
Ўзбекистонда 2024 йил май ойидан бошлаб амалга оширилаётган янги тариф сиёсати жамоатчиликнинг энергия манбаларига бўлган муносабатида катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан олиб борилган тадқиқот ушбу ўзгаришларнинг кўламини, уй хўжаликларининг энергия истеъмолига таъсирини ҳамда аҳолининг энергия тежашга бўлган қизиқишини аниқ кўрсатиб берди.
Тадқиқот жараёнида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 3516 мингдан зиёд уй хўжаликлари қамраб олинган бўлиб, шунингдек, мамлакат бўйлаб 3,5 миллион табиий газ ва 8 миллион электр энергияси абонентларининг маълумотлари таҳлил қилинган. Бу кенг қамровли тадқиқот энергия ресурслари истеъмоли таркибидаги ўзгаришлар ва тарифларга аҳолининг муносабатини ҳар томонлама баҳолаш имконини берди.
Натижаларга кўра, 2024 йил май ойидан декабрь ойигача бўлган даврда электр энергияси истеъмоли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,6 фоизга камайди. Бу давр ичида мамлакат бўйича 1,3 миллиард кВт/соат электр энергияси тежалганлиги қайд этилди. Энг катта ўзгариш юқори миқдорда энергия истеъмол қилувчи уй хўжаликлари орасида кузатилди. Масалан, бир ойда 10 минг кВт/соатдан ортиқ энергия сарфлайдиган оилалар сони 80 мингдан 65 минггача камайган.

Эътиборли жиҳатлардан бири шундаки, энергия истеъмолининг камайиши билан бирга уй хўжаликлари асосий эҳтиёжлари доирасида электр ва табиий газдан фойдаланишни давом эттирмоқда. 200 кВт/соатгача электр энергиясини сарфлайдиган абонентларнинг улуши 2023 йилдаги 71 фоиз кўрсаткичини 2024 йилда ҳам деярли ўзгармасдан, 72 фоизни ташкил этган.
Табиий газ истеъмолида ҳам шундай тенденция кузатилди. 500 куб метргача газ истеъмол қилувчилар улуши 2023 йилда 54 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 58 фоизга етди. Шунингдек, юқори истеъмолга эга бўлган вилоятларда, жумладан Самарқанд, Тошкент, Андижон ва Наманганда энергия тежамкорлигига ўтиш сезиларли даражада бўлди.
Энергия истеъмолининг камайиши билан бирга, таъминот сифати яхшиланиб бормоқда. Сўровнома натижаларига кўра, аҳолининг ярмидан кўпи электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ таъминотида ижобий ўзгаришларни қайд этишди. Айниқса, Сурхондарё, Сирдарё ва Наманган вилоятларида электр энергияси, Хоразм, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида табиий газ таъминоти сезиларли равишда яхшиланган.
Тадқиқот шуни ҳам кўрсатдики, уй хўжаликларининг аксарияти энергия тежаш бўйича чора-тадбирларни фаол равишда амалга оширишмоқда. Жумладан, 90 фоиздан ортиқ аҳоли энергия тежаш учун турли усулларни қўллаганликларини маълум қилишди. Энг оммалашган чора LED ёритиш воситаларига ўтиш бўлиб, бу амалиётни Қорақалпоғистон, Хоразм ва Навоий вилоятларида уй хўжаликларининг 90 фоиздан ортиғи қўллаган.
Пластик дераза ва эшикларни ўрнатиш орқали энергия тежаш ҳам анча кенг тарқалди. Бу борада энг юқори кўрсаткичлар Қашқадарё (84 фоиз), Бухоро (69 фоиз) ва Хоразм (54 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Энергия самарадорлиги юқори бўлган маиший техника воситаларини сотиб олиш ҳам аҳоли орасида оммалашиб бормоқда.
Қуёш энергияси каби муқобил манбаларга қизиқиш ортиб, республикада 64 минг хонадонга 223,4 МВт/соат қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди. Бу эса 313 миллион кВт/соат энергия ишлаб чиқариш ва 104 миллион куб метр газ тежаш имконини берди.

Таҳлил натижалари қуёш панелларини ўрнатишга бўлган талаб янада ортиб бораётганини ва 1,9 миллион уй хўжалиги қуёш панелларини ўрнатиш истагида эканлигини кўрсатади. Бу эса 2,3 миллиард долларлик ички бозор истиқболини очмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли орасида ҳали ҳам паст самарадорликка эга бўлган иситиш тизимларидан фойдаланиш ҳолатлари сақланиб қолган. Бу эса, уй-жой инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий энергия тежамкор технологияларга ўтишни тезлаштириш зарурлигини кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар