12:27 / 15.01.2020
3 485

Бизнесда шерикчилик: энг кўп кузатиладиган хатолар ва самарали ҳамкорлик сирлари

Бизнесда шерикчилик: энг кўп кузатиладиган хатолар ва самарали ҳамкорлик сирлари
«Ислом молияси» Telegram-каналида эълон қилинган мақолада ҳамкорликда бизнес бошлашдан олдин эътибор қилиниши керак бўлган жиҳатлар ҳақида сўз боради.

Баъзан мендан турли шартномаларни кўриб чиқиш, текшириб беришни сўрашади. Авваллари мен ўз кузатишларим, изоҳларим, танбеҳларим, тавсияларимни чоп этмасдим, чунки уларнинг айримлари шахсий тусда эди. Аммо бундай кузатувларни шахсларни очиқламаган ҳолда берилиши тадбиркорлар учун фойдали бўлиши мумкин, деб ўйлайман.

Яқинда мендан кичик бир меҳмонхона бизнесини ташкил этиш ва биргаликда олиб боришни режалаштираётган икки шерик (муштарак) келишувини (50/50) кўриб чиқишни сўрашди. Шериклик шартномаси биргина варақдан иборат бўлиб, унда бор-йўғи иккала шерикнинг капитал қўйиши миқдори ва усули ҳамда фойда ва зарарни тақсимлаш усули кўрсатилганлиги ҳайрон қолдирди.

Бу – барча зарур қоидалар, тафсилотлар ва юзага келиши мумкин бўлган вазиятларни келишиб олмасдан, аксарият тадбиркорлар йўл қўядиган катта хатодир.

Бундай масъулиятсизлик ёки уятчанлик ёхуд ўзаро ишонч кўпинча жуда аянчли оқибатларга олиб келади. Шу боис менга айнан шериклар ўртасидаги муносабатлар масаласида кўп савол беришади. Келинг, меҳмонхона бизнеси шерикларининг эътиборини қаратган баъзи масалаларни кўриб чиқайлик.

Қуйида ўз кузатувларимга асосан шартномада етишмаётган 14та жиҳат ва уларни битимга киритиш нима учун муҳимлигини санаб ўтаман.

1. Ҳамкорлар шартномага мушарак/шериклик тамойилларига зид бўлган (масалан, фойда улуши, ҳамкорлар масъулияти ва бошқалар) нарсалардан ташқари ҳар қандай ўзгартириш киритиши мумкинлиги.

Бу нима учун муҳим? Аксарият низо ва баҳслар ҳамкорларнинг бизнесдаги роли ва вазифалари ўзгариши, аммо улар шерикликнинг дастлабки шартлари якуний деб ўйлаб, фойдани тақсимлаш ва бошқа шартларни кирита олмасликларидан келиб чиқади.

2. Ҳамкорлар ёзишлари шарт:
– қандай ҳолларда фойдани тақсимлаш мумкин;
– дивиденд кўринишида қанча тақсимлаш мумкин;
– қандай аниқ ҳолатларда фойдани тақсимлаш мумкин эмас;
– фойдани қанчалик тез-тез тақсимлаш мумкин.

Бу нима учун муҳим? Айрим ҳамкорлар фойдани мунтазам равишда олиб туришни хоҳлашади. Айримлари уни бизнесга қайта тикишни истайди. Айримлари фойданинг бир қисми дивиденд кўринишида тақсимланишини хоҳлайди.
Баъзида молиявий ҳолат ёки молиявий мажбурият фойдани тақсимлашга имкон бермайди. Шу боис ҳамкорлар ўртасида низо келиб чиқмаслиги учун келишиб олиш муҳим.

3. Шерикликдан чиқиш шартларини келишиб олиш зарур. Масалан, неча йил давомида шерикликдан чиқмаслик керак, қачон ва қандай ҳолларда шерикликни тўхтатиш мумкинлигини (масалан, даромад қанчадир миқдорга етганида, бизнес ривожланганида ва бошқалар) келишиш мумкин.

Шерикликдан чиқаётган ҳамкорга таклиф этиладиган улуш кўринишлари, келишувдан чиқиш шартларидан келиб чиқиб бериладиган улуш миқдори, хабардор қилиш, кутиш даври кабиларни келишиб олиш шарт.

Бу нима учун муҳим? Кўп муаммолар асосий ҳамкор (бизнесни бошқараётган) бизнесдан чиққанида, мижозлар базасини олиб қўйганида, активларни сотиб юборганида, бизнес синиб, қолган шериклар катта зарар кўрганида пайдо бўлади.

Ёки ҳамкор шерикликдан чиқиб кетади ва ўз улушини шериклари бирга ишлашни истамаётган учинчи томонга сотади. Низолардан қочиш ва бизнесга зарар етмаслиги учун бизнесдан чиқиш шартлари батафсил ёзилиши лозим.

