Шавкат Мирзиёев: автомобилсозлик соҳасида 4 та нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳалари ишга туширилади
Ўзбекистонда 2030 йилга бориб иқтисодиётни 2 баробар ошириб, 160 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Қайд этилишича, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширилади. Бунинг натижасида, Ўзбекистон “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киради.
Кейинги йилларда стратегик мега-лойиҳалар ишга туширилади. Хусусан: Олмалиқда 3 та мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводи; Оҳангарон мисни қайта ишлаш кластери; Навоий, Қўнғирот ва Қоракўлда йирик кимё-полимер кластерлари; Тошкент ва Навоий вилоятларида фосфорит хом ашёсидан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси; Тебинбулоқ ва Ғаллаоролда темир ишлаб чиқариш мажмуалари иш бошлайди.
2030 йилгача юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган мис ишлаб чиқариш 3,5 баробар (500 минг тоннага), олтин – 1,5 карра (155 тонна), кумуш – 3 марта (500 тонна), уран – 3 баробар (10 минг тонна) оширилади. Тарихда илк бор алюминий, литий, пўлат, графит ишлаб чиқариш бошланади.
4 та нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳалари ишга туширилиб, автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлади ва ишлаб чиқариш ҳажми йиллик 1 миллион донага етказилади (ҳозир 350 минг). Бунда, йилига 300 мингта электромобиль ишлаб чиқарилади.
“Ташқи бозорларга чиқиш харажатлари юқори эканини инобатга олиб, биз илмга асосланган, юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтирамиз. Тайёр маҳсулот билан ташқи бозорларга чиқиш учун Жаҳон савдо ташкилотига албатта аъзо бўламиз. Лекин, бунинг учун аввало корхоналаримиз очиқ ва кучли рақобатга тайёр бўлиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Билдирилишича, юқори қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унга 1 миллиард доллар ажратилади.
Шунингдек, келгуси йилларда: 50 та нуфузли хорижий брендлар билан махсус экспорт зоналари ташкил қилинади; тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида бино бериш мақсадида саноат ипотекаси тизими тўлиқ йўлга қўйилади; ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади; “Ай-ти” хизматлари экспорти 5 миллиард долларга олиб чиқилади.