказий банки ўз валюта захиралари тузилмасини жиддий тарзда қайта кўриб чиқишга буюрди. Халқаро активларнинг 15 фоизи юанга кўчирилди: бу ҳар қандай глобал марказий банкда юан позициясининг 10 баробар оширилишини билдирар эди.

Кремл томонидан берилган турткига қарамасдан, тўловни конвертация қилинмайдиган юанда олишни истовчи компаниялар кўп бўлмади. Москва ва Пекин ўртасидаги савдо-сотиқ асосини ташкил этувчи газ ва нефтни олайлик. Rosneft Oil Co. каби йирик давлат компаниялари Хитой билан шартномаларни «заҳарли» доллардан еврога ўтказишди. Россиянинг кўплаб энергетика компаниялари Хитойдан нефт конлари учун бурғилаш ускунлари каби ускуналар сотиб олади. Шунда ҳам шартноманинг бир қисми учунгина юанда тўлов қилишга жазм этилган: фақат ўша ускуналарни харид қилиш учун. Тўловнинг қолган қисми Хитойдан ташқарида конвертланадиган валюта, асосан еврода амалга оширилган.

Уруш ва унинг ортидан келган санкциялар барчасини ўзгартириб юборди. Россиянинг юанга қарамлиги барча йўналишлар бўйича тезкорлик билан ўсиб юбормоқда. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 9 ойида юанда ҳисобланган Россия экспорти улуши 0,4 фоиздан 14 фоизгача ўсган. Юандаги депозитлар барча йирик банкларда мавжуд, шунинг учун Россия уй хўжаликларининг юандаги омонатлари нолдан 6 миллиард долларгача сакраган: бу халқ қўлидаги хорижий валюталарнинг 11 фоизи дегани.

Россия Марказий банки собиқ маслаҳатчиси Александр Прокопенконинг Халқаро тинчлик йўлида Каргнеги фонди учун қилган тадқиқотида кўринишича, Москва биржаси ҳам юанга ҳаддан зиёд талаб ошганини намоён этмоқда. Юандаги савдо ҳажми урушгача бўлган 3 фоиздан 33 фоизгача етган. Юандаги савдолар доллар ва евродаги савдодан ошиб кетаётган кунлар сони тобора ортмоқда.

Бу инқилобий ўзгаришларни нафақат Россияда санкциялар туфайли доллар ва еврога чекловлар киритилгани билан, Россия савдоси географиясида тектоник силжишлар рўй бергани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Санкциялар туфайли Москванинг ғарбдан импорти қисқарди, ғарбга экспорт ҳам жабр кўрмоқда. Бу фонда Москва ўз савдосининг катта қисмини Хитой томон буришга мажбур эди ва 2022 йилда Россия импортининг 40 фоизи, экспортининг 30 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келди.

Хитойдан бу қадар савдо қарамлиги жорий йилда ва кейинги йилларда ҳам ортиб боради, чунки Россия экспортига ғарб томонидан нефт ва нефт маҳсулотларига эмбарго ва нарх чеклови жорий этилгани, бошқа соҳаларга ҳам чекловлар кенгайтирилгани таъсир қилмасдан қолмайди. Импорт билан ҳам шундай бўлади, чунки АҚШ ва Европа Иттифоқи энди янги санкциялар жорий этмасдан, жорий этилган санкцияларнинг тўлақонли амалга оширилиши ҳамда унга оғишмай риоя қилинишини назорат остига олмоқда. Россия импорти ва экспортининг Хитойга тўғри келиши ва ошиб бориши РФ молия тизими шиддат билан давлат, корпоратив ва уй хўжалиги даражасида юанлашаётгани ўта мантиқли эканини кўрсатади.

Ўлчами Россияники каби иқтисодиётлар учун конвертланмайдиган юан ҳам минтақавий захира валюта ролини ўйнаши мумкинлиги ойдинлашмоқда.

Евроосиё қитъасининг Хитойга ўсиб бораётган савдо-сотиқ жиҳатдан боғланган Марказий Осиё давлатлари ва Покистон каби айрим давлатлари ҳам секин-аста бундан намуна олиши мумкин. Саудия Арабистони каби бошқа нодемократик давлатлар Россия тажрибасини диққат билан кузатмоқда, гарчи улар ҳамон долларга ишонишса-да, юаннинг улушини эҳтиёткорлик билан ошириб боришади. Бундай қилишдан мақсад АҚШнинг жаҳон молия тизимига айланиб қолишидан ўзини суғурта қилиш истагигина эмас, Хитойнинг ўз савдо ҳамкорларини илғор технологиялар дохил кўплаб зарур товарлар билан таъминлай олиш қобилияти ҳам ошиб бораётгани ҳамдир.

Геосиёсат, албатта, яқин йиллар ичида долларнинг глобал тахтдан қулатилишига олиб келмайди. Бироқ бу Хитой атрофида секин-аста юанга асосланган минтақавий молиявий архитектура шаклланиши, жаҳон молия тизимида «болқонлашув» юз беришига олиб келиши мумкин. Хитойга яна бир геоиқтисодий қудрат тақдим этиш билан бирга, бу тенденция келгусида жаҳон иқтисодиёти Пекин ва Вашингтон томонидан бошқариладиган қисмларга бўлинишига сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида авторитар режимлар учун ғарб санкциялари самарадорлигини йўққа чиқаради, бундай давлатлар Хитой билан алоқаларни АҚШ босимига қарши чора сифатида кўра бошлашади. Россияга босим бадали Вашингтонда режа қилинганидан қимматроққа тушиши мумкин.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Иҳоталанган Россия ва Хитой валютаси: юан авторитар давлатлар «қутқарувчиси» бўла оладими?