4. Агарда шериклардан бири ўз улушини сотмоқчи ёки бизнесдан чиқиб кетмоқчи бўлса, бизнесни қандай баҳолаш кераклигини келишиб олиш керак.
Бу нима учун муҳим? Кўп низолар ҳамкорлар ўз улушларини тўғри баҳолаш борасида келиша олмасликларидан келиб чиқади. Адолатли баҳони аниқлашнинг баҳсли вазиятлардан қочиш имконини берувчи кўплаб йўллари мавжуд.

5. Зарар кўрганда қандай йўл тутиш кераклигини келишиб олиш керак – зарарларни қоплашадими ёки ҳамкорларнинг маблағи камаядими?
Бу нима учун муҳим? Агарда ҳамкорлар келиша олмаса, компания зарар кўрилган пайтда маблағсиз қолиши мумкин.

6. Бизнесни ривожлантириш учун ҳамкорлар томонидан молиялаштириш шартларини келишиб олиш зарур.

Кўп учрайдиган муаммо: ҳамкорлардан бири кредит жалб этмоқчи, иккинчиси буни номақбул деб ҳисоблайди. Бири органик ўсиш, иккинчиси эса агрессив ўсиш ғоясини илгари суради. Бири янги инвесторларни жалб этишни истайди, иккинчиси улушни бўлишни истамайди. Бирида молиялаштириш учун пул бор, иккинчисида эса пул йўқ ва у бизнеснинг ўсишига қаршилик қилади.

Бундай масалалар бизнесга жиддий зарар етказиши ва ҳатто уни фалаж қилиб қўйиши ҳам мумкин. Ҳамкорлар ривожланиш ва ўсиш стратегиясини ва уни молиялаштириш усулларини олдиндан батафсил келишиб олишлари даркор.

7. Мушаракнинг шартларидан бири шуки, аввалдан келишилган маблағни тикмаган ҳамкор (маблағ киритиш жадвалига мувофиқ, агарда ана шундай жадвал бўлса) шартномани бузган ҳисобланади ва ҳамкорлар ундан шерикликни тўхтатиш ёки ҳамкорлик шартларини ўзгартиришни (бизнесдаги улуши ва бошқалар) талаб қилишлари мумкин.

Бу нима учун муҳим? Бунинг муҳимлиги шундаки, бизнесни молиялаштириш ва бизнеснинг ўзи ҳамкорларнинг ўз вақтида маблағ киритишларига боғлиқ.

8. Ўз ишига лоқайдлик/масъулиятсизлик билан ёндашган, шартнома шартларини ёки тегишли қонунларни бузган, бизнес манфаатларига зид иш қилган, ҳамкорлик маблағларини сарфлаб юборган, маълумотларни яширган, шахсий манфаатини кўзлаган ҳамкор ўз ҳаракатлари оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қоплаши шарт.

Бу нима учун муҳим? Кўпинча ҳамкор(лар) ўз вазифасини бажармаслиги ёки биринчи шахс имзо ҳуқуқидан фойдаланиб, компаниядан ўз активларини олиб чиқиб кетиши натижасида низолар келиб чиқади.

9. Ҳамкорлар ҳар бир шерикнинг бизнесга қўшаётган ҳиссасидан келиб чиқиб, улушларни тақсимлаш тартибини келишиб олишлари керак.
Бу нима учун муҳим? Кўпинча бир ҳамкор бизнесга бошқаларга нисбатан кўпроқ вақт сарфлайди ёки бизнес ривожига бошқа ҳамкорлардан кўра кўпроқ ҳисса қўшади. Аммо ҳамкорлар анъанага мувофиқ улушни тенг тақсимлашади. Баъзан эса оилавий ёки бошқа сабаблар билан ҳамкор бизнес билан умуман шуғулланмай қўйиши мумкин.

Бундай ҳолатлар ҳамкорлар ўртасида норозилик ва душманлик кайфиятини келтириб чиқаради. Буни ҳамкорларни рағбатлантиришнинг адолатли тизимини яратиш орқали ҳал қилиш мумкин.

10. Ҳар икки ҳамкор мазкур бизнесга фаол киришгани учун дивидендлардан ташқари, алоҳида шартнома орқали мунтазам ёки ойлик мукофотлар тўғрисида келишиб олиш керак.
Муқобил тарзда, ҳамкорлар ўртасида мунтазам тақсимланадиган ва йил натижаларига кўра белгиланадиган ҳамда ҳамкорлик тугаганида якуний белгиланадиган фойда фоизини қайд этиб қўйиш мумкин.

Бу нима учун муҳим? Аксарият ҳамкорлар ўзларининг мунтазам мукофотларини келишиб олмайди ва заруриятдан келиб чиқиб бизнесдаги маблағларини олишади. Бу ҳолатда шахсий маблағ ва бизнес маблағи аралашиб кетади.

