
U-17 Осиё Кубоги йўлланмаси учун олиб борилаётган муҳим беллашувда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси БАА устидан ишончли 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Ислом Исмоилов ўз фикрларини билдирди.
“Аввало барча ўзбекистонликларни ғалаба билан табриклайман. Аммо буни осон ўйин деб бўлмайди. БАА ҳам Осиё миқёсида кучли жамоалардан бири ҳисобланади”, — деди мураббий.
Юқори прессинг ва кучли старт – натижа ўзини кўрсатди
Ислом Исмоилов жамоанинг ўйин олдидаги режаси ҳақида шундай деди:
“БААни таҳлил қилганимизда, улар ҳужумни бошлашда қийналишини пайқаган эдик. Шу сабаб, биринчи бўлимда юқори прессинг билан майдоннинг олд чизиғида фаол ҳаракат қилдик. Асосий мақсад — илк бўлимда кўпроқ гол уриш эди ва йигитлар буни уддалади. Рақибга имконият қолдирмадик, ўзимиз эса жуда кўп голли вазиятлар яратдик.”
Иккинчи бўлимда пасайиш – ёшликка хос хатолар
Мутахассис ўйиннинг иккинчи қисми ҳақида очиқ гапирди:
“3:0 ҳисобидан кейин, эҳтимол ёшлик туфайли, шогирдларим руҳан эрта ютишгандай бўлди. Шунга кўра ўйинда маълум пасайиш кузатилди. Бу — ўз устида ишлашимиз керак бўлган жиҳатлардан бири. Шунингдек, кейинги учрашувни ҳам ҳисобга олиб, таркибда бир неча ротациялар қилдик.”
Турнир – синов, футболчилар – масъулиятда
Исмоилов турнирнинг жиддийлигига тўхталар экан, футболчиларнинг жисмоний ҳолати доимий назоратда эканини таъкидлади:
“Бу турнир осон кечмаяпти. Футболчиларни тўғри бошқариш, уларни тўғри вақтда майдонга тушириш жуда муҳим. Ҳар бир ўйинда болаларимизнинг ҳолатини синчиклаб текшириб боряпмиз.”
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси кучли бошланғич, юқори интизом ва ҳужумкор ўйин билан мухлисларни хурсанд этмоқда. Аммо мураббий таъкидлаганидек, барқарорлик — катта ютуқ калити. Навбатдаги ўйинларда ҳам футболчиларимизнинг юқори кайфиятда ҳаракат қилиши барчамизни хурсанд қилади, деган умиддамиз. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!