19:39 / 10.08.2023
418

Доллар курси нега кескин ошди?

Доллар курси нега кескин ошди?

Бугун (10 август) Ўзбекистон тижорат банклари АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматини кескин оширди. Банкларда долларнинг сотув курси 12 120 — 12 135 сўмгача, яъни бирданига 400 сўмдан юқори ўсди. 9 август куни банклардан доллар сотиб олиш курси ўртача 11 720 сўм бўлганди. Хўш, бунинг сабаблари нимада?

Марказий банк мазкур ҳолат юзасидан ахборот бериб, сўм алмашув курси девалвациясининг сабабларини тушунтирди.

“Асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши ташқи савдо ва пул ўтказмалари канали орқали сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига олиб келди. Бу, ўз навбатида, экспорт ва пул ўтказмалари тушумлари каналлари орқали мамлакатимизга валюта тушумларига ва ички валюта бозоридаги таклиф ҳажмига салбий таъсир кўрсатди. Натижада, ички валюта бозорида сўм алмашув курси девалвацияси суръатининг бир оз тезлашиши – фундаментал омиллар таъсирида тўғриланиши кузатилди”, — дея маълум қилди регулятор.

Қўшимча қилинишича, Марказий банк келгусида алмашув курсининг кескин қадрсизланишини олдини олиш бўйича етарли инструментларга эга. Зарур ҳолларда қўшимча интервенсиялар амалга ошириш орқали тебранишлар юмшатиб борилади.

“Мазкур тўғриланиш реал самарали алмашув курснинг узоқ муддатли трендига қайтишига олиб келади ва мувозанатли курс валюта тушумларини ошириш орқали бозорда таклиф ўсишига хизмат қилади. Реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлади”, — дея қайд этган Марказий банк.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, курс қадрсизланишига яна бир неча омиллар таъсир кўрсатган.

Отабек Бакиров
Фото: Марказий банк

“Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сўмнинг реал самарали алмашув курси мустаҳкамланиши 8,3 фоизга, базавий давр 2019 йил сентябрига нисбатан 10,8 фоизга етганди. Июлда асосий икки савдо ҳамкорларимиз валюталари алоҳида ва корзинада қадрсизланишда давом этди ва давом этмоқда. Шу маънода, реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлиши фақат бизга боғлиқ эмас.

Ўзи курс ўзгариши билан боғлиқ жорий тенденцияларни нафақат реал самарали алмашув курси, балки икки томонлама дефицит: ташқи савдо ва бюджет дефицити ошиб бораётганига боғлаш ва шу орқали изоҳлаш янаям тушунарлироқ ва адолатлироқ бўларди”,—деб ёзган иқтисодчи.

Twitter’даги MacroBС саҳифаси муаллифи ҳам девалвация тўғрисида муносабат билдирди.

“Ички валюта бозорида сўм алмашув курси девалвацияси суръатининг бир оз тезлашиши...” — бир кунда ўтган йилги йиллик девалвация бўлаётган бўлса, бу бир оз эмас, жиддий девалвацияда энди. Марказий банк келтирган асосий сабаб реал алмашув курсининг мустаҳкамланиши. Реал алмашув курсининг мустаҳмакланиши бу оддий қилиб айтганда, ўзбек маҳсулотлари савдо ҳамкорларига нисбатан қимматлашяпти, дегани. Қанча қимматлашган? Марказий банк ярим йил якуни бўйича чиқарган ҳисоботида 10,6 фоиз ҳисоблаган. Сабаби ўтган 2 йилда сўм ўртача долларга нисбатан йилига 3,5 фоиз атрофида девалвация бўлган. Инфляция эса расмийси ҳам 2 хонадан баланд. Шукрки, доллар 10 фоизга кўтарилмади ҳам.

Девалвация нарх-навога таъсир қилмасдан қолмайди. Марказий банк девалвацияни инфляцияга таъсирини кулгили равишда баҳолаган. Бутун дунёда бу кўрсаткич ўртача 0,3–0,4 фоиз банд бўлса, бизда сал кам 2 баравар кам экан девалвацияни инфляцияга таъсири. Агар фундаментал омил ички дисбаланс оқибати бўлса – бюджет дефицити, иқтисодиётдаги самарасизлик, экспорт билан муаммолар – унда ечим девалвация эмас, структуравий ислоҳотлар қилишни талаб қилади”, — дея ёзган MacroBС.

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Twitter’даги саҳифасида курс ошишида ўсиб бораётган давлат харажатлари ва ташқи қарз асосий омил эканига урғу берган.

“Доллар курсига қараб, янги совуқ шамолларни ҳис қилдинглар-ми? Мўжиза иқтисодиётда бўлмайди. Инфляция ва алмашув курсини баробар, стабил ушлаб бўлмайди. Айниқса, ўсиб бораётган давлат харажатлари ва катта қарз шароитида. Янги супурги...”, — деб ёзган мутахассис. Твит остидаги “бу мувозанатми?” деган саволга, иқтисодчи: “Қанақа мувозанат ҳақида гапиряпсиз? Бу мувозанатсизлик” дея жавоб қайтарган.

Яқинда Марказий банк раҳбарияти томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ўзбек сўми йилига 6–7 фоизга қадрсизланаётгани айтилганди. Ўшанда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов валюта қадрсизланиши ҳақидаги қарашлар нисбий эканини таъкидлаган.

“Сўмнинг қадри нима билан ўлчанади? Буни ташқи савдо билан шуғулланаётганлар валюта курси билан, кундалик ҳаётда эса инфляция даражаси ва нарх-наво билан ўлчашади. Асосий савдо ҳамкорларимизга қарайдиган бўлсак, сўмимиз ўтган 6 ой давомида долларга нисбатан 3,2 фоизга қадрсизланди. Туркия, Россия, Хитойдаги вазиятга қарасак, ҳаммаси нисбий. Уларнинг миллий пули қадрли, бизники қадрсиз деб баҳолаш – нотўғри таққослаш бўлади”, — деган у.

Мамаризо Нурмуродов фикрини давом эттирар экан, сўм қадрининг ошиши нималарга боғлиқлигини тушунтирган.

“Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда миллий пулнинг қадрини иқтисодиёт белгилайди. Яъни иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, уни ташқи иқтисодий фаолиятда инклюзив ривожланиши бу миллий пулнинг қадрини белгилайдиган энг асосий кўрсаткичдир. Ўзбекистонда 2017 йилдан, яъни валюта бозори эркинлаштирилганидан бери бугунги кунгача бўлган валюта курсининг ўзгаришини таҳлил қилсак, кўплаб давлатлардаги валюта қадрсизланишидан биздагиси анча паст.
Шу нуқтаи назардан 4 йилдан ортиқ вақт давомида миллий валютамиз ўртача 6–7 фоизга қадрсизланяпти. Бу дегани инфляция 10 фоиздан юқори бўлаётган шароитда валюта қадрсизланиб кетяпти, дейишга ҳеч қандай асос йўқ. Иқтисодий ўсишлар ҳам шу курснинг меваси. Бир доллар 11 500 сўм бўлгани учун ўзбек сўми кучсиз валюта дейишга ҳеч қандай асос йўқ”, — деган Марказий банк раиси.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Доллар курси нега кескин ошди?