
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг қисқа вақт ичида Европанинг “топ-5” лигаларидан иккитасида ўйнаш даражасига етиши нафақат футбол мутахассислари, балки минглаб ёшлар учун ҳам катта мотивация манбаига айланди.
Унинг бевосита ортидан яна бир иқтидорли футболчи — Беҳруз Асқаровнинг номини футбол жамоатчилиги тез-тез тилга ола бошлади.
Ҳусанов — Беларусдан Франция орқали Англиягача
Абдуқодир Ҳусанов 2022 йили Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида ўзининг илк профессионал шартномасини имзолади. Орадан бир йил ўтиб, 2023 йил ёзида у Франциянинг вице-чемпиони — “Ланс” сафига ўтди. Бу билан у Франция чемпионатида тўп тепган илк ўзбекистонлик футболчи сифатида тарихда қолди.
Ярим мавсум ичида у ўзини шундай даражада кўрсата олдики, 2024 йилга келиб “Манчестер Сити” каби жаҳоннинг энг кучли клубларидан бири уни ўз сафига жалб қилди. 21 ёшли ҳимоячининг феврал ойида “Ман Сити”да ой футболчиси деб топилгани унинг ёрқин ҳаракатларидан далолат беради.
Асқаров — “Пахтакор”дан Қозоғистонга, мақсад — Европа
22 ёшли Беҳруз Асқаров “Пахтакор” тарбияланувчиси бўлиб, клуб сафида 39 та учрашувда қатнашди ва биттадан гол ҳамда ассистга муаллифлик қилди. Аммо у 2025 йилги мавсумда янги босқичга ўтишни мақсад қилиб, Қозоғистоннинг “Турон” клубига ижарага ўтди.
Бир неча позицияда ўйнай оладиган универсал футболчи “Турон”даги дастлабки тўртта учрашувдаёқ ўзини кўрсата бошлади — гол ва ассистлар ҳисобини очди. Кейинчалик, Қозоғистон кубогида бешинчи ўйинида яна бир ассист қўшиб, яхши ритмни ушлаб турибди.
Халқаро мусобақалар – “скаутлар кўзгуси”
Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилда U-20 Осиё кубоги ва Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон термаси сафида иштирок этиб, хориж скаутларининг эътиборини тортган. Хўш, Беҳрузда ҳам шундай имконият борми? Албатта бор!
Асқаров U-19 терма жамоасида 4 та, U-20 жамоа сафида эса 14 та учрашувда қатнашган. Бу эса унинг халқаро тажрибаси шаклланаётганидан далолат.
“Тайёрловчи” қўл: Улуғбек Асанбоев фактори
Абдуқодир Ҳусановнинг трансферидаги муҳим шахс — мутахассис Улуғбек Асанбоев энди Беҳруз Асқаровни ҳам қарамоғига олган. Бу мутахассис футболчиларни Европага тайёрлашда муайян услуб ва тажрибага эга экани билан танилган.
Футболни ўқийдиган ярим ҳимоячи
Асқаров чап оёқли, техникаси кучли, босим остида ўзини йўқотмайдиган ва “ўйинни ўқийдиган” футболчи сифатида тавсифланади. У марказий ярим ҳимояда ҳам, ҳимоя марказида, ўнг қанотда ёки таянч зонада ҳам бирдек ўйнай олади.
Кучли мақсад — кучли натижа
Абдуқодир Ҳусановнинг йўлини илҳом деб қабул қилган Беҳруз Асқаровнинг мақсади аниқ — Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидан мустаҳкам жой эгаллаш ва 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлида термамизга ёрдам бериш.
Ёш, иқтидор ва тўғри йўналтириш — ўзбек футболининг янгича тарихини яратаётган бу авлодга ишонч юқори. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!