Ҳамкорлар кимдир кўпроқ, кимдир озроқ пул олаётганидан норози бўлишади. Айланма маблағ ва ликвидлик билан муаммолар юзага келади.

11. Мазкур бизнес 50/50 шериклик асосида ишлайди. Ҳар қандай жиддий баҳсларни ечиш имкони йўқлиги, келишмовчиликлар, бизнесга ёндашувнинг турличалиги сабаб бундай ҳамкорлик жудаям нозик эканини аввал ҳам ёзганман.

Бу нима учун муҳим? 50/50 – ҳамкорликнинг энг муваффақиятсиз тури. У бизнес учун муҳим қарорлар қабул қилиш имкониятидан маҳрум қилиши мумкин.

Бу муаммони ечиш учун баҳсли масалалар қандай ҳал қилинишини аниқ ёзиб қўйиш керак. Шунингдек, ҳамкорларнинг улушини қайта кўриб чиқиш ва юзага келган низолардан чиқиш учун бошқа ёндашувларни қўллаш мумкин.

12. Баъзан ноҳалол ҳамкорлар рақобатчилар билан бизнес олиб боришади, мавжуд бизнесдан ўз активлари ва мижозларни олиб кетишади ёки параллел равишда ўз бизнесларини бошлашади. Ёхуд бизнеснинг молиявий ресурсларидан ўз лойиҳа ва мақсадлари учун фойдаланишади, бошқа суиистеъмолчиликларга йўл қўйишади.

Бу нима учун муҳим? Ҳамкорлик шартномасига мавжуд бизнесга зарар етказувчи ана шундай ҳаракатларга тўсиқ қўядиган тегишли шартларни киритиб қўйиш зарур.

13. Бизнесни бошқаришда ҳамкорларнинг ролини аниқ белгилаб қўйиш лозим. Агарда бири бош директор бўлса, иккинчиси молиявий директор бўлиши шарт.
Шунингдек, барча молиявий операциялар, активларни эгаллаш ва сотиш бўйича ваколатлар учун жавобгарликни аниқ белгилаш зарур.

Бу нима учун муҳим? Ҳамкорларнинг вазифалари аниқ белгиланмагани сабаб кўплаб муаммолар келиб чиқади. Иккала ҳамкор ҳам барча масалаларни биргаликда ечишга уринади, шу жумладан баъзи масалаларда малакаси камроқ бўлган томон ҳам.

Шунингдек, имзо ҳуқуқи, банкдаги ҳисобларни бошқариш, активларни сездирмасдан олиб чиқиб кетиш борасида ҳам муаммолар келиб чиқади.
Ҳамкорлик шартномасида юқоридаги ҳолатларга нисбатан аниқ моддаларнинг бўлмаслиги одатда ҳамкорларнинг муносабатлари ва уларнинг бизнесига жиддий зарар етказади.

14. Қандай қарорлар 100 фоиз овоз билан, қандайлари кўпчилик овоз билан, қандай қарорлар раҳбарият томонидан қабул қилинишини аниқ ёзиб қўйиш керак.

Бу нима учун муҳим? Турли даражаларда қабул қилинадиган қарорларни чегаралаб олмаслик ҳуқуқбузарлик, фирибгарлик, бизнесдан активларнинг олиб чиқиб кетилиши ва бошқа жиддий оқибатларга олиб келади.
***
Кўпчилигимиз ҳамкорлар билан бизнес бошлаётганимизда унинг жадал ўсиши ва ривожланиши, катта даромад, янги бозорларга чиқиш ва бошқа нарсалар ҳақида орзу қиламиз. Бироқ, кўпинча айнан шериклар ўртасидаги муаммолар, уларнинг тезда муроса қила олмасликлари ва умуман, ҳамкорлик шартномасининг йўқлиги бизнесни йўқотишгача олиб келиши мумкин бўлган жиддий муаммоларни юзага келтиради.

Энг ачинарлиси, кўплаб бизнес эгалари йўл қўйган фожиали хатоларни ҳамкорлик муносабатларини саводли тарзда расмийлаштириш орқали четлаб ўтиш мумкин эди. Энг ёқимлиси эса, мен қатор тадбиркорларга улар ўртасидаги мувозанатли одил муносабатларни расмийлаштириш ва бизнесни бошқариш тизимини яратишга ёрдам бердим.

Сиз келтирилган 14та бандга шунчаки кўз югуртирмадингиз, балки уларнинг ҳар бирини чуқур ва пухта ўқиб чиқдингиз, деб чин дилдан умид қиламан. Агарда ўзингизни ва шерикларингизни ҳамкорлик муносабатлари ҳамда бизнесни бошқарув тизимига жиддий ёндашиш кераклигига ишонтира олсангиз, бу маълумот сизнинг бизнесингизни ўзгартириши мумкинлигига ишончим комил.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Бизнесда шерикчилик: энг кўп кузатиладиган хатолар ва самарали ҳамкорлик сирлари