08:49 / 31.10.2024
82

Яқин йилларда Ўзбекистон иқтисодини нималар кутмоқда?

Яқин йилларда Ўзбекистон иқтисодини нималар кутмоқда?
Охирги йилларда Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги ва давлат қарзи миқдори энг юқори даражада шаклланишда давом этмоқда. Жорий йилги ва келгуси уч йиллик прогнозлар қандай бўлади?

Бюджет тақчиллиги кутилгандек бўладими?

Ўтган 2023 йилда Ўзбекистон бюджети учун оғир келган даврлардан бўлди. Мамлакатнинг консолидациялашган давлат бюджети тақчиллиги 59,2 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизини ташкил этган. Бу янги давр учун мутлақ рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Таққослаш учун, охирги 5 йилда консолидациялашган бюджет дефицити қуйидагича бўлган:

2019 йилда —13,2 триллион сўм;
2020 йилда — 26,1 триллион сўм;
2021 йилда — 40,8 триллион сўм;
2022 йилда — 35,2 триллион сўм.

Жадвал: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
2024 йил учун тасдиқланган бюджет қонунига кўра, жорий йилда мамлакатнинг консолидациялашган бюджет даромадлари 375 триллион сўмни, харажатлари 427,6 триллион сўмни ташкил этиши белгиланган. Бунда бюджет тақчиллиги 52 триллион сўмдан ортиши кутилмоқда.

Аммо жорий йил 29 октябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган янги прогнозларда бу кўрсаткичларда ўзгаришлар кўзга ташланади. Хусусан, 2024 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 377,7 триллион сўмни, харажатлари эса 434,8 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Шу билан бирга, бюджет тақчиллиги миқдори 57,2 триллион сўм бўлиши кўрсатилган. Бу ҳам ҳали якуний кўрсаткич эмас. Даромад ва харажатлар номутаносиблиги йил охиригача бундан-да катта бўлиш эҳтимоли мавжуд.

Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Вазирлик шарҳига кўра, жорий йилги давлат бюджети харажатлари қайта кўриб чиқилиб, харажатлар тасдиқланган бюджетга нисбатан 1,5 фоизга ошиши кутилмоқда. Бунда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиздан ошмаслиги таъминланиши қайд этилган.

2025 йилги консолидациялашган бюджет даромадлари 431,1 триллион сўмни, харажатлари 480,3 триллион сўм миқдорида бўлиши кутилмоқда. Ўртадаги дефицит миқдори 49,3 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинган.

Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 496,5 триллион сўм, харажатлари 551,9 триллион сўм бўлиши мумкин. Орадаги тақчиллик 55,5 триллион сўмга етиши кутилади.

2027 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари эса 565 триллион сўм, харажатлари 629,1 триллион сўм бўлиши прогноз қилинмоқда. Бунда дефицит миқдори 64,1 триллион сўмга етиши қайд этилган. Вазирлик таҳлилида консолидациялашган бюджет тақчиллигини 2025–2027 йилларда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик белгиланаётгани келтирилган.

Давлат қарзи бўйича прогнозлар қандай?

2024 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи 37 миллиард долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 33,2 фоизни ташкил қилган. Шундан давлат ташқи қарзи 30,9 миллиард доллар (ЯИМнинг 27,7 фоизига тенг), давлат ички қарзи 6,1 миллиард долларга (ЯИМга нисбатан 5,5 фоиз) етган.

Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жорий йил 1 июль ҳолатига давлат қарзи маблағлари қуйидаги тармоқларга сарфланганини маълум қилди:

- давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш дастурларига — 13 миллиард доллар;
- энергетика лойиҳаларига — 5,7 миллиард доллар;
- қишлоқ ва сув хўжалиги лойиҳаларига — 2,8 миллиард доллар;
- транспорт лойиҳаларига — 2,7 миллиард доллар;
- уй-жой коммунал хўжалиги лойиҳаларига — 2,7 миллиард доллар;
- соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот ва коммуникация технологиялари лойиҳаларига— 2,3 миллиард доллар;
- бошқа соҳаларга — 1,7 миллиард доллар.

Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Халқаро валюта жамғармаси ўз ҳисоботида Ўзбекистон давлат қарзи ва мамлакатнинг умумий ташқи қарзи билан боғлиқ хатарларни паст даражада баҳоланган.

Охирги 5 йилда республикада давлат қарзи миқдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан 30 фоиздан юқори даражада шаклланиб келмоқда. Прогнозларга қаралса, бу тенденция давомли бўлиши кутилмоқда. Жумладан, 2024 йил якунида давлат қарзи ЯИМга нисбатан 35,5 фоиз, 2025–2027 йилларда 36,7–37 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда. Бюджет қонунида давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан оширилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Аввалроқ 2023 йил ноябрда эълон қилинган бюджетномада юқоридаги прогнозлардан фарқли рақамлар кўрсатилган. Яъни 2024 йилда давлат қарзининг ЯИМга нисбати 37 фоиз бўлиши маълум қилинган. 2025 йилда эса бу кўрсаткич 37,4 фоизни, 2026 йилда 37,9 фоиз атрофида бўлиши кутилмалари мавжудлиги қайд этилган.

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2024 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон номидан давлат кафолати остида жами 2,8 миллиард долларлик ташқи қарз шартномалари имзоланганини маълум қилган. Шунингдек, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, жорий йилда сўндириладиган халқаро облигацияларни қайта молиялаштириш мақсадида жаҳон молия бозорларига 1,5 миллиард доллар миқдоридаги суверен халқаро облигациялар чиқарилган.

Вазирлик прогнозларига кўра, келгуси 2025 йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 миллиард доллар миқдорида белгиланмоқда. Шундан 3 миллиард доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, бюджет тақчиллигини молиялаштиришга, қолган қисми инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Яқин йилларда Ўзбекистон иқтисодини нималар кутмоқда?